Линклар

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон президенти Рўза Ўтунбаевани мамлакатдаги таъқибларни тўхтатишга чақирди.

Ташкилот президент номига йўллаган мактубида Қирғизистондаги иккита оммавий ахборот воситаси эгаси — Ҳалил Худойбердиев, Жавлон Мирзахўжаев ҳамда қамоққа ташланган Азимжон Асқаровга нисбатан тазйиқларнинг давом этаётганидан чуқур хавотир билдирган.

Қўмита ижрочи директори Жоэл Саймон имзо чеккан мактубда бу ҳолат президент Ўтунбаеванинг мамлакатда “сўз эркинлиги ва қонун устиворлиги ҳақида берган баёнотларига зид” экани айтилган.

Ташкилот вакили Музаффар Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда бундай чақириқ сабабларини шундай асослади.

- Биз Қирғизистон президенти Рўза Ўтунбаевага мамлакатдаги ўзбек журналистлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан юритилаётган тергов- суриштирув ишларига эътибор қаратишини сўраб, мактуб йўлладик. Бу Ҳалил Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевларнинг суд орқали таъқиб қилиниши ва журналист ҳамда ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг панжара ортига ташланишидир. Биз президентни Адлия вазирини чақириш ва бу ҳолатларга эътибор қаратиш, шунингдек, Асқаровни озодликка чиқаришга чақирдик, дейди Музаффар Сулаймонов.
XS
SM
MD
LG