Линклар

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаевани журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.


Ташкилот президент номига йўллаган мактубида Қирғизистондаги иккита оммавий ахборот воситаси эгаси — Ҳалил Худойбердиев, Жавлон Мирзахўжаев ҳамда қамоққа ташланган Азимжон Асқаровга нисбатан тазйиқларнинг давом этаётганидан чуқур хавотир билдирган.

Қўмита ижрочи директори Жоэл Саймон имзо чеккан мактубда бу ҳолат президент Ўтунбаеванинг мамлакатда “сўз эркинлиги ва қонун устиворлиги ҳақида берган баёнотларига зид” экани таъкидланган.

Ташкилот вакили Музаффар Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда жумладан бундай деди.

- Биз Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаевага мамлакатдаги ўзбек журналистлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан юритилаётган тергов-суриштирув ишларига эътибор қаратишини сўраб, мактуб йўлладик.

Бу Ҳалил Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевларнинг суд орқали таъқиб қилиниши ҳамда журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг панжара ортига ташланишидир. Биз президентни Адлия вазирини чақириш ва бу ҳолатларга эътибор қаратиш, шунингдек, Асқаровни озодликка чиқаришга чақирдик,- дейди Музаффар Сулаймонов.

Унга кўра, Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти бунга қадар ҳам бир неча бор Роза Ўтунбаевага мурожаат қилган.

- Биз Асқаров иши бўйича Ўтунбаевга ўтган йили сентябр ойида, Жалолобод суди Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиши олдидан ҳам мурожаат қилган эдик. Қирғизистон ҳукуматига Ҳалил Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаев иши борасида ҳам мурожаат қилганмиз, дейди Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси вакили.

Қайта ва қайта Қирғизистон ҳукуматига юзланиб, мамлакатда этник ўзбекларга нисбатан ноқонуний муносабат, таъқиб ва тазйиқларнинг тўхтатилишини сўраётган қўмита бу чақириқларга қулоқ тутилишига умид қилмоқда.

- Охир-оқибатда, биз улар халқаро жамоатчилик чақириқларига қулоқ тутади, деган умиддамиз. Зеро, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳукумат эшигини қоқаётган ва мамлакат президенти, ҳукумати эътиборини Қирғизистонда содир бўлаётган инсон ҳуқуқлари ва қонунбузарлик ҳолларига қаратишга уринаётган ягона ташкилот эмас.

Ўзбек журналистлари ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан бўлаётган қонунбузарликларга чек қўйилиши, суд ишлари тўхтатилиб, панжара ортига ташлаш ҳақидаги қарор бекор қилинишига умид қилиб қоламиз, дейди Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси вакили Музаффар Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG