Линклар

Кислов Қирғиз парламентига минатдорчилик билдирди

  • Алишер Сиддиқ

Даниил Кислов "Фарғона" ахборот агентлигига 1998 йилда асос солган.

Даниил Кислов "Фарғона" ахборот агентлигига 1998 йилда асос солган.

16 июн куни Қирғизистон парламенти 2010 йилги июн воқеаларини ўрганган парламент комиссияси хулосасини кўриб чиқиб, ўз қарорини эълон қилди. Қарорнинг муҳим пунктларидан бири Фарғона.ру ахборот агентлиги сайтига блок қўйиш бўлди. Озодлик Фарғона.ру сайтининг бош муҳаррири Даниил Кисловнинг бу қарорга муносабати билан қизиқди.


Д.Кислов: Бу қарорга баҳо бериш жуда қийин. Чунки бу қарорнинг кимга кераклигини тушуниш қийин. Бу билан улар ўзларига қарши чиқмаётганмикин, деб уйлаб қоламан. Бу қарорда мантиқ жуда кам. Киноя билан муносабат билдирадиган бўлсам, қирғиз парламент аъзоларига мени жуда зўр реклама қилганликлари учун минатдорчилик билдираман, чунки ҳозир менга жуда кўп халқаро ташкилотлардан вакиллар, нуфузли шахслар телефон қилиб, мени қўллаб-қувватлашларини айтишмоқда. Қарорга жиддий баҳо берадиган бўлсам, ундан афсусланишдан ўзга чорамиз йўқ. Қирғиз халқи иккинчи марта инқилоб қилаётганида кўпроқ сўз эркинлиги ва демократияни талаб қилган бўлса, парламент қарорлари уларни Бакиев ва Ақаев даврларидан ҳам орқароққа улоқтириб ташлаяпти. БМТ Интернетдан фойдаланишни фундаментал инсон ҳуқуқлари қаторига қўшган бир пайтда қирғиз парламенти цензурани қонунийлаштиришга киришди. Бундай бедодликни Интернетга тўсиқ қўйиб келаётган аммо буни тан олмаётган Ўзбекистон ҳам ўзига эп кўрмаган.

Озодлик: Даниил, сиз бу қарорда мантиқ йўқ деяпсиз. Аммо қирғиз парламенти сайтингизни Ўш воқеаларини юмшоқ қилиб айттганда, ноҳолис ёритганликда айбламоқда. Сизнингча, Фарғона.ру ёндашуви бошқа ОАВлариникидан фарқ қилдими?

Д.Кислов: Менимча, биз берган хабарларимизда кўпроқ тафсилотни беришга алоҳида эътибор қаратдик. Россия Оммавий ахборот воситалари орасида Қирғизистондаги воқеаларини ёритган энг фаол сайт бизники бўлди. Бунинг ҳам ҳеч қандай ҳайрон қоларли жойи йўқ. Боиси Фарғона ахборот агентлиги Марказий Осиёдаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослашган. Ўш ва Жалолобод воқеаларига алоҳида эътиборимиз, аслида зўравонликни уюштириш ортида турган кучларнинг танобини тортиши керак эди. Менинг ишончим комилки, бугунги қирғиз парламенти аъзолари орасида мазкур ҳарбий ҳаракатларни уюштирганлар ва уларни бошқарганлар ҳам бор. Қирғиз парламентида ўтган йилги июн воқеалари чоғида автомат кўтариб олиб югуриб юрган одамлар бор. Ана шулар бугунги кунда жазодан қочмоқчи бўлишмоқда. Улар учун депутатлик мандати жазосиз қолишнинг воситаси бўлиб қолди. Бошқа томондан улар Қирғизистонни халқаро танқидлардан ҳақиқат изловчилардан изоляция қилмоқчи бўлишяпти. Зеро, ҳақиқат уларни йўқ қилиши мумкин.

Озодлик: Даниил, айтингчи, ўтган йилги воқеаларни ёритиш чоғида Қирғизистон расмийлари томонидан сизга расман шикоятлар бўлганми?

Д.Кислов: Биласизми, бундай ҳолат бирор марта бўлмади. Расман қирғиз прокуратураси, ҳукуматию парламентидан мактуб олмаганмиз. Лекин сайтимиз серверига бутун қирғиз халқи номидан гапираётганини даво қилиб, таҳдид мазмунидаги хатларни қолдирганлар бўлди.

Озодлик: Қирғиз парламенти Фарғона.ру сайтига тўсиқ қўйишга буйруқ бериш билан бир қаторда, бир гуруҳ одамларни суд ва терговларсиз июн зўравонликларида айбдор, деб ҳисобланишини қарор қилди. Масаланинг бундай қўйилишига сизнинг муносабатингиз қандай?

Д.Кислов: Қарорнинг бу банди жуда ажойиб ва бу банд мени кўпроқ ҳайратга солди. Менинг тушунчамдаги парламент депутати қонун қабул қилувчи шахс сифатида, юриспруденциядан хабари бўлади ва ҳар бир гапини тарозга солиб гапиради. Булар эса конституциянинг айбсизлик презумпцияси тамойилига мутлақо тупуриб қўйиб, суд қароридан олдин айбдорларни эълон қиляпти. Бу мутлақо куракда турмайдиган гаплар. Бирор бир муносабат билдиришга қийналасан, киши. Бу билан парламент ўзининг ноқобиллигини, нопрофессионал, миллатчи парламент эканлигини тан олди. Бу каби баёнотдан сўнг, қирғиз парламентига ўз фаолиятини тезроқ тўхтатишини тилашдан ўзга чорамиз йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG