Линклар

logo-print

Қримда номаълум қабрлар топилди


Евпаторияда Хабашийларга тегишли экани айтилаётган масжид.

Евпаторияда Хабашийларга тегишли экани айтилаётган масжид.

Қрим мусулмонлари Диний бошқармаси Евпатория шаҳридаги қабристонлардан бирида топилган 18 жасад кимга тегишли эканини аниқлашда ёрдам сўраб мурожаатнома эълон қилди. Диний бошқарма расмийлари топилган жасадлар марказий-осиёлик ва озарбайжонлик меҳнат муҳожирлари тегишли эканини айтишмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари майитлардан бири асли ўшлик Рустам Файзиевга тегишли эканини аниқлади.


Украина Қрим Мухтор Республикаси Евпатория шаҳридаги Исмаил-бей микрорайонидаги қабристонда 18 нафар номаълум шахс кўмилган қабрларда уларнинг исм-фамилиялари ўрнига рақамлар қўйилган. Диний бошқарма тахминларига кўра, бу қабрларда 2006 йилдан 2011 йилга қадар Хабашийлар диний оқими вакиллари Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган меҳнат муҳожирларини кўмган.

Бу маълумотни тасдиқлаган Қрим мусулмонлари Диний бошқармаси юристи Ибраим Каймакан Озодлик билан суҳбатда Қримда ўз яқинларини йўқотган марказий-осиёликларларни бевосита диний бошқармага мурожаат қилишларини сўради.

- Исмаил-бей посёлкасида мусулмонлар қабристони ва масжид бор. Бу масжид Хабашийлар диний сектаси томонидан бир неча йил олдин эгаллаб олинганидан кейин бу ерга номаълум кимсалар ўликлари олиб келиниб кўмилган. Мен у ерга ўзим беш маротаба бордим ва текширувлар натижасида, ҳозирча 18та номаълум кишиларнинг қабрлари аниқланди. Яхшилаб текширилса, улар бундан ҳам кўп бўлиши аниқ. Бу шахслар ҳеч қандай тарзда хужжатлаштирилмасдан кўмилаверган,- дейди Қрим Диний бошқармаси расмийси.

Ибраим Каймакан 551 рақам остидаги қабрда топилган жасад қирғизистонлик этник ўзбек Рустам Файзиевга тегишли экани аниқланди, дея қўшимча қилди.

Унинг айтишича, Файзиевнинг шахсини аниқлашда милиция ходимлари кўмаклашган.

- 2009 йилда Евпатория яқинида жойлашган Саки шаҳарчасидан келган милиция ходимлари бу қабристонда Рустам Файзиев исмли шахс кўмилганини аниқлаштириш учун келган. Бу ҳақда уларга марҳумнинг яқинлари хабар берган. Қайд дафтарида унинг исми-шарифи ёзилмаган. Ёши 35 да. Шу тариқа яна 17 киши қайдга олинмасдан кўмилгани маълум бўлди. Биз секта аъзоларидан мурдалар моргдан олиб келингани ҳақидаги хужжатларни сўраганимизда, мутлақо хужжатларсиз дуо қилиб, кўмиб юбораверишганини аниқладик,- дейди Ибраим-бей.

Қрим мусулмонлари Диний бошқармаси майитларнинг ҳаммаси ўзбек, тожик, қирғиз ёки озарий меҳнат муҳожирлари эканлигини тахмин қилмоқда ва Қрим ҳудудида, умуман Украинада, ўз яқинларини йўқотганлар қўйидаги манзил бўйича мурожаат қилишлари мумкинлигини айтмоқда:

Украина, Қрим Мухтор Республикаси, Симферополь шаҳри, Курчатов кўчаси, 4 уй. Телефон: +38 (0652) 274353, e-mail: muftiyat@qirimmuftiyat.org.ua

Қрим Диний бошқармаси номаълум қабрларнинг пайдо бўлишида Қримда бир неча йил олдин пайдо бўлган Қрим мусулмонлари диний маркази – Қрим муфтиятини айблади.

Маълум бўлишича, 2010 йилнинг декабрида Украинанинг Миллий масалалари бўйича қўмитаси Ридван Велиев бошчилигида иккинчи муфтиятни ташкил этишга руҳсатнома берган. Шу даврдан бошлаб Қрим мусулмонлари Диний бошқармаси ва Қрим мусулмонлари диний маркази ўртасида рақобат бошланган.

Хабашийлар оқимига мансуб эканлиги айтилаётган Қрим муфтийси Ридван Велиевнинг ўзини Зарема деб таништирган ёрдамчиларидан бири Озодликка мазкур вазият юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаслигини айтди.

Евпатория расмийлари топилган қабрлардаги шахслар қай тарзда ўлгани юзасидан тафтиш бошланганини тасдиқлашди. Қрим Бош прокуратураси расмийси Наталья Бояркина Озодликка буларни маълум қилди:

- Мен Евпатория шаҳар прокурори билан суҳбатлашдим. У мазкур иш юзасидан ички ишлар органлари тафтиш олиб бораётганини маълум қилди. Текширув тугаганидан кейингина қўшимча маълумотлар эълон қилинади,- деди Қрим Бош прокуратураси вакили Наталья Бояркина.

Прокуратурадан олинган маълумотларга кўра, Евпатория яқинидаги Исмаил-бей мусулмонлар қабристонида кўмилган 17 нафар номаълум шахсларнинг ҳозирча фақат кўмилган саналари аниқланган, холос.
XS
SM
MD
LG