Линклар

logo-print

Ҳақиқат қаерда?

  • Ҳурмат Бобожон

Озодликка телефон қилган ўшликлар милициянинг бебошлигидан шикоят қиладилар.

Озодликка телефон қилган ўшликлар милициянинг бебошлигидан шикоят қиладилар.

Озодлик тингловчилари Ўзбекистонда ҲРУнинг ёпилиши, нарх кўтарилгани ва Ўшда милициянинг бебошлигидан арз қилишди.

ҲРУнинг ёпилиши нотўғри бўлди

Ўзини Холисбек деб танитган 40 яшар самарқандлик тингловчимиз Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилиши ҳусусида ўз муносабтини билдиради.

- Самарқанддан Холисбекман. Яқинда Ўзбекистон Олий суди Ҳюман Райтс Уотч ваколатхонасини ëпиш ҳақида қарор қабул қилди-ку. Шу ҳақда гапирмоқчиман. Мен нимагадир нафратланиб кетдим. Ҳюман Райтс Уотчнинг ҳақиқатан ҳам бутун дунëда ваколатхоналари бор. Нима учун Ўзбекистонда ëпилди? Қандайдир одамнинг жиғига тегадиган, жаҳлини чиқарадиган нарсада. Ҳеч ким эътибор бермаган бир жиҳат ҳақида гапирмоқчиман. ҲРУнинг вакили бор-ку, Воронцов, рус бўлгани учун аккредитациядан ўта олмади. Ўшанда Россия ҳукумати бу тўғрида ўзининг позициясини билдирмади-да. Мен шунга ҳайрон қолаяпман.

Озодлик: Нима деб ўйлайсиз нима учун бу ташкилотга Ўзбекистонда фаолият юритишга рухсат берилмади?

- Ҳеч ким ўзининг устидан назорат қилинишини, танқид қилинишини, масалан, ҳукумат хоҳламаса керак. Масалан, ўзига ëқмаган фикрларга тоқатсизлик, деб биламан-да шу нарсани. Фуқаролик жамиятининг назоратини, масалан, инсон ҳуқуқларининг ашаддий бузилиши деб биламан-да. Масалан, Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг бузилиши деб биламан.

Озодлик: Бу ташкилотнинг Ўзбекистондан аккредитация ололмагани сизни нимага бефарқ қолдирмади?

- Инсон ҳуқуқлари масаласида ҳукумат ўзининг манфаатини кўзлаши мумкин. Прокуратура қандайдир норасмий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилотларига таянч ролини ўйнаши мумкин эди-да. Масалан, ҲРУ ташкилоти таянч ролини ўйнаши мумкин эди. Европа Иттифоқи ëки АҚШ кескин позициясини билдирмаëтир-да. Тожикистон, Қозоғистонда ўша нарсалар бўлса, масалан.

Озодлик: Сиз нима иш билан шуғулланасиз?

- Бухгалтерман. Оддий бир тингловчиман, - дейди самарқандлик Холисбек.


Нарҳлар кўтарилаяпти

Қашқадарёдан телефон қилган ва ўзини Соҳиб деб танитган тингловчимиз нархлар ошаётганидан нолийди.

- Ўзбекистондаги иқтисодий ҳаëтни айтмоқчи эдим-да. Тоза расво бўлаяпти-да. Мисол учун президентимиз ойликларни кўпайтираяптию кўпаймаяпти-да. Ойлигим, мисол учун, 10 минг кўпайган бўлса, нарх-наво 40-50 минггача кўтарилиб кетаяпти, бир ойнинг ўзида. Мана Шаҳрисабз уни бултур шу пайтда 25 минг эди. Ҳозир 65-40 минг. Ўзим 14 ëшимдан бери оддий ишчиман. Оддий шакар 5000 гача чиқиб кетган.

Озодлик: Тирикчилик қанақа бўлаяпти?

- Энди мол боқайлик десак пичан силоси дейдику, 300 мингга кўтарилиб кетган. Кепак 700 сўм бўлиб кетган. Умуман яшашга қийин бўлаяпти-да. Нолияпти деб ўйламангу, тўғри гапни гапирмоқчиман-да. Ўзим Бирлик аъзосиман. Муҳаммад Солиҳ, нималарни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Авлиëдай кўраман-да буларни. Абдуманноб Пўлатов бу кишиларни. Ўзбекистонда тўғри кишига кун йўқ экан-да. Лаганбардор, иккиюзламачи бўлса, кун бор экан демоқчиман-да. Тўғри меҳнат қилган инсонга фермер бўладими, бошқа бўладими ҳақиқат йўқ экан демоқчиман-да,- дейди қашқадарëлик Соҳибжон.


Ўшда ноҳақ қамалганлар кўп

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан телефон қилган ва ўзини Ҳасанбой деб танитган тингловчимиз иниси ўтган йил июн воқеаларида айбланиб бир умрлик қамоққа ноҳақ ташланганини айтади.

- Мен Абдуллажонов Ҳасанбой. Амакимнинг ўғли июнда қамалиб қолган эди. 19 июнда маҳаллага борган эдик икковимиз. Урушдан кейин ўзимизнинг маҳаллага борсак, милициялар, солдат болалар ГОВДга олиб кетишди. Сутонов деган ГАИшник ўлибди Наримонда. Шуни кўрган эдик. Солдатлар “Қандай бўлганини айтиб берасанми? Ҳеч ким билмаяпти “деган эди, биз “айтиб берамиз” деб борган эдик-да. Бориб ГОВДнинг началниги Малик акага ҳамма кўрганимизни айтиб бердик. Кейин “мана шуларнинг айтганини ëзиб қўшиб юбор” деди. Кейин нариги хонага олиб чиқиб кетишди. Кейин кечгача уришди бошқа нарсаларни ҳам айтасан деб. “Тош билан ўлдирганман. Урганман деб бўйнингга оласан” деб амакимнинг ўғлини урди-да.

Озодлик: Қачон бўлди бу?

- Ўтган йил 20 июнда. Ҳозир Верховний суд амакимнинг ўғлига пожизненний срок бериб қўйибди. Шунга “сизларга ҳам айтайчи, эл эшитармикан” деб нима қилганим.

Озодлик: Нимага ҳозир гапираяпсиз бу ҳақда?

- Эл эшитсин деяпманда. Озодликда чиқар эканку ëзувлар. Бегуноҳ ўтирибдида.

Озодлик: Нимага қамашди?

- “Тош отди, тегмай қолди” деган сўзига қамаб қўйишдида. Бир умр қамоқ жазоси бериб юборишди.

Озодлик: Суд қарор чиқарди.

- Ҳа. Верховний суд ҳам ҳозир шунақа қарор чиқарибди. Ҳақиқатни кутаëтган эдик. Ҳақиқат ҳам чиқмай қолди. Кеча телефон қилиб йиғлаб шунақа дейди. Укам Абдуллажонов Абдушаҳбоз. 1990 йил. “Тош отдим, тегмай қолди” деган сўзига қамаб қўйишди. Икковимизни битта хонада қамаб қўйиб роса уришган. Ойбек Турсунбеков деган терговчи бор экан. “Машинангни берсанг, қўйиб юбораман” деганда, укам бермай қўйган эди. Уриб-уриб, “тош отдим, тегмай қолди” деб ëздириб қўл қўйдириб олишган.

Озодлик: Нимага бу ҳақида ўша пайтда гапирмадингиз?

- Озодликни энди билаяпманда. Бир ҳафтамикан бўлди. Верховний суддан ҳақиқатни кутаëтган эдик. Верховний суд ҳам шундай қолдириб қўйди.

Озодлик: Ўша пайтда бу борада судга айтган эдингизми?

- Судга ҳеч ким бормаган. Ҳатто уйдагилар ҳам бормаган. Борса ҳаммани уриб, адвокатларимизни ҳам уриб, ҳеч ким кира олмаган судларга.

Озодлик: Суд қаерда ва қачон бўлган?

- Суд военний частда бўлган 29 октябр кунлари. Наримон қишлоғидан бўлган иш бўйича ўтирибдида ҳозир укам. Просто ўтиб кетаëтиб кўриб қолган эдик. Кўрган ишимизни айтиб берганимизга терговчи “машинангни бермасанг, шунақа қиламан” деб, “тош отдим, тегмай қолди” деб ëздириб қўл қўйдириб олганда укамга, -дейди ўшлик Ҳасанбой.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG