Линклар

logo-print

Тошкентда диний китоблар сотиладиган ягона дўкон қайта очилди

  • Барно Анвар

"Китоблар дунёси" савдо мажмуаси Тошкентда диний адабиётлар сотиладиган ягона дўкон ҳисобланади.

"Китоблар дунёси" савдо мажмуаси Тошкентда диний адабиётлар сотиладиган ягона дўкон ҳисобланади.

20га яқин дўконни жам қилган “Китоблар дунёси” савдо мажмуаси бир неча кун муқаддам иш бошлади.

"Китоблар дунёси" савдо мажмуаси фаолиятини юргизган Тошкентдаги собиқ “Flinta books” компанияси ходимидан олинган маълумотга кўра, мажмуа бир неча кун муқаддам ишга тушган.

- Бир ҳафтача бўлиб қолди, ҳамма китоб дўконлари ишлаяпти. Диний қўмита берган рўйхат асосида диний китоблар ҳам сотиляпти. Бориб бемалол кўришингиз мумкин, деди компания ходими.

Ушбу мажмуа шу йил 23 мартда ёпилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Ўшанда савдо мажмуасида жойлашган 20га яқин дўконга рейд уюштирилган ва текширувдан сўнг мажмуа ёпиб қўйилган эди.

Воқеа гувоҳлари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Дин ишлари бўйича қўмита расмийларидан иборат гуруҳ бу ерда Ўзбекистонда нашри тўхтатилган, аммо мустақил равишда яширинча чоп этилган бир неча диний адабиёт қидирилганини айтган эди.

Ҳозирга келиб номи ўзгарган, собиқ “Flinta books” компанияси ходими буни тасдиқлади ва ўша рейд чоғида топилган контрафакт маҳсулотлар тўлиқ мусодара қилинганини айтди.

- Улар контрафакт китоблар эдида. Ксерокопия, бало-бадтарларини олиб келиб сотишганда. Бунақа китоблар мусодара қилинди, уни ўзича олиб келиб сотганларга жарима солинди. Ишдан бўшатилди. Кейин дўконлар очилди, шу, - дейди собиқ “Flinta books” компаниясининг ўзини таништирмаган ходими.

Ходимларининг сўзларига кўра, ўша рейддан кейин компания “Flinta books” дейилган номни ўзгартириб, янгидан иш бошлаган. Аммо, ходим бу борадаги тафсилотларга тўхталишдан бош тортди.

Шундан сўнг ушбу мажмуада яқинларидан бири китоб сотувчиси бўлиб ишлайдиган, аммо шахсига оид маълумотларни ошкор қилмаслигимизни сўраган Тошкентдаги яна бир манбага боғландик.

- Дўконлар очилгани бор гап. Шу бир ойдан ортиқроқ дўконлар ёпиқ турди. Кейин, налоговийлар шекилли, дўкончилардан қанчадир суммада пул талаб қилибди ва берсанглар, дўконни очамиз, дейишибди. Улар рози бўлибди ва шу билан дўконни очишибди. Лекин, ҳали кўпчилик дўкондорлар пулни йиғиб беришолмаган, менимча. Аммо ишлаб туришибди, дейди Тошкентдаги манбалардан бири.

Шунингдек, рухсат этилган диний адабиётлар рўйхати билан қизиққанимизда собиқ “Flinta books” компаниясининг ўзини таништирмаган ходими бу рўйхатни бизга бера олмаслигини айтди.

- Биз идорага мурожаат қилганмиз ва улар бизга номерлаб, ўз номимизга бу рўйхатни берган. Агар сизга керак бўлса, ўзингиз бориб олишингиз керак идорадан.

Озодлик: Сиз ўзингизда бор рўйхатдан бир нусха бера оламайсизми бизга?

- Йўқ, бера олмайман. Бу бизнинг номимизга номерлаб берилган. Сизга бера олмайман, дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, бу расман тақиқланмаган, аммо шунда ҳам суҳбатдош уни ошкор қилишга журъат қилмади.

Тошкентда диний адабиётларга харидор бўлган диндорлар эса бу рўйхатдан хабардор бўлишни истайди. Бироқ, шу кунларда республика ҳудудида қайси диний адабиётлар ва қанча адабиёт тақиқлангани ҳақидаги маълумот кенг жамоатчиликка қоронғулигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG