Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Би-би-си мухбирининг айбдорлиги иддао қилинди


Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўринбой Усмонов асосли ва ишончли далиллар билан ҳибсга олинганини билдирмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 18 июн куни Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот тарқатди.

- Шу йилнинг 13 июн куни Тожикистон ҳуқуқ идоралари ўтказган тезкор қидирув тадбири натижасида Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманига қарашли Исписор қишлоғида яшовчи Би-би-си радиосининг маҳаллий мухбири Ўринбой Усмонов диний экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Унга нисбатан экстремистик гуруҳларга аъзолик айби билан жиноят иши очилди. Дастлабки тергов натижаларида гувоҳларнинг асосли далиллари асосида Ўринбой Усмонов Тожикистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган экстримистик гуруҳга аъзолиги тасдиқланди.

Ўринбой Усмонов узоқ вақт ичида номи тилга олинган ташкилот аъзолари билан Тожикистон ҳудуди ва ундан ташқарида алоқада бўлиб турган. Бу гуруҳ Тожикистонда зўрлик йўли билан давлат тўнтаришни тарғиб қилиш мақсади бўлган ташкилотнинг варақаларини чоп этиш ва тарқатишда фаол қатнашгани аниқланди, - дея билдирди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг 18 июн куни тарқатган баёнотини ўқиб берган хавфсизлик расмийси Нозиржон Бўриев.

Аснода Би-би-си радиоси масъуллари ва журналистнинг яқинлари Ўринбой Усмоновга қўйилаётган айбларда ҳеч бир асос йўқлигини таъкидлайди.

Жумладан Би-би-си радиосининг 15 июн куниги баёнотида, “Ўринбой Усмонов касбий фаолияти давомида Би-би-си учун мамлакатдаги суд жараёнлари ва “Ҳизбут-таҳрир”нинг фаолиятига доир хабарлар тайёрлаб келган. Би-би-сида Ўринбой Усмоновнинг “Ҳизбут- таҳрир”га алоқадор деган даъволарга ишониш учун ҳеч бир асос йўқ” лиги айтилганди.

Аснода Ўринбой Усмоновнинг рафиқаси Малоҳат Усмонова ҳам эрининг “Ҳизбут-таҳрир” га алоқадорлигига оид айблар тухмат эканини айтади:

- Бу тухмат. Энди кимдир қилаяпти-да, керак экан унга қилаяпти. Барибир бир кун чиқади ҳали, - дейди қатъий ишонч билан маҳбус журналистнинг рафиқаси Малоҳат Усмонова.

Малоҳат Усмонова, шунингдек, ўз оиласи Тожикистон президенти Имомали Раҳмон номига очиқ хат ёзиб, эрининг тез кунларда озодликка чиқиши учун амалий ёрдам кўрсатишини сўраганини айтди:

-Ҳурматли жаноб президентимиздан фарзандларим отаси Ўринбой Усмоновни оиламиз бағримизга тезроқ қайтаришига умид қиламиз. Ўринбой Усмонов ёзувчи, журналист, меҳрибон ота, меҳрибон бобо. Ўз ватанини севувчи тожикистонлик. Асло миллатчи ва ақидапараст эмас. Жаноб президентга умид ва қаттиқ ишонч билан мурожат қиламиз,- дейди президентга хатидан парча ўқиб берар экан Малоҳат Усмонова.

Би-би-си Жаҳон хизматининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмоновнинг тақдири бир қатор давлатлар ва халқаро нуфузли ташкилотларини хавотирга солмоқда.

Жумладан, 17 июн куни Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Би-би- си мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинганидан қаттиқ хавотирда эканини билдирганди.

“Биз Тожикистон полицияси ва ҳуқуқ-тартибот органларидан Усмоновнинг қўлга олиниш сабаблари ва унга қарши гумонларга асослар очиқлашини сўраймиз. Ҳозирга қадар ноқонуний ҳаракатларни фақат полиция содир этган”, дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баёнотида.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Ўринбой Усмонов ўзининг касбий фаолияти учун ҳибсга олинган.

Мазкур ташкилот айрим манбаларга таянган ҳолда: "Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши Тожикистондаги ўзбек жамоасини қўрқитиб қўйиш ҳаракати билан ҳам изоҳланиши мумкин. Ўзбеклар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги дипломатик зиддиятлар учун “товон” тўламоқда.”, деб ёзади ўз баёнотида.
XS
SM
MD
LG