Линклар

Фарҳоджон жаҳон чемпиони бўлмоқчи


Фарҳоджон Шариповни АҚШда Френк Шарипов деб аташади.

Фарҳоджон Шариповни АҚШда Френк Шарипов деб аташади.

“Қоидасиз кураш” йўналишида 3 карра Флорида чемпиони бўлган ўшлик 27 ёшли Фарҳоджон Шарипов жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

Фарҳоджон Ўшнинг Турон шаҳарчасида туғилиб ўсган. Тўрт фарзандли оилада катта бўлган суҳбатдошимиз ёшлигидан спортнинг бир неча тури бўйича шуғулланган.


- Дадамиз ёшликдан спортга берган эди. Дадам ўзи спортсмен. Қозоғистонда Милиция олий мактабини битириб, доимо бизни спорт билан шуғуллантирган. Ёшликдан югуртирар эди, спортга олиб борар эди. Бошида каратэ додан бошлаганман. У пайтлар Брюс Ли афсона эди. Шу учун шу спорт турига қатнашар эдим, - дея эслайди Фарҳоджон.

Ўшлик 27 ёшли Фарҳоджон каратэдан сўнг дзюдога, кейин таэквондо, футбол, бокс каби спорт турларига қизиқиб қатнашган.

Шу пайтнинг ўзида Ўшдаги собиқ Ўзбек-қирғиз университетини иқтисод йўналишида ҳам тамомлашга улгурган.

Сўнгги уч йилдан буён ўшлик Фарҳоджон АҚШнинг Флорида штатида чемпион унвонини кетма-кет қўлга киритиб келмоқда. Уни америкаликлар “Френк Шарипов” номи билан танишади.


- Ҳар-хил спорт турлари бўйича қатнашаман. “Бой без правил “ дейишади, ёки "восмиуголник”. Унда қоидалар деярли йўқ. Кўзга қўл тиқилмайди. Яна бир икки қоидаси бор. Энди бизда “бой без правил” деб қўйиб олишган. Ўзи Америкада “микс маршал арт” , яъни “MMA” дейишади,- дейди спортсмен Фарҳоджон.

Фарҳоджон уч йил ичида 16та ўйинда қатнашган. Шундан 14тасида ғалаба қозонган. Унинг айтишича, мусобақаларда қатнашаётганида жароҳат олишини билса-да, қўрқмасдан рингга тушади.

- Октябрда Худо хохласа жаҳон чемпиони унвони учун курашаман. Ундан ташқари Канадага бориб, белбоғ учун курашишим керак. Ҳозир менежерим шу бўйича музокаралар олиб бораяпти,- дея ўзининг келгуси режалари ҳақида гапиради ўшлик спортчи.


Ўшлик ўзбек йигитининг АҚШда шу пайтга қадар эришган ютуқлари ҳам анча экан.

- Натижалар катта. Бундай қарасангиз, самбо бўйича Америка чемпионатида учинчи ўринни олганман,- деди Фарҳоджон.

Фарҳоджон Флоридадаги барлардан бирида бармен бўлиб ишлайди. Ундан ташқари, спорт турлари бўйича ёшларга сабоқ ҳам бериб туради.

27 ёшли ўшлик Фарҳоджонга кўра, унинг туғилиб ўсган шаҳрида иқтидорли спортчи йигитлар кўп.

- Менинг билишимча, боксда, курашда ўзбеклар Ўшда яхши натижалар кўрсатган. Бекзод, Шерзод деганлар бор эди. Кикбоксингдан Мансур деган бола Осиё чемпионатида жуда яхши натижа кўрсатган эди. Унинг жаҳон чемпионатида учинчи ўрин олган укаси ҳам бор эди. Бизда барибир шароит қийин. Иқтидорлиларни қўллаб-қувватлашмайди. Қарасангиз истаган спорт турида ўзбеклардан жуда ҳам талантли болалар бор, - деди Фарҳоджон.

Бугун АҚШда спорт тури бўйича “қирғизистонлик ўзбек” дея эълон қилиниб, мусобақага чорланаётган Фарҳоджон ўз ёнига Ўш қирғинидан сўнг ота-онасини олиб кетган. Ягона орзуси Ўшда қолган фарзанди ва оға-иниси билан тезроқ кўришиб, тинчликда яшаш.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG