Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:43

Ғарб Усмонов тақдиридан хавотирда


Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмонов ҳамон ҳибсда қолаётгани халқаро ташкилотлар хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори ўринбосари Роберт Махони Би-би-си мухбирига қўйилаётган айбловлар «сиёсий ва диний мавзуларни цензура қилишга уриниш» дея баҳолаган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийси Дуня Миятович ҳам Ўринбой Усмонов тақдиридан хавотир билдириб, Тожикистон томонга расмий мурожаат билан чиқди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга йўллаган мактубида Миятович хоним “Тожикистон ҳукуматининг терроризмга қарши кураш ҳуқуқини ҳурмат қилиши”ни, аммо Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг қўлга олиниши, хавфсизлик ходимларининг маҳбусга нисбатан номақбул муносабати ҳамда қонунан Ўринбой Усмоновга ҳимоячи ёллаш ҳуқуқи рад этилаётгани сўз эркинлигини чеклаш борасидаги хавотирларга сабаб бўлаётгани билан изоҳлаган.

ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакиласи Дуня Миятович, шунингдек, “мен айни воқеа Тожикистонда нозик масалаларда қалам тебратадиган журналистларнинг овозини бўғиш учун яна бир ҳаракат бўлиши мумкин, деган хавотирдаман” дея таъкидлаган.

ЕХҲТ расмийси Дуня Мятович тожик мулозими Зарифийга мактубида исломий партия рўзномаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозоданинг калтакланиши ва журналист Маҳмадюсуф Исмоиловнинг ҳибсга олингани атрофида ҳам тўхталган.

Бундан аввалроқ Буюк Британиянинг Душанбедаги элчиси Трейвер Мур, кейинроқ эса АҚШнинг Душанбедаги элчиси Кен Гросс жаноблари ҳам ўз баёнотларида Сўғд вилоятида Би-би-си журналистининг ҳибсга олинишини қоралаган эди.

АҚШнинг юқори мартабали дипломати Гросс жаноблари Youtube саҳифасида эълон қилинган видео мурожаатида Тожикистон ҳукумат расмийларидан мамлакат шимолидаги ҳибсхонада сақланаётган Би-би- си мухбири Ўринбой Усмоновни имкон қадар тезроқ озод этишга даъват қилганди.

Элчи Кен Гросс жаноблари ўз видео мурожатида хавфсизлик ходимлари журналистга номақбул муносабат қилгани ҳақидаги хабарлар атрофида фаол текширув ўтказилиши лозимлигини ҳам таъкидлаганди.

АҚШ ва Ғарбнинг обрўли шахслари Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири озод этилишини сўраб қатор баёнотлар билан чиқаётган эса-да, Тожикистон ҳукумат расмийлари бунга пинак бузмаётганлари кузатилади.

Би-би-си радиоси мухбири Ўринбой Усмонов ҳамон ҳибсда

Ўринбой Усмонов беш кундан буён Хўжанддаги қаттиқ тартибли ҳибсхонада қолмоқда. Шу кунгача маҳбус журналист ўз яқинлари билан учраштирилмаган.

Айни пайтда журналистнинг саломатлиги ва унга нисбатан қийноқлар хавотирлари кучаймоқда.

14 июн куни хавфсизлик ходимлари қуршовида Бобожон Ғафуров туманининг Исписор қишлоғидаги уйига борган Ўринбой Усмонов “қийноқларга чидай олмаслигини ва ўзига муносабат шундай давом этса, тирик қолмаслигини” айтган.

Журналистнинг ўғли Ойбек Усмоновнинг Озодликка айтишича, отасининг ҳибсга олинишига санкция берган Хўжанд шаҳар маҳкамаси “Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячидан воз кечгани” ҳақида қарор чиқарган.

Шу кунгача ҳибсхона нозирларининг турли важлари сабаб Ўринбой Усмонов билан учраштирилмаган ҳимоячи Файзинисо Воҳидова айни қарор ортидан қонунбузарликка йўл қўйилганини айтди.

Эслатсак, сўнгги ўн йил давомида Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаб келган Ўринбой Усмонов 13 июн куни вилоят хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев “Би-би-си журналисти “Ҳизбут-таҳрир”га аъзолик ва журналистлик фаолиятида бу экстремистик ташкилот ғояларини тарғиб қилганликда айбланаётгани”ни маълум қилганди.

Тожикистонда илк бор хорижий радио журналистининг ноқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик айби билан қўлга олиниши жамиятдаги турли қатлам вакиллари орасида кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Айрим сиёсий доиралар ва мустақил кузатувчилар Рашт воқеаларидан сўнг ҳукуматнинг диндорлар ва диний ташкилотларга босими янада кучайганини урғулайди.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, эндиликда диний ва сиёсий мавзуларни ёритаётган журналистлар нишонга олинган. Тожикистон ҳукумати, таҳлилчилар мулоҳазасича, бу билан жамиятда диний ва сиёсий мавзуларни ёпиқ мавзуга айлантиришга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG