Линклар

Турсунзода туманида яшовчи Заррагул Шарипова балоғат ёшига етмаган тўрт фарзандини бўғиб ўлдирди.


Ҳозирда Турсунзода туман ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган 32 ёшли аёлга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг ”қотиллик” моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Работ қишлоғида яшаган Заррагул ўз жигарбандларини бирма-бир қатл қилар экан, унинг бу жиноятидан дастлаб энг яқин кишиси - турмуш ўртоғи ҳам, маҳалла-кўй ҳам хабар топмаган.

Шу йилнинг апрел ва май ойлари давомида етти, олти ва икки ёшли ҳамда ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган фарзандларини кетма-кет бўғган Заррагул Шарипованинг жинояти тўртинчи боласини туман касалхонасига олиб борган куни фош этилган.

Турсунзода туман Ички ишлар бошқармаси расмийси Руслан Шоев бу ҳақда мана шуларни маълум қилди.

- Заррагул Шарипова жиноят изларини яшириш мақсадида жон талвасасида бўлган боласини туман касалхонасига олиб борган. Шифокорлардан тўсатдан бетоб бўлиб қолган боласини қутқаришни илтимос қилган. Бироқ, афсуски, бола ўша касалхонада шифокорлар қўлида жон таслим қилган. Болани кўздан кечирган шифокорлар унинг баданида зўравонлик излари бор, деган хулоса чиқарган, - дейди Руслан Шоев.

Турсунзода туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари Заррагулнинг уч фарзанди ҳам онаси томондан ўлдирилган бўлиши мумкин, деган тахминд билан марҳум болалар гўрини очишган.

- Тиббий ташхис натижалари бу тахминимизни тўғрилигини исботлади, - дея билдирди Ички ишлар бошқармаси расмийси Шоев жаноблари.

Айни пайтда Заррагул Шарипова Тожикистон Жиноят кодексининг “қотиллик” моддаси бўйича айбланмоқда.

- Заррагулни ўзим шахсан сўроқ қилдим ва нега бундай қилганини сўрадим. У баъзан ўзида қандайдир тушунтириб бўлмас ҳолат бўлиб, фарзандлари кўзига ёмон кўриниши ва натижада болани ўлдирмагунча уни қўйиб юбормаслигини айтди. Заррагул Шарипова нинг руҳан носоғломлиги республика руҳий касаллар шифохонасида қайдга олинмаган, - дер экан Руслан Шоев, шунга қарамай, кейинги ҳафтада Заррагул Шоеванинг руҳий ҳолати ташхис қилинишини маълум қилди.

Гарчи турсунзодалик милиционерлар Заррагул билан боғлиқ воқеани истисноли ҳолат дея баҳолашса-да, руҳшунослар ўтган йигирма давомида Тожикистондаги иқтисодий аҳвол хусусан кам таъминланган оилалар аъзолари руҳий ҳолатига таъсир қилганидан баҳс этмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига туташ Турсунзода туманининг Работ қишлоғида яшаган Заррагул Шарипованинг тўрт нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи жуда ночор яшаган. Маълум бўлишича, улар оила бошлиғининг арава тортиб топган даромади эвазига кун кечиришган.

Заррагул болаларининг отасини ҳафтада бир марта кўрган. Чунки эри туман марказидаги бозорларида арава судраб, ўша ердаги дўконларда тунаб қолган. Уйга қатнаш учун эса унинг шароити бўлмаган.

Руҳшунос Бобожон Қаюмзод мулоҳазасича, бу ночорлик табиий равишда бора-бора одам руҳий ҳолатига салбий таъсир этади.

- Шу руҳий хасталик асоратлари аёлда аввалроқ бўлган. Масалан, оиладаги зўровонлик, ижтимоий тенгсизлик ва ҳаказолар туфайли. Бугун эса оиладаги ночорликнинг охирги нуқтасига етиб боргани аёлдаги руҳий хасталикни олий даражага, чидаб бўлмас ҳолатга етказган, деб ўйлайман. Ниҳоят, аёл шу йўл билан муаммони ҳал қилишга қарор қилган бўлиши мумкин, дея мулоҳаза билдиради руҳшунос Бобожон Қаюмзод.

Шу ўринда айтиш лозимки, тожикистонликларнинг тенг ярмидан кўпроғи Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларда меҳнат муҳожирлигидан топилган пул эвазига тирикчилик қилади.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда 1,5 миллион чоғли тожикистонлик эркагу аёл хорижда ишлаб юрибди.

Кўп ҳолларда муҳожир эрининг юрт ташқарисида вафот этиши ё бўлмаса бошқа оила қуриб, оиласини унутиши ортидан оилани боқиш аёл зиммасига тушади.

“Баъзи ҳолатларда аёллар ана шундай оғир вазифани бажаришга ожизлик қилади. Бу эса уларнинг руҳий ҳолатига бевосита таъсир қилади”, дейди соҳа мутахасислари.

Тожикистон Хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъули Саодат Мўминованинг Озодликка маълум қилишича, ортда қолаётган ҳафтада яна бир аёл руҳий ҳолатидан шикоят қилиб, мазкур қўмитадан қизчасини болалар уйига жойлаштиришда амалий ёрдам сўраган.

- У асабийлашганида қизчасини тўғри келган нарса билан калтаклашини, ҳатто бирор киши ажратиб олмаса, уни ўлдириб қўйиши мумкинлигини айтди. Биз унинг розилиги билан қизалоқни болалар уйига жойлаштириш учун ҳужжатларини йиғаяпмиз, - дейди хотин-қизлар билан ишлаш идораси масъули Мўминова хоним.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 32 ёшли Заррагул Шарипова фарзандларини ўлдирган илк тожикистонлик аёл эмас. Аввал ҳам боласини сувга оқизган, томорқасига тириклайин кўмган оналар ҳақида маҳаллий рўзномаларда ёзилган.

Заррагулнинг бошқа тожикистонлик аёллар жиноятидан фарқи - унинг бир эмас, бирданига тўрт фарзанди жонига қасд қилганидадир.

Жамиятшунослар таҳлилларига кўра, сўнгги икки йил давомида ижтимоий портлаш ҳолатига келиб қолган тожик жамиятида аёллар орасида бундай жиноятлар кўпайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG