Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

Усмонов икки мухбир билан учраштирилди


Ҳибсда қолаётган Би-би-си журналисти Pressa.tj мухбири Элнура Мустафаева билан учрашди.


Журналист сўрови билан амалга оширилгани айтилаётган учрашувда Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадорлигини қатъиян рад этган.

Pressa.tj мухбирининг ёзишича, Би-би-си мухбири Усмонов бу ташкилот “амири” Шариф Ёқубов билан мулоқотда бўлганини эътироф этиб, ўз вақтида Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари билан таниш бўлгани ҳақида хавфсизлик идораларига хабар бермаганини катта хато, деб ҳисоблашини айтган.

Аммо ҳибсда қолаётган журналист “бу ерда менинг айбим йўқ, чунки мен журналистман ва касбий фаолиятим тақозосига кўра, ҳар қандай одам билан учрашишим мумкин”, деган.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев мамлакатнинг амалдаги қонунларига кўра, журналист ўз манбасини сир тутиши мумкинлигини айтади.

- Қонунларимизда журналист маҳкама жараёнигача ўз манбасини сир тутишга ҳаққи борлиги белгиланган. Бироқ, Ўринбой Усмоновга айблов масаласига келсак, Тожикистон Олий маҳкамаси қарорига биноан Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотининг фаолияти қонун доирасида таъқиқланар экан, мамлакат ичкарисида фаолият қилиб турган бу ташкилот аъзоларини била туриб, ким бўлишидан қатъий назар, тегишли идораларга хабар бермаслиги қонуннинг яна бошқа талабини бузиш саналади,- дейди Нуриддин Қаршибоев.

Айни пайтда, Қаршибоев фикрича, Pressa.tj мухбири Элнура Мустафаева ўз мақоласида кўпроқ баҳоловчи мулоҳазаларга ўрин берган, бу эса халқаро журналистика меъёрларга зиддир ва бу билан Ўринбой Усмоновнинг ҳуқуқлари бузилган.

Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда гумонланиб, Хўжанд шаҳрида ҳибсга олинган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов ўз яқинлари ва ҳимоячиси билан учраштирилмаётган бир пайтда яна бир маҳаллий мухбир, Сўғд вилоят ҳокимлигининг ахборот-таҳлилий маркази собиқ раҳбари Илҳом Жамолиёнга ҳам у билан интервью қилиш имкони берилган.

Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида Илҳом Жамолиён хавфсизлик ҳибсхонасида Би-би-си журналисти билан бор-йўғи етти дақиқа суҳбатлашганини маълум қилди.

- Мен ундан: “Сизни уриб, баданингизни кўкартирганлари ростми?” дея сўрадим. У рад жавоби берди ва терговчиларнинг ўзига нисбатан муносабати одамгарчилик доирасида эканини айтди,- дейди Илҳом Жамолиён.

Би-би-сининг Сўғддаги мухбири Ўринбой Усмонов 13 июн куни иш вақтида бедарак кетган эди. 14 июн куни эса хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходими қуршовида, кишанланган ҳолда уйига олиб келингани ҳақида унинг яқинлари Озодликка маълум қилган эди.

- Рангларига қараб бўлмайди. Бир кечада шу даражада қуриб, қорайиб кетган. Қўлларига қарасам, қизариб кетган калтакнинг зарбидан. Кейин қулоқларининг орқаси қоп-қора бўлиб кетган. “Ёзувчи одамнинг қўлига қандай кишан солдиларинг, бу одам бировга ёмонликни раво кўрмасди”, дедим терговчига,- деган эди журналистнинг рафиқаси Малоҳатхон аввалроқ ўтказган суҳбатимизда.

Тожикистон журналистлар уюшмасининг Сўғд вилояти раиси Илҳом Жамолиён Би-би-си мухбиридан ҳимоячидан воз кечгани ҳақидаги гаплар қанчалик асослилигини ҳам сўраганини айтади.

- У адвокат хизматидан қатъиян воз кечганини тасдиқлади,- дейди Жамолиён жаноблари.

Pressa.tj мухбири Элнура Мустафаевадаги маълумотларга кўра, Ўринбой Усмонов “молиявий сабаблар туфайли” ҳимоячи олмаган.

Бироқ Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова бу гапларга ишонмаслигини айтади.

- Бу нотўғри. Жиноят-процессуал Кодексида айбланувчи фақат ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир бўлган тақдирдагина ҳимоячидан воз кечиши мумкинлиги белгиланган. Агар ҳимоячидан воз кечиш айбланувчининг молиявий аҳволи билан боғлиқ бўлса, бундай ҳолатда терговчи давлат ҳисобидан уни ҳимоячи билан таъминлаши қонунда айтилган, - дейди Файзинисо Воҳидова.

Адвокатга кўра, Ўринбой Усмонов яқинлари ва ҳимоячиси билан мутлақо учраштирилмаётган бир пайтда ҳукуматпараст нашр мухбирига Ўринбой Усмонов ва ҳизбчиликда гумонланаётган ҳибсхонадаги яна икки маҳбус билан интервюга имкон берилиши Би-би-си мухбири устидан маҳкаманинг адолатли бўлишини шубҳа остига қўяди.

Маълум бўлишича, адвокат Файзинисо Воҳидова ўз ҳимоясидаги журналист билан 20 июн куни тушдан сўнг учрашган. Бу адвокат хонимнинг ўз мижози Ўринбой Усмонов билан биринчи учрашувидир.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

.
XS
SM
MD
LG