Линклар

Олмаотадаги қочқин аёллар бедарак кетди


Олмаотадаги ўзбекистонлик қочқин аёллар шу йилнинг 9 июн куни маҳаллий прокуратура биноси олдида пикет уюштиргандилар.

Олмаотадаги ўзбекистонлик қочқин аёллар шу йилнинг 9 июн куни маҳаллий прокуратура биноси олдида пикет уюштиргандилар.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ўзбек қочқинларининг яқинлари Олмаотадаги ижара уйларини тарк этганлар.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг қозоқ шўъбаси мухбири Казис Тўғузбаев 17 июн куни Олмаотадаги ўзбекистонлик қочқин аёллар ва болалар ижарада турган уйга бориб, уларни тополмаганини айтади. Уй эгаси ва қўшнилар ҳам уларни икки кундан буён кўрмаган эканлар.

Озодлик мухбирлари қочқин аёллардан бир нечтасининг мобил телефонига қўнғироқ қилдилар, бироқ қочқин аёлларнинг телефони ўчиқ бўлгани туфайли улар билан боғлана олмадилар.

Сўнгги пайтларда Олмаотанинг Қорасув мавзеидаги уйлардан бирида яшаган ўзбекистонлик қочқин аёллар билан уларни ижарага қўйган Самат Солиҳов ҳам боғлана олмаган. Ўзбек қочқинлари ўзидан маълум миқдорда қарз бўлиб қолганини айтган уй эгаси аслини олганда уларга нисбатан жиддий эътирози йўқлигини таъкидлайди.

- Уйни уларнинг эрлари ижарага олганди. Улар ичмайдиган, чекмайдиган, безорилик қилмайдиган жиддий одамлар эди, - дейди Самат Солиҳов.

Олмаота шаҳрининг 1-темир йўли яқинидаги кўп қаватли уйда яшовчи ўзбек қочқинларини ҳам Озодлик мухбири уйидан тополмаган. Улар билан қўшни хонадонда яшовчи Гулбахрам Супашева ўзбек қочқинлари икки-уч кун аввал чиқиб кетганларини, бироқ уларнинг қаерга кетганини билмаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган ўзбек қочқинлари роппа-роса бир йил ҳибсхонада сақланганидан кейин Ўзбекистонга бериб юборилганди. Экстрадиция қилинган кишиларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилаётганди. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини такрор-такрор айтганлар.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 10 июнига ўтар кечаси соат иккидан учгача иккита автобусда келган қозоқ полициячилари қочқинларнинг Қорасув мавзеидаги уйини тақиллатиб турганлар.

- “Энди бизни автобусга ўтқазиб, Ўзбекистонга бериб юборар эканлар-да” деб қўрқиб кетдик. Худога шукурки, бирор соатлардан кейин улар кетишди, - дея иқтибос келтиради қочқин Гулнора Қодирова сўзларидан Озодликнинг қозоқ шўъбаси.

Бу ҳақда гапирган яна бир қочқин аёл - Умида Азимова ҳам ўзбек қочқинлари жуда танг аҳволда қолганларини, Қозоғистонда қолиш улар учун хавфли бўлиб қолганини айтган.

Айни пайтда қочқин аёллар ва уларнинг болалари учинчи давлатга чиқиб кетгани ҳақида
тахминлар йўқ эмас. Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари бюроси ходими Денис Живага фикрича ҳам, бу ўзбек қочқинлари учун энг яхши йўл эди.

- Шу ҳафта бошида мен Умида Азимова билан учрашдим. Англашимча, ўзбек аёллари учинчи мамлакатга чиқиб кетишни истаётгандилар, яъни улар Ўзбекистонга ҳам кетмоқчи эмасдилар, Қозоғистонда ҳам қолмоқчи эмасдилар, - дейди Денис Живага.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қочқин аёллар “Қозоғистон расмийларига ишонмаганлари учун” сиёсий бошпана сўраб маҳаллий миграция хизматларига ариза топширмоқчи эмасдилар.

Аснода Олмаота шаҳар миграция полицияси бошқармаси матбуот хизмати ўзбекистонлик қочқин аёллар ва уларнинг болалари тақдири ҳақида ўзларига ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG