Линклар

logo-print

Малика ая: Ўғлимни тирик кўришдан умид узганим йўқ

  • Шерзод

Ўш воқеалари чоғида бир фарзанди ўлдирилган ва яна бир ўғли бедарак кетган Малика Қосимова.

Ўш воқеалари чоғида бир фарзанди ўлдирилган ва яна бир ўғли бедарак кетган Малика Қосимова.

Ўшнинг Помир кўчасида яшовчи Маликахон ая ўтган йилги қонли воқеалар чоғида икки ўғлидан жудо бўлди.

2010 йилнинг 13 июн куни 77 ёшли Маликахон ая Қосимованинг тўнғич ўғли Муҳаммаджон Қосимов бедарак йўқолган, кенжа ўғли Мадаминжон эса отиб ўлдирилган.

Маликахон ая ўтган йилнинг 11 июн куни фарзандларининг талаби билан келинлари ва набираларини олиб, Ўшнинг хавфсиз ҳудудларида истиқомат қилувчи қариндошлари уйига кетган. 22 июн куни эса ая ўз уйига қайтади.

- 22 июн куни уйга келдик. Бу ердан хабар борди “келаверинглар” деб. Унгача мен телефондан болаларни сўраб турдим. Сўрасам, “Мадамин акам оёғидан ўқ еб, болницада ётибди”, дейишди. Йўқолган болам Муҳаммаджон шанба куни телефон қилганди, - дейди Маликахон ая.

2010 йилнинг 13 июн куни Маликахон аянинг кенжа ўғли 41 ёшли Мадамин Қосимов отиб ўлдирилган ва ёқиб юборилган. Суҳбатдошимизга кўра, гувоҳлар тўнғич ўғли Муҳаммаджон Қосимовни номаълум одамлар оқ рангли машинада олиб кетишганини айтишган.

Маликахон аянинг айтишича, бедарак кетган ўғли Муҳаммаджон қирғиз миллатига мансуб дўстлари билан яқин муносабатда бўлган ва июн тўқнашувидан аввал уларнинг тўю-азасида ошпазлик қилган.

- Тўй қилсаям, ўлим бўлсаям ҳафта-ҳафталаб туриб келарди, қалпоқларни кийиб келарди. Мол боқувчилар олиб кетарди. Молларимизни фермага берардик, ўшалар олиб кетарди. Улар билан жуда яхши муносабатда, иноқ эди, - дейди суҳбатдошимиз.

Маликахон аянинг айтишича, ўтган йил июл ойида тўнғич ўғли Муҳаммаджон Қосимовнинг йўқолгани тўғрисида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига ариза ёзган:

- Вафот этганига қирқ кун бўлай деганда, униси-буниси “милицияга боринг”, дейишганди, Наргиза деган қизга бордим.

Озодлик: У қиз қаерда ишлайди?

- ГОВДда ишлайди, терговчи экан. Ариза ёзиб ташлаб келганман. Анчадан кейин телефон қилди Наргиза. “Нима бўлди, қидираяпсизларми?” деди. “Йўқ, сизларга қараб ўтирибмиз” дедим. Яқинда биттаси айтибди: “Мана шу ердан калтак еб эс-ҳушини йўқотган болаларни Мойлисойга (Мойлисойда руҳий касалларни даволайдиган шифохона бор – таҳр.) олиб борибди, сурати бўлса, олиб келинг, мен бориб кўрай”, деб бир хотин айтибди. Кўп сурат бердик. Прописнойидан суратларини катталаштириб кўпайтирдим. Ўғлим ногирон эди. Ногиронлик гувоҳномасини олиб бориб каттайтирдим. Жуда кўп сурат тарқатдик, бир натижа чиқмади. Битта сурати қолди энди, ўзимда туриб турсин, - дейди Маликахон ая.

77 ёшли онахон тўнғич ўғлини тирик кўришдан умидини узгани йўқ.

- Кўнглим “ўлмади”, деяпти. Болам калтак еб, эс-ҳушини йўқотган. Қаердадир гаровда бола бўлса, балким ўша ердадир. Жинни бўлсаям, кўзи очиқ бўлса, мана шу ерда ўтирса майли эди. Мадаминжонга Қуръон ўқияпман, катта ўғлимни “ўлди” дегим келмаяпти. Жинни бўлиб, бир ерда юрибти-да, бошига уриб қўйишди уни, - деб йиғлайди онахон.




Маликахон аянинг ўғли Муҳаммаджон Қосимовнинг бедарак кетгани юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари борасида маълумот олиш учун Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов билан ҳам боғландик.

- Мен ҳар бир аризани билмайман-да. Мен терговчига учраб, ундан: “Нима бўляпти, тергов иши қандай кетяпти?” деб сўрайман. Тахминан тушдан кейинги соат 4-5 ларда қайта телефон қилинг, - дея ваъда берди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси масъули Замир Сидиқов.

Бироқ айтилган вақтда қайта-қайта қўнғироқ қилиб ҳам жаноб Сидиқов билан боғлана олмадик - унинг мобил телефони ўчирилган эди, шаҳар телефони гўшагини эса ҳеч ким кўтармади.

“Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 2010 йилнинг июн ойида содир бўлган қонли воқеалар чоғида 120 киши бедарак йўқолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG