Линклар

Би-би-си мухбири ҳибсга олинган кунидан бир ҳафта ўтиб ҳимоячиси билан учраштирилди.

20 июн куни Ўринбой Усмонов билан учрашган адвокат Файзинисо Воҳидованинг Озодликка маълум қилишича, маҳбус журналистнинг саломатлиги ёмонлашган.

- Ҳақиқатан Усмоновнинг саломатлиги ёмон. У юрак хуружи ва қанд касали борлигини айтди. Гарчи яқинлари киритиб бераётган дори-дармонларни истеъмол қилаётган бўлса-да, у стационар шароитдаги тиббий хизматга эҳтиёж сезмоқда, - дер экан ҳимоячи Воҳидова хоним бу шароитларни қонун доирасида Усмоновга муҳайё қилишини қўшимча қилди.

Воҳидова хонимнинг айтишича, ўз ҳимоясидаги Усмонов билан яккама-якка учрашиш имкони бўлмаган.

- Гарчи қонунларимизда бундай имконият кўзда тутилган бўлса-да, биз унинг терговчиси иштирокида суҳбатлашдик. Шунинг баробарида Ўринбой Усмоновга Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддси иккинчи қисми билан айблов расман эълон қилинди. Бироқ ҳимоямдаги Усмонов ўзига қўйилаётган айбларни қатъиян рад этди. У ҳақиқатдан “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари билан учрашганини ва бу ташкилот фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаб, нашр қилганини айтди. Аммо бу учрашув фақат ва фақат унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган, - деди Воҳидова хоним.

Адвокат Воҳидованинг гапига қараганда, Ўринбой Усмонов “Ҳизбут- Таҳрир” аъзолари фаолияти ҳақида хавфсизлик идораларига хабар бермаганликда ҳам айбланмоқда.

- Тожикистоннинг Матбуот тўғрисидаги қонуни журналистга ўз манбасини сир тутишни кафолатлагани сабабли у ҳизбчилар билан суҳбатни ҳуқуқ-тартибот идораларига етказмаган, - дейди ҳимоячи Воҳидова.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, 13 июн куни Хўжандда хавфсизлик ходимлари томонидан ушлаб кетилган Би-би-си радиоси журналисти Ўринбой Усмонов ҳимоячисидан аввал икки нафар маҳаллий мухбирлар билан учраштирилган эди.

Pressa.tj хабар агентлигининг Ўринбой Усмонов билан интервю қилган мухбири Элнура Мустафаева Би-би-си мухбири Усмонов бу ташкилот “амири” Шариф Ёқубов билан мулоқотда бўлганини эътироф этгани ҳақида ёзганди.

Аммо Pressa.tj сайтида ёйинланган мақола матни билан ҳимоячиси орқали танишган Ўринбой Усмонов мақолада ёзилганларни инкор қилган.

- У бундан жуда қаттиқ ғазабланди. Усмонов ҳатто исмини билмайдиган ўша мухбир аёл билан суҳбатда амир билан учрашганини айтмаган ёки бу ташкилот аъзоларидан бирортасининг исмини келтирмаган. Чунки Усмоновга бу ташкилот аъзолари шахсан таниш бўлмаган, дейди ҳимоячи Воҳидова хоним.

Адвокатнинг айтишича, у билан терговчиси иштирокида учраштирилган Ўринбой Усмонов ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида очиқ гапирмаган.

- Агар Усмонов мен билан яккама-якка учраштирилганида, балким бу борада очиқча гапирган бўлар эди. Лекин мен шароитини топиб, албатта бу масалада Усмоновдан тафсилотларни билишга ҳаракат қиламан, - дейди ҳимоячи Воҳидова хоним.

Эслатиб ўтамиз, 14 июн куни хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходими қуршовида, кишанланган ҳолда уйига олиб келингани Би-би-си Ўринбой Усмоновнинг яқинлари унинг калтаклангани ҳақидаги тахминларни билдиргандилар.

- Рангларига қараб бўлмайди. Бир кечада шу даражада қуриб, қорайиб кетган. Қўлларига қарасам, қизариб кетган калтакнинг зарбидан. Кейин қулоқларининг орқаси қоп-қора бўлиб кетган. “Ёзувчи одамнинг қўлига қандай кишан солдиларинг, бу одам бировга ёмонликни раво кўрмасди”, дедим терговчига, - деган эди журналистнинг рафиқаси Малоҳатхон аввалроқ ўтказган суҳбатимизда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG