Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:22

Олимжон Тўхтаохунов: "Рус мафияси" ҳақидаги иддаолар афсона


Олимжон Тўхтаохунов ўзини ҳалол қиморбоз, деб ҳисоблайди.
Олимжон Тўхтаохунов ўзини ҳалол қиморбоз, деб ҳисоблайди.

АҚШнинг учта куч ишлатар идораси - Федерал Тергов Бюроси (ФТБ), Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) ва Наркотикларга Қарши Кураш Бошқармаси уч нафар россиялик - Доку Умаров, Семен Могилевич ва Олимжон Тўхтаохуновларни дунёнинг энг хавфли жиноятчилари рўйхатига киритди. Мазкур идоралар эълон қилган рўйхатлар асосида Forbes журнали ўзининг “Қидирувдаги энг хавфли жиноятчилар рўйхатини” тузди. Forbes рейтингига тушган, "Тайванчик" лақаби билан танилган асли ўзбекистонлик Олимжон Тўхтаохунов Озодликка интервью берди.


Forbes журналининг "Қидирувдаги энг хавфли жиноятчилар рўйхати"га чеченистонлик террорчи Доку Умаров, тўртта мамлакатида қидирувда бўлган тадбиркор Семен Могилевич ва асли тошкентлик тадбиркор, жиноят оламида "Тайванчик" лақаби билан танилган Олимжон Тўхтаохуновлар киритилган. Мазкур рейтинг турли давлатлар кучишлатар идоралари билан маслаҳатлашувлар натижасида тузилгани айтилмоқда.

Масалан, Forbes рейтингида 7-ўринни эгаллаган Олимжон Тўхтахуновга АҚШда наркотик, қурол-яроқ ва ўғирланган автомобиллар билан савдо қилганлик айбловлари асосида жиноий иш қўзғатилган. У шунингдек, гўзаллик танловлари ва Олимпия ўйинлари каби турли тадбирларда ҳакамлар ҳайъатига пора беришга уринганликда айбланмоқда.

Бу айбловларга қарамасдан, 2003 йилда Италия ўз ҳудудида ҳибсга олинган Тўхтаохуновни АҚШга экстрадиция қилиш срўровини рад этган эди.

Озодлик билан суҳбатда “қидирувдаги энг хавфли жиноятчи”лардан бири, Россияда маълум доираларда “Тайванчик” лақаби билан танилган асли ўзбекистонлик Олимжон Тўхтаохунов АҚШ расмийлари илгари сурган айбловларни асоссиз, деб атади.

- Россияда уюшган жиноятчилик пайдо бўлаётган пайтда мен умуман Россияда бўлмаганман. Бу гапларни журналист ҳамкасбларингиз тарқатмоқда. Ҳорижда мен маҳаллий қонунларга бўйсунмасдан яшаганим учун мафиози, деб аташган. Мен буни атайин қилмаганман: шунчаки маҳаллий қонунларни яхши билмаганман. Жиноятларим ҳам маиший бўлган: масалан, билмасдан солиқ тўламаганман, ёки керак пайтда мамлакатдан чиқиб кетиш эсимдан чиқиб қолган... Ҳеч қандай фактларсиз мени барча компьютерларга киритишди, ваҳоланки мен бирорта жиноят устида ёки мафия гуруҳлари билан ушланмаганман, дея таажубланади Олимжон Тўхтахунов.

Олимжон Тўхтаохунов (Тайванчик) билан суҳбат 1-қисм
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:31 0:00
Бевосита линк


У дастлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига 2002 йилда АҚШнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида ўтказилган Қишки Олимпия ўйинлари пайтида тушган. Ўшанда Тўхтаохунов фигурали учиш бўйича ҳакамларга пора беришда айбланиб, “рус мафиячиси”га айланиб қолганини айтади. “Рус мафияси ҳақидаги афсоналар маҳаллий ҳуқуқ тартибот органлари учун қўшимча даромад олиш манбайига айланди”, дейди у.

- Олтин медални сотиб олиш мумкин эмас, айниқса фигурали учишда. Мен кимгадир “Бизникилар ғолиб чиқишига ишончим комил”, деган эдим. Менинг медал сотиб олишимга шу асос бўла оладими? Кимдир менга телефонда фақат тўғри гапни гапиришни тавсия қилган эди ва мен чет элда доимо очиқчасига гаплашишга ҳаракат қилганман.

Лекин улар мени телефонларимни эшитиб, бошқача хулоса чиқаришар экан. Масалан, мен Римда касал бўлиб қолдим. Тошкентдан ош, кишмиш ва Тошкент анорларини жўнатишни таклиф қилишди. Прокурор менга савол беряпти: “Италияда бомбани нима қиласиз?” Маълум бўлишича, улар русча “гранат” (анор-таҳр.) сўзини шундай таржима қилишибди! “Кишмиш”ни эса “гашиш“ деб таржима қилишибди. Натижада, мени наркотик ва қурол-яроқ савдосида айблашди,- дейди Олимжон Тўхтахунов.

Ҳозирда Олимжон Тўхтаохунов Москвадаги “Отечественный футбольный фонд” жамғармасини бошқаради, унгача эса Москвадаги энг йирик ҳисобланган “Метрополь”, “Европа” ва “Азия” казиноларига эгалик қилгани маълум.

- Мен анчадан буён бизнес ва ҳомийлик билан шуғулланиб келаман. Молиявий инқироз туфайли униси ҳам, буниси ҳам камайди. Мен шунингдек “Отечественный футбол” ва “Спорт и мода” деган иккита журнал чиқараман. Яқинда менинг иштирокимда “МУР” фильми экранларга чиқади. Иккита китоб ёзганман... Менда бир нечта казиноларим бор эди.

Казинолар таъқиқланганидан кейин мен бу бизнесдан кетдим. Ҳозир нимадир сотиб оляпман, нималарнидир сотяпман. 1989 йилга қадар мен профессионал қиморбоз бўлганман. Биз пулга ўйнаганмиз, ҳеч кимни лаққилатмаганмиз... Бизнес билан шуғулланадиганлардан жирканар эдик, аммо ҳаёт мажбурлади – ҳорижга чиқиб, ўзим бизнес қилишни ўргандим,- дея эслайди Тўхтаохунов.

У айрим оммавий ахборот воситалари билан уюшган жиноятчиликка алоқадорликда айблаганлари учун судлашганини эслади. Ҳатто Франциянинг энг нуфузли нашрларидан бири - Le Monde - суд қарорига кўра, Тўхтаохуновдан кечирим сўраган.

Олимжон Тўхтаохунов (Тайванчик) билан суҳбат 2-қисм
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:14 0:00
Бевосита линк


Олимжон Тўхтаохунов Россия прокуратурасига мазкур айбловларни рад этиб мурожаат қилишдан наф йўқлигини гапиради.

- Улар ўз мамлакатларида тартиб ўрната оламайдию. Мен билан, ишларим билан шуғулланади, деб ўйлайсизми?! Россиялик журналистлар ёзаётган майда-чуйда гапларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан: анча вақт ва асаб йўқотаман, холос. Менинг қизим – Катта театр балеринаси, кинога тушади, Учинчи каналда “Бизнинг севимли ҳайвонларимиз” кўрсатувини олиб боради. Ўғлим юрист. Мен бизнесмен – ўзимга-ўзим иш топаман. Қолаверса, ўз ҳаётимдан мамнунман,- дейди Олимжон Тўхтахунов.

Озодлик уюшган жиноятчилик бўйича йирик мутахассис, америкалик профессор Луиз Шеллига “рус мафияси”нинг қиёфасини тасвирлаб беришни сўраб мурожаат қилди. Унинг фикрича, замонавий рус мафияси собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари фуқароларидан иборатдир.

- Россияда ҳар қайси йирик бизнес, жумладан олигархлар ва ўрта синф вакиллари, уюшган жиноятчилик билан боғлиқ. Ҳориждаги рус мафияси бошиданоқ молия, банк ва кўчмас мулк соҳасини қўлга олган. Лекин таъкидлаш жойизки, ҳеч қайси уюшган жиноятчилик гуруҳи коррупциялашган амалдорсиз иш юритолмайди, дейди Шелли хоним.

АҚШлик профессор сўзларига кўра, бугунги кунга келиб “рус мафияси” жаҳон хавфсизлик тизими, жумладан Қўшма Штатларга жиддий хавф туғдираётгани йўқ.

- Россия уюшган жиноятчилиги турли мамлакатларнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган ва ўз иерархиясига эга бўлмаган тармоқдир. Унинг гуллаб яшнаши даври Совет Иттифоқининг парчаланиши даврига мос келди. Шу сабабли уюшган жиноятчилик парчаланган шўролар минтақасининг янги қиёфасини ташкил этган кучга айланди. Лекин ҳозирда АҚШ учун рус уюшган жиноятчилиги Лотин Америка мафияси каби унчалик хавфли эмас,- дейди профессор Луиз Шелли.
XS
SM
MD
LG