Линклар

"Тошкент талабалардан қамал қилинмоқда"


Тошкентни вилоятдан келган талабалардан ҳоли қилиш ғояси 20 йилдирки маҳаллийчи мулозимлар тарафидан парваришлаб келинади, дейди кузатувчилар.

Тошкентни вилоятдан келган талабалардан ҳоли қилиш ғояси 20 йилдирки маҳаллийчи мулозимлар тарафидан парваришлаб келинади, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистонда 20 июн куни олий ўқув юртларига абитуриентларни қабул қилиш давлат комиссияси иш бошлади. Вилоятдан келган талабаларни Тошкент олий ўқув юртларига қабул қилишда чеклашлар кузатилмади. Қабул мавсуми арафасида талабалар ва Тошкент аҳолиси орасида “Вилоятдан келганлар Тошкентдаги олий ўқув юртига қабул қилинмас экан деган” миш-мишлар тарқаган эди. Интернетдаги Uznews.net нашри Ўзбекистон олий ва ўрта таълим вазирлиги, вилоятдан келганларнинг ҳужжатлари пойтахт олий ўқув юртларига қабул қилинмасин деган оғзаки “тавсия” бергани ҳақида ëзди. Ўзбекистон олий ва ўрта таълим вазирлигининг Озодлик билан гаплашган мулозими бундай “тавсия” берилмаганини айтди. Қабул комиссияси олдидан Ўзбекистон пойтахтида вақтинча қайддан ўтиш таъқиқлангани боис вилоятдан келган абитуриентлар мақоми ноаниқ қолмоқда.


Ўзбекистон Oлий ва ўрта таълим вазирлигининг ўзини Сардор деб таништирган мулозими, вилоятдан келганларнинг ҳужжатлари Тошкент олий ўқув юртларига қабул қилинмасин, деган гап асоссиз эканлигини айтди.

Унга кўра, олий ўқув юртларига қабул қилиш борасидаги қонун-қоида ва йўл-йўриқларга бу йил ўзгартиш киритилмаган.

Мирзо Улуғбек номли Миллий университет ректори ëрдамчиси, ўзини Людмила деб таништирган суҳбатдош назарида, “вилоятдан келган абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилмаслик” деган жумла, моҳиятан номақбулдир.

- Биз республика олийгоҳимиз. Республиканинг қайси бурчагидан келган бўлмасин, барча учун эшигимиз очиқ. Олий ўқув юрти бир шаҳар учун эмас, балки бутун республикага оид ўқув масканидир. Қолаверса, Ўзбекистон фуқароларининг эркин ҳаракатланиш ва таълим олиши каби тамал ҳуқуқлари бор. Яна бир бор такрорлайман, вилоятдан келганларга Миллий университетимизда ҳеч қандай чеклов йўқ, дейди Миллий университетнинг ўзини Людмила деб таништирган мутасаддиси.

Олийгоҳларга қабул мавсуми бошланишини кузатаëтган тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам мулозимлар фикрини тасдиқлади.

- Мен қабул комиссиясида ишлаëтган иккита-учта ўқитувчилар билан гаплашдим. Уларда бунақанги таъқиқ йўқ. Ҳозир на кўрсатма, на оғзаки бирорта бир буйруқ йўқ. Лекин умуман Тошкентга пропискани тўхтатиш ҳақида расмий ҳужжатлар бор. Фуқароларнинг пропискасини вақтинчалик, доимий пропискани тўхтатиш бўйича, масалан, менинг қўлимда ҳужжат бор. Бу Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг расмий хати. Лекин абитуриентларнинг документини қабул қилмаслик тўғрисида ҳозича бунақа кўрсатма ҳам йўқ. Ҳозир ҳам давом этаяпти. Вилоятлардан келиб болалар документларини топшираяпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Вилоятдан келган абитуриентлар чекловсиз пойтахт олийгоҳларига қабул қилинаëтгани факти Тошкент кўчаларидаги миш-мишлар оқимини тўхтата олмади.

Бундай миш-мишлар Тошкентдан 1000 километр узоқдаги Хоразмга ҳам етиб борди, дейди шахсини ошкор қилишни истамаган шовотлик суҳбатдош.

- Бизлар ҳам шундай гап-сўзларни эшитдик. Қўшнилар айтиб ўтиришган эди бу йил ҳар ким ўзининг областида ўқиркан деб. 100 фоиз унақа бўлмаса керак. Унақа қилишга ҳаққи йўқку,- дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.

Тошкентни талабаларсиз шаҳарга айлантириш ғояси 1992 йил январида юз берган студентлар исëнидан кейин ўртага чиқди.

Ўшанда талабалар исëнидан чўчиган президент Ислом Каримов ҳар бир вилоятда университетлар очиш тўғрисида қарор қабул қилди. Вилоятлардаги пединститутлар университетларга айлатирилди. Тошкентга вилоятдан келган талабалар ўқишларини вилоятда давом эттириш учун махсус автобус ва учқичларда бир ҳафта ичида уйларига кетказилди.

20 йилдирки Тошкентни вилоятдан келган талабалардан ҳоли қилиш ғояси маҳаллийчи мулозимлар тарафидан парваришлаб келинади.

1999 йилда Ўзбекистон бош вазир ўринбосари бўлган Алишер Азизхўжаев Ўзбекистон телевидениеси ходимлари умумий йиғилишида чиқиш қилиб, “Тошкент - тошкентликлар учун” деган фикрни баëн қилган эди.

“Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси, ўз юртимнинг тиконича татимас деб қўшиқ айтишадию, аммо ўқиш учун келиб Тошкентда қолиб кетишади”, деган эди Алишер Азизхўжаев.

Ўз ТВнинг кекса журналистлари Ўзбекистон президентининг ҳам тошкентлик эмаслигини эслатганидан кейин Азизхўжаев мавзуни ўзгартиришга мажбур бўлгани эсланади.

Журналист Абдураҳмон Ташанов назарида бу савиядаги мулозимлар ҳануз Тошкентни Ўзбекистон аҳолисидан қамал қилиш сиëсатини давом эттирмоқда.

- Жуда катта маҳаллийчилар бор. Маҳаллийчиликни давлат бошқарув органлари даражасигача олиб чиққан одамлар бор. Агар уларнинг қўлида имкон бўлганда эди, ҳақиқатан Тошкентни ëпиши ëки бошқа қилиши мумкин эди, вилоятдан келганларни қўймаслиги мумкин эди. Бу масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони бор.......

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатни тўла ҳолда қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG