Линклар

Сиёсий инқироз масъулиятини "бузғунчилар"га юклаган президент Ассад халқнинг "қонуний талаблари" асосида ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилди.

Сурия расмий телевидениеси орқали ўз халқига мурожаат қилган президент Башар ал-Ассад мамлакатда уч ойдан буён давом этаётган сиёсий бўҳрон учун масъулиятни “бузғунчи” кучларга юклади.

Норозилик намойишлари бошлангандан бери учинчи марта сурияликларга мурожаат қилган президент Ассад мамлакатдаги бугунги вазиятни ҳал қилувчи, деб баҳолади ва бўҳрондан чиқишнинг ягона йўли илгари силжиш эканини айтди.

Ўз нуқти давомида президент Суриянинг кейинги тақдирини ҳал қилишга қаратилган бутун бошли дастурни эълон қилди ва “Миллий мулоқот” қўмитаси тузилаётганини айтди.

Президентга кўра, ҳозир бу қўмита ишини тартибга солиб турувчи Миллий мулоқот бошқаруви, деган гуруҳ тузилмоқда.

- Бироз муқаддам айтганимдек, аввалига менинг Сурия жамияти вакиллари билан учрашувлардан мақсадим асл вазиятни англаш учун кўпроқ тафсилотлар билан танишиш эди. Аммо, мен бу жараён давомида ўзимни ҳақиқий миллий мулоқотнинг бир қисми сифатида кўрдим, - деди Сурия президенти.

Яъни, мамлакатда президент истеъфоси сўралаётган намойишлар натижасида юзага келган оғир вазиятдан чиқиш йўли сифатида миллий мулоқотни таклиф қилган президент Башар ал-Ассад ўзини Миллий мулоқот бошқаруви гуруҳининг бир аъзоси сифатида тақдим қилди.

Президент кейинги бир неча кун ичида бошқарув гуруҳи амалий учрашувлар ўтказиши ва бу учрашувларга кейинги амалий қадамларнинг самарали бўлишини таъминловчи жиҳатлар ҳамда механизмларни муҳокама қилиш учун юздан ортиқ шахс таклиф қилинишини айтди.

Ана шу маслаҳатлашувлардан ўтибоқ, президент Ассада кўра, мамлакатдаги мухолиф кучлар ва барча истовчилар билан миллий мулоқотлар бошланади. Бироқ, президент бу мулоқотларда шахсан иштирок этмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Миллий мулоқотлар натижасида эса президент Ассад мамлакатнинг қонуний талабларига асосланган ислоҳотлар ўтказлиши ва зарур бўлса, мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритиш ёки у қайта ёзиш мумкинлигини айтди.

Башар ал-Ассад мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказишга масъул бўладиган парламентнинг янги таркиби учун сайлов шу августда бўлишини ҳам айтиб ўтди.

Сурия уч ойдирки, ҳукуматга қарши намойишлар исканжасида қолган ва сўнгги маълумотларга кўра, 1 минг 400дан ортиқ суриялик намойишчи ҳукумат қўшинлари томонидан ўлдирилган, 10 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Намойишчилар президент Ассаддан зудлик билан ҳокимиятни тарк этишни сўрамоқда.

Аммо, мамлакат расмий телевидениеси орқали қилган чиқишида Сурия президенти истеъфо ҳақида оғиз очмади.

Аксинча, у "бир ҳовуч намойишчи" ортида беркинган ва бу намойишлардан фойдаланган "жиноятчи кучлар" мамлакатда "талончилик, ўғирлик ва зўравонликларни содир қилгани" ҳақида сўзлади.

Шунинг учун президент биринчи ўринда “қонуний талаб”га эга бўлган намойишчилар билан “бузғунчи”ларни ажратиб олиш ва бузғунчиларга қарши кескин чора кўриш кераклигини ҳам таъкидлади.

Президент Ассадга кўра, ҳозир турли айбловлар билан қўлга олинган фуқароларнинг ишлари кўриб чиқилмоқда.

У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг Сурия турли шаҳарларида намойишчилар ҳукумат қўшинлари томонидан отилганига оид барча айбловларни рад этди.

Аксинча, тинч намойишлардан фойдаланиб, "жиноят содир қилишни кўзлаган 64 мингдан ортиқ жиноятчи шахслар борлиги" аниқлангани ҳақида гапирди.

Башар ал-Ассад Жиср ал-Шуғур шаҳридаги ҳукумат ҳарбийлари амалиётлари ана шу жиноятчи шахслар гуруҳларига қарши қаратилганини айтди ва бундан кейин ҳам бундай гуруҳларга қарши ҳукуматнинг чораси кескин бўлишидан огоҳлантирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG