Линклар

logo-print

Тожикистонда ўзбекистонлик қочоқ маҳбус қўлга олинди


Тожик расмийларига кўра, ўзбекистонлик қочқин маҳбус Фурқат Холметов Раштда ўтказилган амалиёт чоғида қўлга олинган.

Тожик расмийларига кўра, ўзбекистонлик қочқин маҳбус Фурқат Холметов Раштда ўтказилган амалиёт чоғида қўлга олинган.

20 июн куни Раштда ўтказилган амалиётда яна икки нафар қочоқ маҳбус ҳам йўқ қилингани айтилмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзолик айби билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик фуқаро Фурқат Холметов ўтган йил августида Душанбедаги ҳибсхонадан қочган 25 қочқиндан биридир.

У Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жорий йил 20 июнида Рашт ҳудудида ўтказган амалиёти чоғида қайта қўлга олинди.

Бу борада Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Маҳмадулло Асадуллоев маълум қилди.

Ўзбекистонлик Фурқат Холметов ўтган йили Душанбе ҳибсхонасидан қочган 25 қочқиндан биридир.

- Қочқин маҳбусларни тутиш амалиёти чоғида Ўзбекистон республикаси фуқароси, Ўзбекистон Исломий ҳаракат аъзоси Холметов Фурқат Тўлаганович қўлга олинди, - дея маълум қилди Ички ишлар вазирлиги масъули Асадуллоев.

Тожик расмийсидаги маълумотларга кўра, 2010 йилнинг сентябрида мамлакат шарқида Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужумда қўли борлиги гумон қилинган яна икки қочқин маҳбус кечаги амалиёт чоғида ўлдирилган.

- Ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатган яна икки нафар ўта хавфли жиноятчи - қочқин маҳбуслар Мазҳариддин Худоёров ва “Шайх Камол” лақаби билан тожик жамиятида яхши танилган Маҳмадкарим Иброҳимов йўқ қилинди, - деди Ички ишлар вазирлиги матбуот бошлиғи Асадуллоев.

Айтилишича, воқеа жойидан учта Калашников автомати, битта пулемёт, ракета отувчи қурол каби кўплаб жанговар аслаҳалар топилиб, мусодара қилинган.

Рашт ҳудудида ўтказилган сўнгги амалиёт чоғида қўла олинганлар орасида Мудофаа вазирлигининг бир аскари Эмомназар Муқимов ҳам борлиги айтилмоқда.

Эслатсак, ўтган йили Камароб дарасида содир бўлган қонли фожеадан сўнг аскар Эмомназар Муқимов бедарак кетганди.

Кейинчалик Мудофаа вазирлиги Эмомназар Муқимов шайх Камол гуруҳи томонидан асир олингани аниқланганди.

- Худога шукурки, ўғлим тирик ва саломат экан. У йўқолгандан кейин тўрт ой ўғлимни қидирмаган жойимиз қолмади. Кейинчалик у жанггарилар томонидан олиб кетилганини эшитиб, туну-кун Худога илтижо қилгандик. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан мингдан-минг миннатдормиз, - дейди ўғлининг топилгани ҳақидаги хабардан хурсандчилигини яширолмаган нораклик Қурбонназар Муқимов.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъули Асадуллоевнинг айтишича, аскар Муқимов бу жиноий гуруҳга ихтиёрий ёки мажбурий қўшилиб қолгани аниқланганидан кейин яқинлари ёнига қайтиши мумкин.

Айни пайтда у ҳам бошқа қочқин маҳбуслар қаторида Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 23 августига ўтар кечаси Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочган эди.

Улар орасида тўрт нафар россиялик, тўрт нафар афғонистонлик, икки нафар ўзбекистонлик ҳамда 14 нафар тожикистонлик фуқаро борлиги айтилганди.

Тожикистон куч ишлатар тизим ходимлари олиб борган қатор қўшма амалиётлар натижасида шу кунгача уларнинг 15 нафари қўлга олинган, тўрт нафари эса йўқ қилинган.

Аввалроқ қўлга олинган қочоқ маҳбуслардан етти нафари қайта судланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Улар орасида Тожикистон президенти Миллий гвардияси собиқ қўмондони, айни пайтда узоқ муддатга қамалган тожик генерали Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев ҳам бор. Тожикистон Олий маҳкамаси Абдурасул Мирзоевни 30 йилга озодликдан маҳрум этди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъулларининг айтишича, яна 6 нафар қочқин маҳбус озодликда қолмоқда. Улардан бир нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG