Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Ўтунбаева миллий озчиликлар ҳақларидан баҳс этди


Қирғизистонда миллий озчилик вакиллари расмий органларда муносиб ўрин эгаллаши лозим.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева бу ҳақда Бишкекда ўтган “Марказий Осиёда миллий озчиликлар ҳуқуқларининг таъминланиши ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки” деб номланган анжуманда гапирди.

Президентнинг айтишича, айни пайтда Қирғизистонда 80 дан ортиқ миллат вакиллари яшамоқда.

- Сўнгги 20 йил давомида биз мамлакатда консенсусни сақлашга ҳаракат қилдик, аммо кўплаб хатоликларга ҳам йўл қўйилди. Бу ҳақда биз Қирғизистон Халқлар ассамблеяси қурултойида ҳам гапирдик. Қурултойга келган 800 дан ортиқ делегат мамлакат бундан кейин қандай ривожланиши кераклиги ҳақида очиқ ошкора ва мураккаб баҳсни юритдилар, - деди президент Ўтунбаева.

Унинг айтишича, Ўш қирғини миллатлараро муносабатлар сиёсатини тўлалигича қайта кўриб чиқилишига туртки бўлди. Бу йўналишда Этник тараққиёт концепцияси ишлаб чиқилди ва бу ҳужжат 18 июнда бўлиб ўтган Қирғизистон Халқлар ассамблеяси қурултойида қабул қилинди.

- Ҳозир биз бу концепцияни амалга тадбиқ этишимиз керак. Асосий вазифа Қирғизистонда яшаётган барча этник гуруҳларнинг ижтимоий ҳаёт, маҳаллий ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот тузилмлараи ва парламентдаги иштирокини фаоллаштириш керак. Масалан, президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Шухрат Собиров этник ўзбек, яқинда президентнинг ҳукуматдаги вакили лавозимига дунган миллатига мансуб қизни тайинладим. Ўйлайманки, бундай тайинловлар ҳукуматда ва бошқа тузилмаларда ҳам бошланади, - деди Роза Ўтунбаева.

Айни пайтда Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари этник озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи қуруқ сўзлар билан чекланиб қолмаслиги лозимлигини айтмоқдалар. Бу борада ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат ҳукуматини Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия тавсияларини бажаришга чақирмоқдалар.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Қирғизистон парламенти халқаро комиссия хулосасини ва тавсияларини тан олмаслигини билдириб, мазкур комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда исталмаган шахс сифатида топиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

“Энг аввало, миллий судлов тизимидаги камчиликларни, жумладан, қонун устиворлиги принципига ҳурматсизликни, милиция ходимлари томонидан маҳбусларга қилинаётган шафқатсиз муомалани, қамоқлардаги қийноқларни бартараф этиш лозим. Бу каби ҳаракатларни содир этганларнинг жазоланмай қолаётгани, мамлакат жанубида фуқароларнинг адолатли судлов ҳуқуқи қўпол тарзда бузилаётгани Қирғизистондаги барқарорликка ва миллатлараро ишончнинг қайта тикланишига таҳдид бўлиб қолмоқда”, дейилади ҳуқуқ ҳимоячиларининг президент Ўтунбаевага йўллаган очиқ мактубида.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари президент Ўтунбаевадан Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши юзасидан янги ва холис тергов бошлашни, Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия тафсияларини ҳаётга тадбиқ этишни талаб қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG