Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:05

ЕИ Лукашенкага босимни кучайтирмоқда


Александр Лукашенка режимига нисбатан биринчи марта санкциялар қўлланилаётгани йўқ.
Александр Лукашенка режимига нисбатан биринчи марта санкциялар қўлланилаётгани йўқ.

Европа Иттифоқи душанба куни ўнлаб беларуслар киритилган “қора рўйхат”га яна тўрт кишининг исм-фамилиясини қўшди.


Иттифоққа аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг душанба куни Люксембургда бўлиб ўтган учрашувида Беларусдаги уч ширкатга нисбатан ҳам санкциялар жорий этиладиган бўлди.

Бундан ташқари Беларусга қурол сотишга ҳам эмбарго қўйилди.

Қурол ишлаб чиқарувчи “Белтехэкспорт” ширкати, “БТ Телекоммуникация” компанияси ҳамда “Спорт-Пари” ширкати қора рўйхатга кирган ширкатлар бўлиб, уччаласи ҳам мамлакатнинг энг бадавлат кишиси, Лукашенконинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Владимир Пефтиевга қарашлидир.

Пефтиевнинг ўзи ҳамда яна уч мулозим расмий Минскнинг мухолифатга босим ўтказаётганига жавоб тариқасида Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилди.

Иттифоқ ташқи ишлар вазирлари фикрича, Беларусга сотиладиган қурол ҳам мухолифатга қарши қўлланилиш хавфи бор ва шунинг учун қурол сотишга ҳам эмбарго қўйилди.

Шу пайтгача 190 га яқин беларусга нисбатан чекловлар белгилаб қўйилган эди. Бу рўйхат жорий йил давомида яна кенгайдики, бу чоралар Беларус президенти сайловидан сўнг Лукашенка режими мухолифатга қарши ўтказган репрессияларига жавоб бўлди. Сайловдан кейин норозилик намойишлари уюштирди деган баҳона билан президентликка номзодлардан уч нафари ўтган ойда қамоққа ташланди.

Беларусга нисбатан санкциялар қўллаш масаласида Иттифоққа аъзо давлатлар, Италия ва Латвиядан ташқари, якдиллик кўрсатди.

Латвия ўз позициясини Беларусдаги иқтисодий манфаатларига зарар етиши билан изоҳлади.

Финляндия ташқи ишлар вазири Александр Стубб кеча Брюссел учрашувига етиб келиши биланоқ Беларусга қарши чоралар ҳар томонлама ўрганилгач қўлланилиши тўғрисида гапирар экан, жумладан мана бундай деди.

- Менимча, санкциялар қўллашда ўзгаришларга чақираётган кишиларни нишонга олмаслик аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳар доим ҳам чора қўлланилганида энг тўғри йўлни танлашга ҳаракат қилинади. Бу чоралар ҳар доим ҳам 100 фоиз самара беришига ишона олмайман.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашувида январдан буён биринчи бор Белорусдаги вазиятга баҳо берилди.

Беларус юзасидан қабул қилинган ҳужжатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласида, демократия ва қонун устиворлиги масалаларида Белорусдаги вазиятдан чуқур ташвиш билдирилган ва расмий Минск барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришга ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклашга чақирилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Беларусда оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бораётгани таъкидланар экан, мамлакатдаги икки йирик газета “Наша Нива” ва “Народная Воля” газеталарини Ахборот вазирлиги томонидан ёпишга уринилаётгани, Авторадионинг лицензияси бекор қилингани қораланган.
XS
SM
MD
LG