Линклар

Тонг олдидан сандуғочлар саси келар


 "Қишки Хива" - Ўзбекистонда 1873 йилда қурилган биринчи театр жадидлар масканига айланди.

"Қишки Хива" - Ўзбекистонда 1873 йилда қурилган биринчи театр жадидлар масканига айланди.

Прагада ўтаëтган халқаро санъат квадриналесида Татаристон театр арбоблари иштирок этмоқда.


Санъатнинг тўрт тури, рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, видеоарт билан бирга театр безаш санъати янгиликлари ҳам Прага анжуманида намойиш қилинмоқда.

Татар театр арбоблари бу анжуман доирасида ўз изланишларини намойиш қилиш билан биргаликда дунë театр санъати оламидаги новатор ғоялар хусусида мунозара қилмоқда.

Анжуманда иштирок этаëтган татаристонлик театр арбобларидан бир гуруҳи душанба куни Озодлик Радиоси ўзбек хизматида меҳмон бўлди.

- Биз ëшлигимиздан Ботир Зокиров қўшиқларини эшитиб улғайганмиз, Тошкентга борганимизда доим ўзимиз билан пластинклар олиб келар эдик, дейди Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби Қозон давлат қўғирчоқ театри бош режиссери Илдус Зиннуров.



Миллат зеҳниятини шакллантиришда театр муҳим рол ўйнайди ва бу зеҳният ëшликдан шаклланиши учун болалар театри ўта муҳим дейди Татаристондаги болалар театри мудири Роза Яппарова.

- Биз болаларга оқни қорадан, яҳшини ëмондан ажратишни ўргатамиз. Болаларимиз адабий тил қоидаларини, тилимиз бойлигини биз сахналаштирган спектакллар воситасида ўрганишади.

Татаристонлик санъатшунос Рауза Султонова назарида миллат руҳи ва тили яшаб ривожланадиган жой театрдир.

- Айни шу мақсадда бундан 100 йиллар муқаддам Қозондаги татар зиëлилари Туркистоннинг, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқон шаҳарларига бориб театрлар ташкил қилишган. Уларнинг мақсади Туркистон халқини уйғотиш, маърифатли қилиш бўлган.

Раузахоним Султонова келтирган факт, яъни татар жадидларининг Туркистондаги фаолияти ҳақида марҳум ўзбек профессори Бегали Қосимов қатор мақолалар ëзган.

Туркистон халқларининг чор истибдодидан қутулишга ва жоҳиллик, диний мутаассиблик ботқоғидан ҳалос бўлишга чақирувчи ташвиқотда халқ орасида татар афандилар деб ном қозонган қозон зиëлилари катта рол ўйнаган эди, деб ëзган эди Бегали Қосимов ўзининг жадидлар тарихига оид мақоласида.

Бундан 100 йил олдин жадидлар ухлаëтган Туркистон халқини инқилоб момоқалдироғи билан эмас, балки булбул сасларига омухта маърифат воситаси театр томошалари билан уйғотишга уринган эди, дер экан Рауза Султонова Тонг олдидан сандуғочлар саси келар деган қадимий қўшиқдан парча ижро қилди.

Девони луғотут туркда сандуғоч калимаси булбулни англатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG