Линклар

Ислом Каримов учун мактаб директори хайфсан олди


Боткен вилояти Лайлак туманидаги “Қайрағоч” ўрта мактаби директори Интизор Холматовага ўқувчилари “Ислом Каримов – президентимиз”, дегани учун Қирғизистон республикаси таълим вазирлиги хайфсан эълон қилди.

Аки-Пресс агентлиги хабарига қараганда, яқинда вазирлик мутахассисларидан бир гуруҳи асосан ўзбеклар яшовчи Қайрағоч қишлоғида бўлган ва бу ердаги “Қайрағоч” ўрта мактаби ўқувчиларидан президентлари кимлигини сўраган. Саволга жавобан “Ислом Каримов”, деган жавобни эшитишган.

Ўқувчиларининг бундай жавоби учун хайфсан олган мактаб директорининг айтишича, Қирғизистонда ўзбек мактаблари учун дарсликлар йўқлиги сабабли ўқувчилар Ўзбекистонда чиқарилган дарсликлардан фойдаланишга мажбурдир. Бу дарсликларнинг биринчи бетида эса,Ўзбекистон президенти портрети, “Президентимиз Ислом Каримов”, деган ёзув ҳамда Ўзбекистон мадҳияси матни босилган.

Қирғизистон президенти куни кеча бундан буён республикадаги барча бошланғич мактабларда таълим қирғиз тилига кўчирилажагини эълон қилди.

Шу кунда мамлакат бўйлаб таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 200 дан зиёд мактаб бор.
XS
SM
MD
LG