Линклар

Би-би-си мухбири Хўжанддаги хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонасига кўчирилди.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг қаттиқ тартибли ҳибсхонасида тўққиз кун сўроқ қилинган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов 22 июн куни эрталаб Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонасига кўчирилди.

Усмонов шароити нисбатан яхшироқ ҳибсхонага кўчирилиши баробарида бугун куннинг иккинчи қисмида яқинлари билан учраштирилиши ваъда қилинган эди.

Бироқ маълум бўлишича, айрим расмиятчиликлар сабабли учрашув бошқа кунга қолдирилган.

21 июн куни эса Ўринбой Усмонов рафиқаси, ўғли, акаси ва синглиси билан учраштирилган эди. Уларнинг учрашуви хавфсизликнинг икки ходими томонидан назорат қилиб турилган.

Суҳбатдан аввал хавфсизлик қўмитаси ходимлари Ўринбой Усмоновдан: “Биз сизни урдикми, мана рафиқангиз ҳамма ерда “урди, ураяпти” деб информация тарқатиб юрибди. Бирор киши урдими сизни?”, дея маҳбусни яқинлари ҳузурида сўроққа тутган.

- Дадам: “Йўқ, мени ҳеч ким ургани йўқ”, деб нима қилиб айтаяпти-да. Лекин мен барибир ишонмайман бунга. Дадам бутунлай тушкунликка тушган, руҳан қаттиқ синган, - дер экан Ўринбой Усмоновнинг ўғли Ойбек отаси билан умуман эркин суҳбатлаша олмаганини қўшимча қилди.

Маҳбус журналистнинг рафиқаси Малоҳат Абдуазимованинг Озодликка маълум қилишича, тўққиз кун ичида Ўринбой Усмоновнинг саломатлиги анча ёмонлашган.

- Зўрға кўришаяпти, бир қўллари назаримда ишламаяптими - билмайман. Акалари билан саломлашишдаям қўлларини чўзолмаяпти. Ичлари, бағирлари эзилганми – билмайман, энгашиб зўрға юриб кирди, - дейди маҳбус журналистнинг рафиқаси Малоҳатхон.

- Дадам боши, юраги,оёғи оғриётганидан шикоят қилди. Доктор керак, стационар доктор кириб кўриши керак барибир ёки бирор шифохонага ётқизилиши керак, - дейди Ойбек Усмонов отасининг саломатлигидан ташвишга тушганини яширмай.

Журналистнинг яқинларига кўра, суҳбат давомида Ўринбой Усмонов ўзига қўйилган айблар “бўҳтон”лигини бир неча марта такрорлаган.

- “Қўйилаётган айблар ҳаммаси нотўғри, ҳаммаси менга қилинаётган бўҳтон”, деди. Кейин “умуман таҳрирчиларни танимайман, учрашган бўлсам ҳам соҳам бўйича гаплашгандирман. Лекин уларнинг “Ҳизбут- Таҳрир” эканини умуман билмаганман”, деб айтди, - дейди Малоҳат Абдуазимова.

Экстремистик ташкилотга аъзоликда гумонланиб, тўққиз кундан буён Миллий хавфсизлик қўмитасининг Хўжанддаги ҳибсхонасида сақланаётган Ўринбой Усмоновга ҳимоячисининг аризаси асосида тиббий хизмат кўрсатилиши мумкинлиги ваъда қилинган.

- “Адвокатларинг орқали ариза киритинглар, кейин биз докторга кўрсатамиз”, деди улар. Бугун адвокатимиз ариза ёзиб, мурожаат қилса, дадамга тиббий ёрдам кўрсатилади, - дейди Ойбек Усмонов.

Бироқ Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова маҳбусга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун ариза шарт эмаслигини айтди.

- Вақтинча сақлаш изолятори бошлиғи бевосита маҳбуснинг саломатлигига масъулдир. У маҳбуснинг саломатлиги ёмонлашганини билган заҳоти унга тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши шарт. Бордию ярим тунда маҳбуснинг аҳволи оғирлашиб қолса, унда адвокат ариза бермагунича унга тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги керакми? Бу ҳаммаси ортиқча расмиятчилик, бошқа томондан бу ҳибсхона масъулларининг маҳбус тақдирига лоқайдлигидан далолат беради, - дейди ҳимоячи Воҳидова.

Адвокат хонимнинг гапларига қараганда, сиёсий хусусиятга эга бўлган жиноятларда гумонланиб Тожикистон ҳибсхоналарида сақланаётган маҳбусларга деярли тиббий ёрдам кўрсатилмайди.

Эслатсак, Би-би-си Жаҳон хизматининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов “Ҳизбут-таҳрир”га алоқадорликда гумонланиб, 13 июн куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг Хўжанд шаҳридаги қаттиқ тартибли ҳибсхонасига солинган эди.

Кеча журналистнинг яқинлари билан учрашувда қатнашган хавфсизлик ходимлари Ўринбой Усмонов ҳизбчиликда айбланиб, ҳибсга олинган уч кишининг кўрсатмаси билан ушланганини билдирган.

Ўринбой Усмоновдан бир кун аввал “Ҳизбут-таҳрир” ташкилотининг Сўғд вилояти бўйича амири Шариф Ёқубов Душанбе шаҳрида қўлга олинганди.

Ўтган ҳафтада Ўринбой Усмонов билан учраштирилган Pressa.tj мухбири “Ўринбой Усмонов “амир” билан учрашганини эътироф этгани” ҳақида хабар тарқатганди.

- Элнура Мустафоева ва Илҳом Жамолиён ёзган гаплар ҳаммаси нотўғри экан. “Ҳаммаси нотўғри, мен уларга ҳечам бундай гапларни айтганим йўқ, унинг (Шариф Ёқубов назарда тутилаяпти - таҳр.) амирлигини ҳам билмасдим. Булар бу гапларни қаердан олиб ёзишди?” деб роса хафа бўлди, - дейди Малоҳат Абдуазимова.

Аснода дунё мамлакатларидаги қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “Ўринбой Усмонов касбий фаолияти учун қамалганини” айтиб, тожик ҳукуматидан журналистнинг зудлик билан озод этилишига чақиришда давом этмоқда.

22 июн куни Лондонда Ўринбой Усмоновнинг ҳамкасблари ҳам журналистни озод этиш талаби билан навбатдаги норозилик намойиши ўтказди.

Ўринбой Усмоновни озодликка чиқариш йўлида халқаро талаблар кучаяётганига қарамай, Тожикистон томони ҳозиргача бу чақириқларга ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG