Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:07

HRW: Холжигитов зудлик билан озод қилиниши керак


Ҳибсда қолаётган 63 ёшли Норбой Холжигитовнинг соғлиғи жиддий ёмонлашгани айтилмоқда.
Ҳибсда қолаётган 63 ёшли Норбой Холжигитовнинг соғлиғи жиддий ёмонлашгани айтилмоқда.

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг соғлиги оғирлиги боис уни зудлик билан озод қилишга чақирди.


Human Rights Watch 22 июн куни эълон қилган баёнотда айтилишича, ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг соғлиғи жиддий оғирлашган. Ташкилот қанд касаллиги билан оғриган ҳуқуқ фаоли адолатсиз равишда қамоққа ташлангани ва расмий Тошкентни уни зудлик билан озод қилишга чақирди.

HRW Европа Иттифоқи вакиллари жорий йил 23-24 июн кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида ўтказадиган сўзлашувларида Холжигитовнинг тақдирини кун тартибидаги асосий масала сифатида кўтариши лозимлигини таъкидлади.

HRW баёнотида Норбой Холжигитовнинг қанд касаллиги билан оғриётгани унинг оёғининг тиззадан пастки қисмида гангрена бошлангани ҳақида ёзди.

Норбой Холжигитовнинг ўғли Ҳаётилланинг айтишича, отасининг соғлиги ёмонлашгани боис уни жорий йил 1 май куни Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси – "Сангород"га ўтказишган.

Ҳаётиллага кўра, айни пайтда отасининг аҳволи ниҳоятда оғир.

- Отам қамоқхонадан чиқаринглар деган энди. Уни чиқаришни имкони йўқ. Даволатаяпмизда шу ерда. Сангородда. Сахари баланд. 14/6 бўлибди. Яна бронхит астма бошланаяпти экан. Кейин қовуқ тарафда без пайдо бўлган. Простата безлари шамоллаганми, шу таъсир қилганми қўллари уюшиб туради. Оëқ тиззагача кўкарган. Бориб тиш қўйдирдим ўзим. Тиши йўқ эдида. Началникнинг олдига кириб, рухсат олиб ташқаридан тиш ясатиб олиб кириб бердимда,- деди Ҳаётилла.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов Норбой Холжигитов соғлигидан ташвиш билдириб, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳаракатларини кескин қоралайди.

- Ҳозирги пайтда Норбой Холжигитовнинг аҳволи ҳақиқатан жуда оғир. Оëқлари ишламай қолган, кўкариб кетган, умуман қандли диабет, кўзлари кўрмай қолган. Шунақанги ниҳоятда қийин аҳволда. Норбой Холжигитов 10 йилга қамалган бўлса, “қамоқда қийноқларга тутилиши керак, ноинсоний таҳқирлашларга дучор бўлиши керак” деган ҳукм йўқ у ерда. Демак, шунақа муносабатда бўлган одамларни Ўзбекистон ҳукумати жазолаши керак. Афсуски, уларни жазоламаяпти ҳам. Норбой Холжигитов аллақачон қамоқдан чиқарилиши керак эди. Умуман қамалмаслиги керак эди. Аслида бизнинг кўп аъзоларимизга нисбатан шунақа қийноқлар қўланилаяпти. Мана Алишер Кароматовнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Ҳабибулло Оқпўлатовнинг аҳволи ниҳоятда оғир. Андижон воқеаларидан кейин бизнинг 25 аъзомиз қамалган. Ҳозирги пайтда 11та аъзомиз қамоқда ëтибди. Жуда кўплари мана шунақа қийноқларга, таҳқирлашларга дучор бўлаяпти. Норбой Холжигитовни қамоқдан чиқарилиши керак деб ҳисоблаймиз. Унга нисбатан қийноқлар қўллайдиган, таҳқирлайдиган одамларнинг ҳаммаси жазоланиши керак,- деди Абдужалил Бойматов.

63 ёшли Норбой Холжигитов тўққиз фарзанднинг отаси. Бир пайтлари Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холжигитов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати аъзоси бўлган.

1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йил “Озод деҳқонлар партияси”га аъзо бўлган.

Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг 4моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG