Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:03

Интизор Холматова: Менга хайфсан берилмаган


Қирғизистон Маориф вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатда нафақат ўзбек мактаблари, балки қирғиз мактабларида ҳам дарсликлар етишмаслиги муаммоси бор.
Қирғизистон Маориф вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатда нафақат ўзбек мактаблари, балки қирғиз мактабларида ҳам дарсликлар етишмаслиги муаммоси бор.

Лайлакдаги “Қайрағоч" мактаби директори Интизор Холматова Қирғизистондаги айрим ахборот агентликларининг ўзи ҳақида тарқатган хабари ёлғонлигини айтди.

“Боткен вилояти Лайлак туманидаги “Қайрағоч” ўрта мактаби директори Интизор Холматовага ўқувчилари “Ислом Каримов – президентимиз” дегани учун Қирғизистон республикаси таълим вазирлиги хайфсан эълон қилди”.

Дастлаб Бишкекдаги қирғиз тилли, кейин эса рус тилли ахборот агентликлари нашр этган бу хабар тасдиқлангани йўқ.

Тасдиқланмагани шуки, мактаб директорига хайфсан берилганидан Қирғизистон Маориф вазирлигининг хабари йўқ, ўзбек мактабидаги ўқувчилар баралла овозда “Президентимиз - Ислом Каримов” деб айтишганини ҳам ҳеч ким ўз қулоғи билан эшитмаган.

“Қайрағоч” ўрта мактаби директори Интизор Холматова мазкур хабар ўзининг Бош вазир Алмазбек Атамбаев билан учрашувда сўзлаган нутқи айрим журналистлар томонидан нотўғри тушунлгани оқибатида пайдо бўлган, деб ҳисоблайди.

- Қишлоғимизга Бош вазир Алмазбек Атамбаев келган эди. Мен бу учрашувда район кенгаши депутати сифатида мактаблардаги вазиятни, мактабларда ўқув қуроллари, дарсликлар етишмаслиги ҳақидаги фактларни айтдим. Менинг сўзларим нотўғри талқин қилинибди, кейин менга вазирлик томонидан хайфсан ҳам берилмаган. Ҳақиқатан ҳам ўзбек мактабларида дарсликлар етишмайди, биз Ўзбекистонда чиқарилган дарсликлардан фойдаланишга мажбурмиз. Айниқса 5-синфдан бошлаб дарсликлар етишмаслиги жуда катта муаммо.

Озодлик: Ўзбекистон дарсликларини ўқиган ўқувчилар ҳақиқатан ҳам “Президентимиз Ислом Каримов” деб билишадими?

- Бундай ҳодисалар, бизнинг мактабимизда бўлмаса ҳам, бошқа мактабларда бўлган. Масалан, тожик мактабларига борганимизда, айрим ўқувчилар президентимиз Имомали Раҳмон, деб айтишган, - дейди Боткен вилояти Лайлак туманидаги “Қайрағоч” ўрта мактаби директори Интизор Холматова.

Қирғизистон Маориф вазирлиги масъуллари Интизор Холматовага хайфсан берилганини инкор этса-да, вазирликнинг жамоатчилик назорат кенгаши қирғиз тилли бўлмаган мактабларда қандай дарсликлардан фойдаланилаётганини ўрганувчи махсус комиссия ташкил этилганини қайд этадилар.

Маориф вазирлиги жамоатчилик назорати кенгаши аъзоси Абубакир Жўраевнинг айтишича, хабар тасдиқланмаган бўлса ҳам, бундай муаммо Қирғизистонда мавжуд.

- Бу муаммо анча олдин пайдо бўлган. Масалан, 1995 йилда Аравон туманидаги мактаблардан бирида текширув ўтказилганда, ўқувчилар Ислом Каримовни Қирғизистон президенти сифатида тилга олишган. Бундай ҳодиса кейинги йилларда такрорланмаган, деб ҳеч ким айта олмайди. Шунинг учун ҳам биз бу масалани текшириш учун махсус гуруҳ ташкил этдик, - деди Абубакир Жўраев.

Айни пайтда Лайлак туманидаги “Бобур” номидаги мактаб директори Садриддин Камолов ўзбек мактаблари учун дарсликларнинг етишмаслиги катта муаммога айланганини, расмийлар эса бу муаммони ҳал қилиш йўлида фақат ваъда бериш билангина чекланаётганларини айтади:

- Бизнинг мактабимизда таълим икки тилда олиб борилади. Қирғиз синфларида дарсликлар таъминоти 95-97 фоизни ташкил этади. Ўзбек синфларида эса бу кўрсаткич 45-50 фоиздан ошмайди, - дейди Садриддин Камолов.

Лайлакдаги 4-гимназия ўқитувчиси Моҳира Маҳмадаминова бундай шароитда ўқувчиларгина эмас, ўқитувчилар ҳам қийналаётганини айтади:

- Ҳамма мактабларда китобларнинг етишмаслиги асосий муаммо. Рус мактабларида Россия дарсликлари асосида ўқитилади. Бу дасрликлар ҳам маънан эскирган. Қирғиз мактабларидаги китобларнинг ҳам асосий қисми эски ва совет даврида нашр этилган. Ўзбек мактаблари эса энг оғир аҳволда. Ўзбек мактабларида Қирғизистон дастури бажарилади ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонда Совет даврида чиқарилган китоблар ўқитилади. Ўқитувчилар ўзбек мактаблари учун Қирғизистонда чиқарилган бир-иккитагина китобни ксерокопиядан чиқариб, ўқувчиларга тарқатади, - дейди Моҳира Маҳмадаминова.

Қирғизистон Маориф вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатда нафақат ўзбек мактаблари, балки қирғиз мактабларида ҳам дарсликлар етишмаслиги муаммоси бор. Лекин “бу муаммо қачон ҳал этилади?” деган саволга жўяли жавоб йўқ.
XS
SM
MD
LG