Линклар

Пушти рангга бўялган совет танки яна Прага марказида

  • Абдулла Искандар

Пушти рангга бўялган танк устига ўрта бармоқ ҳам ўрнатилган.

Пушти рангга бўялган танк устига ўрта бармоқ ҳам ўрнатилган.

Прагада ўтаëтган “Озодлик ҳафтаси” тадбирлари Чехославикиядан совет қўшинлари чиқиб кетганлигининг 20 йиллигига бағишланди.


1991 йилнинг 21 июнида охирги совет аскари Чехословакияни тарк қилди.

Совет аскарлари 1968 йилда Чехословакия коммунизм йўлидан чалғимасин дея танклар билан Прагага кириб келган эди.

Ўшандан кейин 75 минг совет солдати чех ва словаклар коммунизм қуюшқонидан чиқмаслигининг гарови сифатида Чехославакияда муқим турадиган бўлди.

Варшава шартномаси ташкилоти тугатилгач Совет қўшинларининг Чехословакияда туришига қонуний асос қолмади.

Совет аскарлари Прагани тарк қилар экан, улардан бир қатор ëдгорликлар қолди.

Ана шундай ëдгорликлардан бири Прага марказидаги майдонларидан бирида турган совет танки эди.



Иосиф Сталин номи билан аталган 23 рақамли бу танкнинг 1945 йилда Прагани немис фашистларидан озод қилишда иштирок этгани айтилади.

Тарихчилар назарида бу ерда бир оз янглишлик бор.

Ҳақиқатда эса, Прага марказига илк кириб келган Совет танки Т-34 русумида бўлган ва жангда ëниб вайрон бўлган.

Совет раҳбарияти эса янги заводдан чиққан ИС-2 танкини пойдевор устига ўрнатиб, Т-34нинг шухрат мақомини унга ўтказишган.

Ҳар бир чехословак ўқувчиси бу танк ҳақидаги шеърни ëд олишга мажбур эди.

Мен Уралда Сибир пўлатидан ясалдим,
Прага ғалабаси учун ташалдим.
Буюк Сталин номи билан аталган,
Сизларга тинчлик атаган,
23 рақамли танкман.

1968 йили Совет танклари Прагани ишғол қилганидан кейин рус танки чехлар шуурида ëмонлик тимсолига айланди.

1991 йилнинг 21 июлида ўша пайтда тасвирий санъат билим юртининг 23 яшар талабаси, рассом Давид Черни бу танкни аëллар ички иштони ранги – пушти рангга бўяди.

Оёғи осмондан осилган от минган авлиё Вацлав ҳам Давид Черни асаридир.
Бу рассомнинг санъатдаги сўз бошиси ва Совет ишғолига қарши исëни бўлди.

Аммо қонун назарида рассом ҳатти ҳаракати – ëдгорликка зарар етказиш эди.

Рассом Давид Черни ўша кунларда қамалишдан қўрқиб бекиниб ҳам юрди.

Аммо чех жамиятидаги аксилсовет кайфият устунлик қилиб, Черни қилган иш санъат перформенси деб топилди.

Танкни постаментдан олиб омборга жўнатишди, аммо қайта бўяшмади.
Сталин номидаги танк пуштилича қолди.

Давид Чернининг санъатдаги илк қадами эса омадли келди.

Прагани ишғол қилганидан уялиб, ерга кириб кетаётган Совет танки.
Энди рассом қилмишидан уялиб, ерга кириб кетаëтган танк перформенсини яратди.

Праганинг Вацлав майдонида, мамлакатда христианликни жорий қилган муқаддас княз Вацлавни тескари осилиб турган от қорнига минган ҳолда тасвирловчи ҳайкални ишлаб киноя қилди.

Прага марказидаги телеминорага ўрмалаëтган кал болалар ҳайкалини ëпиштириб қўйди.

Кафка музейи олдида чоптираëтган бола ҳайкалини тикди.

2008 йили Чехия Европа Иттифоқига раислик қилганида рассом Давид Черни иттифоқ қароргоҳи пештоқига безак илишга буюртма олди.

Давид Черни яратган паннода Болгария ҳудуди турк ҳожатхонаси сифатида тасвирлангани сиëсий жанжалга мавзу бўлди.

Аммо бундай жанжаллар Давид Черни ижод дарахти учун оби-ҳаëт каби бўлгани кузатилди.

20 йил ўтиб Давид Черни пуштига бўяган танкнинг яна намойиш қилиниши совет ишғоли хотираси эмас, балки рассом илҳомига эҳтиром сифатида кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG