Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:42

Ўзбеклар Россияда ўрнашмоқда


Санкт-Петербургда ўзбек тилида чиқадиган "Турон" газетаси.
Санкт-Петербургда ўзбек тилида чиқадиган "Турон" газетаси.

Свердловск вилоятида ўзбеклар минтақавий миллий-маданий жамияти тузилди. “Карвон” Россияда кейинги бир неча йил ичида тузилган кўплаб ўзбеклар жамоаларининг навбатдагисидир. Бу ташкилотлар Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилани айтилмоқда.


Свердловск вилоятининг Первоуральск шаҳрида минтақада биринчи ўзбеклар жамияти тузилди. Бу ғоя ташаббускори, асли бухоролик тадбиркор Илҳом Миржоновга кўра, “Карвон” ўзбеклар жамияти меҳнат муҳожирларига юридик маслаҳат бериш, уларга зарурий хужжатларни расмийлаштириш, иш берувчилар билан юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш ва бошқа ёрдам кўрсатишга мўлжалланган.

- Анча йилдан бери шу ишни қиламиз деган эдик, қилиб олдик. Бири паспорти йўқотган, иккинчиси – уйга кетаолмайди. Бу ерда жуда кўп ўзбек оилалари яшайди. Шуларга ёрдам бериш керак, болаларини мактабга жойлаштириш керак, болницага қўймайди, милиция масаласида... Турли тадбирлар қиламиз. Биринчи бошланиши жуда қийин бўляпти, маблағ йўқ. Ўзимизча шароит қиляпмиз-да. Куни кеча масжидга ош бердик. Бу ердаги ўзбек болалар жуда қийналиб кетди, шуларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этдик бу ташкилотни, дейди Илҳом Миржонов.

Бухоронинг Қоракўл туманидан бўлган Илҳом Миржонов Свердловскка бундан 15 йил олдин келиб қолгани ва ҳозирда Россия фуқаролигини олганини айтади.

Свердловск вилояти Федерал миграция хизмати мутассаддилари тарқатган маълумотга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярмида вилоятда 104 минг меҳнат муҳожири қайдга олинган. Улардан 37 минги – Ўзбекистон фуқароларидир.

Илҳом Миржонов ноқонуний мигрантлар билан ҳисоблаганда Свердловск вилоятида ўзбекистонликлар сони аслида бир неча баробар кўпроқ эканини тахмин қилади.

- Ташкил топганимизга бир ой бўлди, лекин бошлашимиз жуда қийин бўляпти. Маблағ йўқ, бу ердаги ўзбекларнинг ўзи қийин аҳволда, кўплари кетаолмай юрибди. Кеча Ўзбекистондан иккита хат келди, менга милициядан беришди: 6-7 йилдан бери уйига бормайдиган болалар бор бу ерда. Свердловск жуда катта вилоят, унда ўзбеклар жуда кўп... Бу ерда битта консулство очиш керак, чунки булар паспортсиз Москвага бораолмайди, Новосибирск узоқ. Мана шунга бош қотиб қолди,- дейди Первоуральскда ўз фаолиятини бошлаган “Карвон” ўзбеклар ташкилоти раҳбари Илҳомжон Миржонов.

Унинг сўзларига кўра, ташкилот қошида Свердловск вилоятида мигрантлар учун биринчи ётоқхона ҳам ташкил этилмоқда. Шунингдек, жамият оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш мақсадида махсус жамғарма ҳам тузишни режалаштирган, дейди Миржонов.

Россиянинг турли минтақаларида ўзбек жамиятларидан ташқари ўзбек тилида чоп этилаётган нашрлар ҳам кўпаймоқда. Астраханда Роскомнадзор” бошқармаси рўйҳатга олган “Бизнинг газета. Астрахань” нашри ана шулардан биридир.

Газета ташаббускори ва ҳомийси - Астрахан ёшлар уюшмаси раҳбари ва маҳаллий ўзбеклар жамияти фаоли, адвокат Азамат Алимов гапиради:

- Бу идея эскидан бор эди-да. Шу йилнинг бошидан бу иш билан жипс шуғулланиб газетани очиш учун официално қайддан ўтдик. Ҳозирча журналистларни жамлаб, давлат идоралари билан контакт туздик. Мана, губернатор ёрдамчиси биринчи интервьюни беряпти бизга. Ўқув юртлари, ёзувчилар, тарихчилар билан алоқа қилиб материал йиғяпмиз. Ўзбекистондан газета, телевидениедан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлганлар чиқди. Тўғриси, бу сиёсий бўлмаган газета: ўзингиз биласиз сиёсатга қўшилмаган яхши. Газетада миллатимиз, маданиятимиз, тарихимиз ҳақида ёзилади,- дейди Астрахандаги биринчи ўзбек нашри ташаббусчиси Азамат Алимов.

У Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари биринчи бўлиб Астрахандан ўтиши боис, бу ерда ўтроқлашиб кетаётган ўзбеклар кўпайиб бораётганини айтади.

- Россияда ҳам аллақачон туғилиб ўсган, кўпдан бери яшаётган ўзбеклар бор. Тахминан, маҳаллийлашиб кетган ўзбеклар 8-10 минг кишини ташкил этади. Мигрантлар ҳам 10-15 мингга бориб қолади. Кейин, бу ерда қозоқ ва бошқа туркий миллатлар кўп бўлгани учун миллатчилик ёки бошқа, деган проблемалар кам. Москва, Петербургда, ўзингиз биласиз, проблемалар кўп-ку, дейди Азамат Алимов.

Астрахан ёшлари ташкилотини бошқараётган адвокатнинг сўзларига кўра, “Бизнинг газета. Астрахань” дастлаб 5 минг нусхада тўлиқ унинг ҳомийлигида босмадан чиқади. Газетанинг биринчи сони келгуси ой ичида чоп этилади ва бепул тарқатилади.

Озодлик бундан аввал Санкт-Петербургда марказий осиёликлар учун “Петербург.уз” ва “Турон”газеталари чоп этила бошлагани ҳамда Волгоградда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси тузилгани ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG