Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Би-би-си журналистлари Ўринбой Усмонов ҳимоясига чиқди


22 июн куни Лондонда Би-би-си радиосининг юзлаб журналистлари Тожикистонда ҳибсга олинган ҳамкасблари Ўринбой Усмоновни озод этиш талаби билан навбатдаги норозилик намойиши ўтказди.


Лондон марказида, Би-би-си бош қароргоҳи - Bush House биноси олдида ўтказилган норозилик намойишида Би-би-си Жаҳон хизматининг журналистлари ҳамкасблари Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишига норозилик билдириб, Тожикистон ҳукуматидан журналистни зудлик билан қўйиб юборишни сўрашди.

Би-би-си ўзбек шўъбаси хабар қилишича, намойишда иштирок этган Би-Би-Си Жаҳон Хизматининг бошлиғи Питер Ҳоррокс Би-би-си ўзининг Тожикистондаги мухбирини "ташлаб қўймаслигини" айтди.

"Биз Ўринбой Усмонни ташлаб қўймаймиз. Барча ҳукуматларни Тожикистон ҳукуматига имкон қадар босим ўтказишга чақирамиз,” - деди Питер Ҳорокс.

Би-би-си журналистлари Тожикистон ҳукуматидан Ўринбой Усмоннинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Би-би-си ўзбек шўъбасининг бош муҳаррири Ҳайрулла Убайдуллаев Озодлик билан суҳбатда айтишича, тўққиз кундан бери ҳибсда қолаётган Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари билан ўз касбий фаолияти доирасида учрашган ва журналистнинг таъқиқланган бирор бир диний ташкилотга алоқадорлиги бўлмаган.

- Бугун Лондон марказида Би-би-си жаҳон хизматининг идораси жойлашган жойда юзлаб Би-би-си журналистлари йиғилишиб, ҳамкасбимиз Ўринбой Усмоннинг Тожикистонда ҳибсга олинганлиги ва унга қўйилган айбловлар юзасидан норозилик билдиришди ва барча журналистлар Тожикистон ҳукуматидан Ўринбой Усмоновни зудлик билан қўйиб юборишни сўрашди.

Озодлик: Ўринбой Усмонга нисбатан расман айблов эълон қилиндими?

- Бизга расман Тожикистон томони қандай айбловларни олдинга сураëтгани ҳақида аниқ бир ўзларининг қарорларини беришгани йўқ. Турлича талқинлар, турлича одамлардан, турлича Тожикистон ташкилотларидан турфа фикрлар келаяпти. Масалан, бирлари айтади Ҳизб ут-Таҳрирга алоқаси бор дейди, бирлари Ҳизб ут-Таҳрирга аъзо дейди, бошқалари Ҳизб ут-Таҳрирнинг адабиëтларини тарқатган дейди. Лекин аниқ бир гап айтилаëтгани йўқ. Менинг назаримда Тожикистон ҳукуматининг ўзи, уни ушлаган одамларнинг ўзи Ўринбой Усмоновга қандай айб қўйилаëтгани борасида бир қарорга келишгани йўқ.

Озодлик: Лекин 20 июн куни расман эълон қилинди деган хабар тарқатилган эди.

- Расман эълон қилинди деган хабар тарқатилди. Кейин биз Ўринбой Усмоннинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова билан гаплашдик қандай айбловлар бўлаяпти деб. Кейин яна қариндош-уруғларига бошқача хабарлар келган. Би-би-сига ҳеч ким “Биз сизларнинг мухбирларингизни мана бу айблар бўйича айбламоқдамиз” деган хат билан ëки мурожаат билан чиққани йўқ.

Озодлик: Би-би-сининг ўзи қандай муносабат билдиради? Нима сабабдан Ўринбой Усмонов ҳибсга олинди деб ўйлайсизлар?

- Би-би-си бу ҳақда икки бор муносабатини баëнот орқали маълум қилди. Иккала баëнотда ҳам Ўринбой Усмон ўзининг касби тақозоси билан Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари билан ëки Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари деб кўрилаëтган шахсларнинг қариндош-уруғлари билан гаплашган, Би-би-сига бу ҳақда хабарлар берган бўлиши мумкин. Лекин у мутлақо Ҳизб ут-Таҳрирнинг ëки бошқа бир қанақа бўлишидан қатъий назар партиянинг аъзоси эмас, деди Би-би-си журналисти Ҳайрулла Убайдуллаев.

20 июн куни ҳам Лондондаги Тожикистон элчихонаси биноси олдида йигирмага яқин журналист Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойиши ўтказган эди.

Ўринбой Усмон ҳимоясига чиққан ҳамксаблари.




Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Freedom House , Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинганидан хавотир билдирди.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси директори ўринбосари Роберт Маҳоуни Би-би-си мухбирига қўйилаётган айбловлар "сиёсий ва диний мавзуларни цензура қилишга уриниш" дея баҳолади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийси Дуня Миятович ҳам Ўринбой Усмонов тақдиридан хавотир билдириб, Тожикистон томонга расмий мурожаат билан чиқиб, журналистнинг ҳибсга олинишини “Тожикистонда нозик масалаларда қалам тебратадиган журналистларнинг овозини бўғиш учун яна бир ҳаракат бўлиши мумкин, деган хавотирдаман” дея таъкидлади.

Айни пайтда АҚШ ва Ғарбдаги ўнлаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларида жиддий хавотир уйғотган ва шу кунда дунё матбуоти бош мавзусига айланган Ўринбой Усмоновнинг тақдири юзасидан тожикистонлик мулозимлар бирор-бир муносабат билдирганларича йўқ.
XS
SM
MD
LG