Линклар

logo-print

Москвадаги элчилар Роғун ГЭСи устида баҳслашди

  • Садриддин Ашур

Роғун масаласи Тошкент ва Душанбе муносабатлари совуқлашишининг асосий сабаби сифатида кўрилади.

Роғун масаласи Тошкент ва Душанбе муносабатлари совуқлашишининг асосий сабаби сифатида кўрилади.

Роғун ГЭСи муаммоси илк бор Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Москвадаги элчихоналари ўртасида баҳсга сабаб бўлди. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ходимлари тожик ҳамкасбларининг “Тожикистон сув ресурслари Марказий Осиё минтақасида бирлаштирувчи фактор бўлиб хизмат қилиши мумкин” сарлавҳали мақоласига эътироз билдириб, эълон қилган “Фактлар ва ҳиссиётлар ҳақида” сарлавҳали мақоласида Роғун ГЭСи қурилиши масаласида Ўзбекистон ўз позициясида собит эканини таъкидади.


Роғун ГЭСига оид баҳсу-мунозараларнинг икки давлат элчихоналари даражасига ўтиши илк бор кузатилмоқда.

Шу йилнинг 14 июнь куни Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ўз сайтида “Тожикистон сув ресурслари Марказий Осиё минтақасида бирлаштирувчи фактор бўлиб хизмат қилиши мумкин” сарлавҳали мақола эълон қилди. Бу мақолада Ўзбекистон Республикасининг ғайридўстона позицияси сабаб Тожикистон ҳукумати ва халқи энергетик инқироздан чиқиш имконлари деярли йўққа чиқарилгани иддао қилинади.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Темурбек Шамсибаев Озодлик билан суҳбатда, тожик ҳамкасбларининг мақоласидаги фикрларга бундай муносабат билдирди:

- Тожикистон элчихонаси сайтида эълон қилинган пресс-релизда Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига оид позицияси нотўғри талқин қилинган. Бизнинг позициямиз бир хил турибди. Роғун ГЭСи қурилиши Тожикистон ҳукуматига мойил бўлмаган холис халқаро экспертлар томонидан экспертиза қилиниши керак. Россия президенти Медведев ҳам Ўзбекистонга қилган сафари чоғида бизнинг позициямизни қўллаб-қувватлаган эди,- дейди Ўзбекистон элчихонаси матбуот хизмати раҳбари Т. Шамсибаев.

Тожик дипломатлари ўз мақоласида икки халқ ўртасидаги минг йиллик қариндошчиликка урғу берар экан, шу билан бирга Тожикистонда фуқаролар урушининг бошланишида “меҳрибон қўшни хизмати” борлигини қайд этади.

Ўзбек дипломатлари эълон қилган мақолада бу айбловга бундай жавоб қайтарилди:

“Тожикистон ўзининг ички муамоларидаги асосий сабабчи Ўзбекистон эканлигини иддао қилар экан, тожик дипломатлари мамлакатдаги фуқаролик уруши гўёки қўшни давлатнинг айби билан бўлган, деб айтишгача бордилар. Мақола муаллифлари ўз ватанларининг яқин тарихини ҳам ўрганишга эринган, шекилли. Улар бу ҳақда яхшироқ билиш учун ўша воқеаларнинг гувоҳи, ўша пайтда ҳукумат раҳбарларидан бири бўлган, ҳозирда элчи, ҳурматли Абдулмажид Достиевга мурожаат қилса яхши бўларди”, дейилади Ўзбекистон элчихонасининг жавоб мақоласида.

Роғун ГЭСи устидаги тортишувлар икки давлатнинг Москвадаги элчихоналаридан аввал ҳам анчадан бери давом этиб келади ва икки томон ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бу баҳсларнинг элчихоналар даражасига ўтгани вазиятнинг таранг эканлигидан далолат беради:

- Албатта бу вазиятнинг жуда чигал эканлигидан ва икки томон ҳам ўзининг қарашларидан, ўзининг манфаатларидан воз кечмаëтганлигидан далолат. Тожикистон Роғун ГЭСига эришиш учун ҳар қандай нарсага тайëр бўлса, Ўзбекистон ҳам Роғун лойиҳасини тўхтатиш учун ҳар қандай нарсага тайëр эканлиги тўғрисида сигнал бераяпти.

Каримов ўтган йил БМТда қилган чиқишида тўртта муаммодан биттаси ҳам экологик вазият ва Роғун ГЭСига қаратилган эди. Яъни Каримов мана шу ўзининг қарашларидан ва ўзининг позициясидан мутлақ воз кечмаслигини билдирди. Яъни ҳаддан ташқари юқори даражага олиб чиқди конфронтацияни, лекин бу ҳозирча дипломатик ва сиëсий кўринишда давом этаяпти,- дейди К. Раббимов.

Икки мамлакат ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилишда Россиянинг қўллашини истайди ва Роғун атрофидаги “оғриқли” тортишувлар айнан Россиядаги икки давлат элчихоналарининг дипломатлари орасида бўлаётгани бежиз эмас, дея давом этади сиёсатшунос.

- 2009 йилда эсингизда бўлса, Медведев Самарқандга келиб, Каримов билан учрашган эди ва шунда Медведев ва Каримов ўртасида бир савдо бўлган эдики, Ўзбекистон ўзининг газ ва бошқа экспорт маҳсулотларини Россия орқали кўпроқ четга чиқаради, бунинг эвазига Россия Ўзбекистон қарашларини қўллаб-қувватлаши керак эди. Ҳудди шундай бўлганди ҳам. Медведев “Бу лойиҳалар қўшни давлатлар манфаатини инобатга олган ҳолда қурилиши керак”, яъни Ўзбекистон ҳақ деган бир гапни айтган эди.

Ундан кейин маълум бир пауза бўлаяпти. Россия умуман ўзининг позициясини 180 градусга қайта ўзгартиргани йўқ, лекин ўша позицияда бироз чекиниш бўлди. Мана ҳозир Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия Роғун масаласида арбитрга айланиб қолганига анча бўлаяпти. Шунинг учун Россиянинг позицияси, менимча, кейинги пайтларда бироз олдинги айтилган фикрлардан дистанциялашди ва ўртада мувозанатли позиция ишлаб чиқишга қаратилган дейишимиз мумкин,- дейди сиёсатшунос К. Раббимов.

Тожикистонлик сиёсатшунос Қосим Бекмуҳаммедов фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Роғун ГЭСи масаласида Россиянинг таянчини исташи иккала давлатга зиён келтиради холос:

- Россия ҳеч қачон Ўзбекистон ёки Тожикистон манфаатини ҳимоя қилмайди, у ҳар қандай лойиҳани энг аввало ўз манфаатидан келиб чиқиб қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам бу ўринда унга ишониб турган давлатнинг ўзи куйиб қолиши қолиши мумкин. Бу муаммони икки давлат ўзаро келишиб ҳал қилмаса, четдан ҳеч ким ҳал қилиб беролмайди,- дейди тожикистонлик сиёсатшунос Қ. Бекмуҳаммедов.

Роғун ГЭСига оид мунозаралар жорий ҳафтада авжига чиққан кўринади.

21 июнь куни Ўзбекистон парламентида ўз фракциясига эга бўлган Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳам Европарламент раиси Ежи Бузекига мактуб жўнатиб, Европа парламенти Европарламент экологлар гуруҳи раҳбари Струан Стивенсоннинг Роғун ГЭСи лойиҳасига оид баёнотига эътироз билдирди.

Стивенсон ўтган ҳафта Тожикистонга қилган сафари чоғида, Роғун ГЭСи қурилишига оид ўз муносабатини билдирган эди:

- Мен Ўзбекистон позициясини ва унинг Роғунга қарши қўяётган далилларини тушунмадим. Мен ўз ҳисоботимда минтақадаги беш давлатга Роғуннинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини ўрганиб чиқдим ва Роғуннинг қурилиши минтақани сув билан таъминлаш учун муҳим эканлигини англадим.

ГЭСнинг қурилиши Ўзбекистон учун ҳам фойдали. Зеро у Тожикистондан арзон электр энергияни сотиб олиши ва газу-нефтини электр энергия ишлаб чиқариш учун сарфлаши шарт бўлмайди, балки уни сотиб фойда олиши мумкин. Роғуннинг нафақат Тожикистонга балки дарёнинг қуйи оқимида жойлашган бошқа давлатларга ҳам катта аҳамияти борлигини Ўзбекистон тушуниши керак,- деди Европарламентнинг экологлар фракцияси раҳбари С. Стивенсон.

Ўзбекистон экологик ҳаракатининг халқаро алоқалар гуруҳи раҳбари Аваз Худойбердиев Европалик ҳамкасбининг бу баёнотларидан хайрон қолганини яширмайди:

- Стивенсон кўп баёнотлар чиқариб юборган ОБСЕнинг номидан. ОБСЕга мурожаат қилдик. ОБСЕнинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ экан у докладга. ОБСЕдан бизларга шунақа жавоб беришди. “Ҳеч қанақа алоқамиз йўқ. Фақат Қозоғистонда вакил бўлган” дейишди. Масалан, Европада бўлиб туриб бизларнинг шароитимизни у қанақа қилиб тушунади? Яшамаган бўлса бу ерда. Бир-икки марта келиб кетиб, қилган хулосалари нотўғри. Бу ëқда қанча мутахассислар ана шу нарсаларни олдиндан экспертиза қилишган. Сейсмик зонада жойлашганлигини ҳам ҳамма билади. Бизлар унча тушунмадикда уни. Бу шароитни тушунмай ҳар хил гапларни ëзгани нотўғрида,- дейди Ўзбекистон экология ҳаракати вакили А. Худойбердиев.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати 2011 йилда Роғун лойиҳаси учун 850 миллион сомоний ёки тақрибан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Тожикистон Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тушади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG