Линклар

logo-print

Иккинчи жаҳон уруши ўзбек ижодкорлари сафини камайтирди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистоннинг 6,5 миллионлик аҳолисидан 1,5 миллиони Иккинчи жаҳо урушида қатнашган, уларнинг ярим миллионига яқини уйига қайтмаган.

Ўзбекистоннинг 6,5 миллионлик аҳолисидан 1,5 миллиони Иккинчи жаҳо урушида қатнашган, уларнинг ярим миллионига яқини уйига қайтмаган.

Бундан 70 йил олдин 22 июн тонгида нацист Германияси Совет Иттифоқига қарши уруш бошлади.


Ўзбекистон ҳам ўшанда Совет Иттифоқи таркибида эди. Мамлакат бўйлаб оммавий сафарбарлик бошланди.

Ўша пайтда 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллион одам урушга жалб қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, бу урушда ярим миллион ўзбек ҳалок бўлган.

Гарчи мамлакатдаги санъат арбоблари, ëзувчи шоирларни урушдан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса-да, ўзбек рассомлари, шоир ва ëзувчилари урушнинг биринчи кунлариданоқ фронтга олиб кетилган.

Рассом Баҳром Ҳамдамий, шоир Султон Жўра, кинодраматург Эргаш Ҳамроев каби ўзбек зиëлилари бу урушнинг илк ойларида қурбон бўлишди.

Аксар совет зиëлиларига урушдан паноҳ бўлган Тошкент ўзининг ижодкор фарзандларини урушдан сақлаб қола олмади.

Урушда ўлган кинодраматург ва актëр Эргаш Ҳамроевнинг ўғли Али Ҳамроев ўз отаси ҳақида фильм суратга олмоқда.

- Адам раҳматли қарамадилар. 1942 йил феврал ойида вафот этган. Окружениега тушганда улар. Мен 1973 йилда гўрини топдим. Бордим. Қўлимда битта қоғоз бўлган. Қора қоғоз қўлимда бўлган. Бориб ўрмонларнинг ичида юрдим, топдим. Ҳозир ўғлим Алиэргаш Ҳамроев ҳам режиссëр. Ҳозир иккаламиз ҳужжатли филм яратаяпмиз дадам тўғрисида эсдаликка,- дейди Али Ҳамроев.

Озодлик билан суҳбатда Али Ҳамроев 1937 йил қатағонларидан омон қолган ўзбек ижодкорлари уруш гирдобига аëвсиз жўнатилгани ҳақида гапиради:

- Ўша пайтда ҳар ҳафта повесткалар келган. Ўзбекфильмга военкоматдан ҳар ҳафтада бир марта қоғоз келган. Мана шанба куни соат 7 да воинский плошчадкага 15 киши олиб келинглар, урушга олиб кетамиз уларни. Дадамга ҳам повестка келди, кетди. Комил Ëрматовга ҳам повестка келган. У Усмон Юсуповнинг ëнига бориб, Усмон Юсупов уни қолдирган. Йўлдош Аъзамов Ëш томошабинлар театрига ўтди. Театрда ишласа, армияга олмаган. Қуëнларни ўйнаб юрган. Шоирлар ҳам, рассомлар ҳам кетган. Уруш энди, нима дейсиз.

Озодлик: Ижодкорларни олиб қолиш ҳақида қарор бўлганку. Шоирлар, ëзувчилар, бошқалар эвакуация қилинган. Бу ердан қанақадир адолатсизликнинг ҳиди келмаяптими?

- Тўғри. Шароф Рашидович раҳматли менга бир марта суҳбатда айтди. “Алижон, шу уруш тўғрисида, даданг тўғрисида яхши битта фильм қилгин. Сен билмайсан. Мен сенга очиқ гап айтаман. Ўзбекистондан 450 минг аскар вафот этган. Агар фоизга қарасак, энг кўпи Ўзбекистондан урушда қолиб кетган. Улар ҳеч тилни билмаса, милтиқ қўлида ушламаса, мана шунақа кетди ҳаммаси, деди,- дея эслайди режиссёр.

"Отам урушга жўнатилишидан олдин миллатчи дея НКВДда сўроқларга ҳам тутилган эди", дейди Али Ҳамроев.

- Дадам икки йил қамоқда бўлганда. Уларни жуда урган, жуда қийналган. Дадам, Наби Ғаниев ва бошқалар 22 киши зиндонда бўлган. Кейин 1939 йилда озод бўлган. Барибир изи қолиб кетган халқ душманисан деб. Дадам раҳматли ойимга “Мен ҳозир бориб мени урушдан сақланглар деб айта олмайман. Мен бориб урушга қатнашаман озодлик учун” деб айтган. Ватанпарвар бўлган ўзи. Фронтдан нечта хат юборган "Гитлера убьëм, вернëмся", деб. Дадамга озгина пул қарз бўлган Ўзбекфильм. Бермаган экан. Битта хатда “Ўзбекфильмга бориб ялинмагин. Илтимос қилмагин. Фронтда пул қоғоз. Ғалаба қилиб қайтиб келсак, ҳаммаси бизники бўлади. Ҳам шон-шараф, ҳам пул, ҳам тилла бизники бўлади”, деб ëзган, дея эслайди Али Ҳамроев.

Уруш бошланганида Совет раҳбарияти ижодкор зиëлиларни урушдан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Қарордан кейин минглаб Совет зиëлилари Ўзбекистонга эвакуация қилинди.

Бу қарор ўзбек зиëлиларига ҳам тааллуқли эди. Аммо 1937 йил қатағонларида бир-бирига ëв қилинган, бир-бирининг устидан чақувлар ëзишга мажбурланган ўзбек зиëлилари ўзларини уруш чангалидан қутултира олишмади.

Ўзбеклардан чиққан илк рангтасвирчи рассом Баҳром Ҳамдамий, шоир Султон Жўра урушнинг илк кунлариданоқ “замбарак еми” ўлароқ урушда нобуд бўлишди.

Мухбирингизга 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти Бола Бахши ўзи билан боғлиқ ҳикояни айтиб берган эди.

"Уруш бошланганда Бола Бахшига фронтга бормаслик ҳуқуқини берган бронь қоғозини маҳаллий мулозим намойишкорона йиртиб ташлаб, уни урушга юборади. Ҳарбий раҳбарият жанггоҳга оддий аскар сифатида келтирилган Бола Бахшининг Ўзбекистон халқ артисти эканини билиб қолиб, уни дарҳол орқасига қайтаради. Хивадаги маҳаллий мулозим эса, Бола Бахши Абдуллаевни яна қайта урушга жўнатади. Махаллий мулозим қайсарлигини кўрган ҳарбийлар энди Бола Бахшини Хивага эмас Каттақўрғонга қайтаришади. Шундай қилиб уруш даврида Бола Бахши “Мажидий” номли Каттақўрғон театрида ишлайди."

Кинорежиссëр Али Ҳамроев 1973 йилда уруш ҳақида фильм олиш учун манзара қидираëтиб, бир рус кампирнинг ўзбек аскари ҳақидаги ҳикоясини эшитади.

- Мен 1973 йилда қишлоқда юриб битта кампир билан гаплашган эдим. У айтиб берган эди. “Немислар бу ëққа келган. Босган. Бизнинг аскарларимиз ўрмонда бекинган. Бир марта деразадан қарасам, қоп-қора йигит қорда менинг ҳовлимга келаяпти. Ўзбекка ўхшайди. Ҳамма ëғи йиртиқ. Чўлоқ юрибди. Оëғида қон. Озғин. Мен деразани очиб “қочгин, немислар шу ерда”, дедим. Немислар ҳовлига чиқиб, уни кўриб, у бола немисчасига “мен кичкинаман, мен кичкинаман” деяпти. Немислар отиб ташлади”, дейди. Кейин немислар ўрмонга кирган. Аскарлар улардан қочиб, дарахтга чиққани учун қотиб ëпишиб қолган. Немислар уларни ëғоч билан тушириб, расмга олиб роса кулишган. Жуда ëмон бўлган, дейди Али Ҳамроев.

Бу лавҳани тайëрлаш жараëнида уруш ветеранлари масалалри билан шуғулланадиган “Нуроний” республика жамғармаси раҳбарлари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Улар назарида, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақида йилда фақат бир кун - 9 май хотира ва қадрлаш кунида гапириш лозим.

Бошқа кунлари улар ҳақида республика Мудофаа вазирлиги гапирсин, дейди "Нуроний" жамғармаси республика кенгаши мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG