Линклар

Келаси 18 ой давомида АҚШ нинг Афғонистондаги қўшинлари учдан бирга қисқартирилади.


АҚШ 2012 йилнинг ёзигача 33 минг ҳарбийсини олиб чиқади.

Бу ҳақда баёнот берган АҚШ президенти Барак Обама Вашингтон ҳамда унинг иттифоқчилари Ал-Қоиданни мағлуб этиш режасини деярли адо этганини эълон қилди.

Президент Обамага кўра, АҚШ ҳарбийлари 2014 йилгача хавфсизлик масъулиятини тўлалигича Афғонистон кучларига топширади.

– Биз кўплаб жанглар бўлган жойда сиёсий муросага эришмасдан туриб, тинчлик ўрнатилмаслигини биламиз. Шунинг учун биз Афғонистон ҳукумати ва хавфсизлик хизматини иқтидорини кучайтираяпмиз. Америка Афғонистон ичидаги ўзаро ярашиш ташаббусини қўллайди, унга толиблар ҳам жалб қилиниши мумкин. Бизнинг позициямиз аниқ: бу жараён Афғонистон ҳукумати томонидан уюштирилиши керак, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишини истаганлар Ал-Қоида билан, зўравонлик билан алоқани узиб, конституцияга риоя қилишлари лозим. Биз қўйган мақсадга эришса бўлади,- деди Барак Обама.

Обаманинг мазкур нутқини АҚШ нинг деярли барча каналлари ҳамда дунёнинг етакчи телевидениелари эфирга узатди.

Айни пайтда АҚШ жамоатчилиги президент Обамадан АҚШ нинг 10 йилга чўзилган энг узоқ муддатли урушини тўхтатишни талаб этмоқда. АҚШ конгресининг кўчилик аъзолари Афғонистондаги урушда ғалаба қозониш имконсиз деган фикрда. Боз устига урушни давом эттириш инқирозга шўнғиган АҚШ иқтисодиёти учун қимматга тушмоқда.

АҚШ қўшинлари уч йилдан сўнг Афғонистондаги ҳарбий миссиясини якунлар экан, бу муддат ичида Афғонистоннинг мутлақо хавфсиз мамлакатга айланишига ҳеч ким ишонаётган йўқ. Ҳатто Барак Обама ҳам ўз нутқида АҚШ нинг қўлидан келмайдиган ваъдаларни беришга шошилмади.

"Биз Афғонистонни зўр мамлакатгга айлантиришга уринмаймиз ҳам. Биз бу мамлакат кўчаларию тоғларини кезиб тинчлигини сақламаймиз. Бу ишларнинг ҳаммаси Афғон ҳукуматининг вазифасидир. Афғонистон ҳукумати ўз халқини ҳимоя қилиши ҳамда урушга асосланган иқтисодий моделидан тинчликка барпо этилган иқтисодиётга кўчириши керак."

Қўшма Штатларини Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиш режасини икки босқичда амалга ошириш ниятида. Жорий йил ёзида 5000 нафар аскар уйига қайтарилса, яна 5 минг нафари йил охиригача Ватанига қайтарилади.
Келаси йилда Афғонистондан қўшимча 23 минг аскар олиб чиқилади.

Пентагон президент Обаманинг бу режасини қўллаб-қувватламаётир. АҚШ нинг Афғонистондаги бош қўмондони Дэвид Петреус "қийинчилик билан эришилган қалтис муваффақиятни асраб қолиш учун" қўшинларни чиқариш жараёни секинроқ амалга оширилиши керак деб ҳисоблайди.

Шу кунда Афғонистонда АҚШнинг 100 минг нафар атрофида ҳарбий хизматчиси мавжуд. НАТО га аъзо давлатлар Афғонистонда 132 минглик қўшинларини жойлаштирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG