Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:11

Ўшлик авдокатлар таҳдидлардан безор бўлди


Қирғизистонда Ўш қирғинида айбланиб ҳибсга олинганларнинг адвокатларига нисбатан таҳдидлар яна бошланди.

Валерян Вахитов сўнгги бир неча ой ичида Ўшда биринчи бўлиб таҳдидга учраган адвокатлардан бири. Унга Ўш шаҳар суди биносида 16 июн куни жабрланувчи тарафнинг вакиллари ҳужум қилишган ва 2010 йилнинг июнидаги воқеаларда ишторок этганликда айбланиб қўлга олинган ўзбек йигитини ҳимоя қилишдан воз кечишини талаб этишган.

- Бир-икки аёл менга ташланди, бир аёл мени ёқамдан ушлаб урмоқчи бўлди. Аммо суд биносини қўриқлаётган милиция ходимлари мени ҳимоя қилишди. Буни янгилик деса бўлади, чунки авваллари милиция ходимлари бундай вазиятда фақат томошабин бўлиб туришар эди. Шу пайт конвойлар менинг ҳимоямдаги айбланувчини олиб чиқишди. Ўнга яқин аёл унга ташланиб, калтаклашди. Конвой айбланувчини ғазаб отига минган аёллар қўлидан аранг қутқариб қолди, - дейди Валерян Вахитов.

Унинг айтишича, 2010 йилда ўшлик адвокатлар мунтазам тарзда суд залларида ва ташқарида таҳдидларга учраб келганлар. Ҳужумчилар судлар ва прокурорлар томонидан очиқ-ошкора қўллаб-қувватлангани, бунинг оқибатида Ўш қирғинида айбланиб қўлга олинган ўзбеклар адолатли судловдан маҳрум бўлгани ҳақида халқаро ташкилотлар бонг уриб келганлар.

Маҳаллий адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар бундай вазиятга норозилик билдиргач, Қирғизистон ҳукумати адвокатларни таҳдид ва ҳужумлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Бунинг натижасида Ўшда адвокатларга таҳдидлар ва ҳужумлар деярли йўқ бўлган эди.

- Аммо кейинги пайтда бу жараён яна қайта бошланиб қолди. Менимча, бундай таранглик вазияти сақланиб туришидан кимдир манфаатдор. Мен бу ҳақда Ўш шаҳри ва вилояти прокурорларига ҳам айтдим. Аммо улар адвокатларнинг аризаси юзасидан бирор чора кўришга ожизлик қилмоқдалар, - дейди Валерян Вахитов.

22 июн куни эса Ўш шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтаётган суд жараёнида адвокатлар Татяна Томина ва Улуғбек Усмонов Ўш қирғинида қотиллик содир этганликда айбланаётган ўзбекларни ҳимоя қилаётгани учун номаълум аёллар таҳдид қилишган ва калтаклашмоқчи бўлишган. Татяна Томина ўзини ва ҳамкасбини ҳарбий қисм аскарлари сақлаб қолганини, аскарлар адовкатларни яширин йўллар орқали ҳарбий қисмдан чиқариб юборишганини айтди.

- Ҳатто Олий суд биноси йўлакларида ҳам жабрланувчи тараф вакиллари мени очиқдан-очиқ ҳақорат қилишди. Мени ҳақорат қилишаётганини ёнимда турган прокурор жимгина, жилмайиб кузатиб турди. Мен бу ҳақоратларга жавоб қайтарсам, прокурор менга: “Сен нега фитна қўзғаяпсан?” деб дўқ урди. Мана шундан ҳам адвокатларга таҳдидлар қилинишидан ким манфаатдор эканини тушунса бўлади, - дейди Татяна Томина.

Суҳбатдошимизга кўра, ўшлик адвокатлар ўзларига қилинаётган таҳдидлар юзасидан прокуратура тузилмаларига юзлаб аризалар берганлар. Аммо бу аризалар эътиборсиз қолдирилмоқда.

- Адвокатларга таҳдид қилганлардан фақат биттасигина жазоланган. Терговчилардан бири адвокатларга: “Сизларнинг уйингизга ташлаб қўйиш учун ҳам патрон етади”, деб таҳдид қилгани учун ишдан олинган. Аммо уни кейинроқ махсус милиция бўлинмасига ишга олишган, - дейди Татяна Томина.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси, маҳаллий прокуратура тизимлари, Олий суд расмийлари адвокатларга суд биноларида таҳдидлар ва ҳужумлар бўлаётганини рад этишиб, адвокатлар етарли даражада ҳимоя қилинаётганини иддао қиладилар.

“Амнести интернешнл”, Хюман Райтс Уотч каби халқаро ташкилотлар эса Ўш қирғинида айбланаётганларнинг адвокатларига таҳдидлар ва ҳужумлар бўлаётганидан бонг уриб, Қирғизистон ҳукуматини адвокатлар хавфсизлигини таъминлашга чақириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG