Линклар

Ўшда снайперлар бўлганми?


Расмийлар Қирғизистон жанубида ўтган йил июн ойида содир бўлган қонли воқеалардан сўнг турли қуроллар билан биргаликда снайперлик милтиқлари ҳам мусодара қилинганини билдиргандилар.

Расмийлар Қирғизистон жанубида ўтган йил июн ойида содир бўлган қонли воқеалардан сўнг турли қуроллар билан биргаликда снайперлик милтиқлари ҳам мусодара қилинганини билдиргандилар.

Ўтган йилги Ўш қирғини чоғида қўлга олингани расман эълон қилинган ва ажнабий экани айтилган ўнга яқин снайпер билан боғлиқ вазият тушунарсизлигича қолмоқда.

Ўш қирғини пайтида снайперлар томонидан тинч аҳолига ва ҳарбийларга қарата ўқ отилгани ҳақида кўплаб гувоҳликлар бор. Ўтган йили бу ҳақда Муваққат ҳукуматда куч ишлатар тузилмаларни бошқарган Азимбек Бекназаров ҳам расман билдирган эди. Бироқ орадан бир йил ўтгач, расмийлар Ўш қирғинида иштирок этган снайперлар масаласини четлаб ўтишга ҳаракат қилишмоқда ва бу борада бир-бирига зид келувчи баёнотларни беришмоқда.

Масалан, Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Бақит Алимбеков Ўш воқеаси ўрганилганда ёлланма снайперлар иштироки ҳақида далиллар тасдиқланмаганини айтади:

- Ўш қирғинида хориждан келган снайперлар иштирок этгани ҳақида турли гап-сўзлар бўлган. Бироқ хорижлик ёлланма снайперлар бўлгани ҳақидаги далиллар тасдиқланмаган. Албатта, Ўш қирғинида қўлида қурол бўлгани учун ҳибс қилинган одамлар бор. Лекин уларнинг хорижлик ёлланма снайпер экани ҳақида бирорта далил мавжуд эмас, - деди Бақит Алимбеков.

Ички ишлар вазирининг яна бир ўринбосари Қурсан Асанов эса Ўш қирғини кунлари снайпер экани гумон қилинган хориж фуқаролари ҳақиқатан ҳам қўлга олингани ҳақида маълум қилади:

- Ўш қирғини кунлари маҳаллий аҳоли томонидан снайперликда гумон қилинган уч нафар хорижлик қўлга олинган эди. Биз бу факт юзасидан маълумотларни тўплаб, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарига топширганмиз. Очиғини айтишим керакки, улар кейинчалик айблари тасдиқланмади, деган изоҳ билан ҳибсдан озод қилинган, - деди Қурсан Асанов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати расмийлари эса снайперлар мавзусини мунтазам тарзда четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар. Матбуот анжуманларида ҳам бу борада Миллий хавфсизлик хизмати расмийларига берилган саволлар жавобсиз қолмоқда.

Айни пайтда ўшликлар снайперларни ўз кўзлари билан кўрганликларини, ҳатто снайперлар қайси жойлардан туриб аҳолига ўқ узганлари тўғрисида ҳам маълумотларга эга эканликларини айтишади.

- Снайперлар бўлганига ҳечам шубҳа йўқ. Чунки снайперлар ўқидан ўлган одамларни кўрганмиз. Оддий қурол билан снайперлик винтовкасининг ўқи бир-биридан катта фарқ қилади. Ўш қирғини кунлари ҳам расмийлар: “фалонча снайперни қўлга олдик, фалонча снайперни отиб ўлдирдик”, деган маълумотларни берди. Орадан бир йил ўтиб расмийларнинг бу мавзуни ёпди-ёпди қилишга ҳаракат қилаётганлари шубҳалидир, -дейди ўшлик Қалис Абдиқаимов.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев ҳам маҳаллий аҳоли снайперлар ҳақида кўплаб гувоҳликларга эга эканини айтади:

- Алебастерова кўчасида аҳоли 11 июн куни эрталаб вертолётлардан снайперлар туширилганига гувоҳ бўлган. Навоий кўчасида ва Бўстон кўчаларида яшовчилар ҳам снайперларни кўришган. Масалан, Бўстон кўчасида снайпер ўқидан уч киши ўлган ва 2 киши яраланган. Снайперлар Сулаймон тоғи ва вилоят касалхонаси олдидаги кўп қаватли уйлар томида ҳам бўлган. Увомбўйи кўчасида ҳам кўп одамлдар снайпер ўқидан ҳалок бўлган, - дейди Изатулло Раҳматуллаев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси снайперлар ўқидан ҳалок бўлган конкрет шахсларнинг исмларини ҳам келтиради.

- Расмий доиралар снайперлар ҳақида қандай баёнотларни беришидан қатъий назар, снайперларнинг бўлгани факт. Масалан, мен айтишим мумкин, Шаробиддин Комилов Тўлайкан касалхонасига кетаётганида Сулаймон тоғидаги снайпер томонидан ўлдирилган. Орадаги масофа эса 3 километр бўлган. Калашников автоматларининг ўқи 2,5 километр масофага етади, холос. Бундай фактларни жуда кўп келтириш мумкин, - дейди Иззатулло Раҳматуллаев.

Айни пайтда бир қатор маҳаллий таҳлилчилар қирғиз расмийлари снайперлар тўғрисида бир-бирига зид келувчи баёнотларни бераётгани ҳам Ўш қирғинида ёлланма снайперлар иштирок этган, деган ишончни кучайтиришини айтадилар. Айрим таҳлилчилар “Қирғизистон ҳукумати қўшни давлатлар билан алоқларини совуқлаштирмаслик мақсадида снайперлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этишдан тийилаётир”, деган тахминни ҳам билдирганлар.

Шу ўринда Ўш шаҳар суд-тиббий экспертизаси эълон қилган айрим маълумотлар ҳам қизиқиш уйғотади. Бу маълумотда айтилишича, Ўш қирғини кунлари 108 одам жуда узоқдан отилган ўқдан ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Ўш қирғини кунлари турли қуроллар билан биргаликда милиция томонидан снайперлик винтовкалари ҳам мусодара қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG