Линклар

Душанбедаги футбол ўйини тартибсизликка уланди

  • Гулнора Равшан

14 июн куни Кўлоб шаҳрида "Равшан" ва "Истиқлол" командалари ўртасидаги ўтказилган футбол ўйини ҳам тартибсизлик билан тугаганди.

14 июн куни Кўлоб шаҳрида "Равшан" ва "Истиқлол" командалари ўртасидаги ўтказилган футбол ўйини ҳам тартибсизлик билан тугаганди.

22 июн оқшомида Тожикистон пойтахтида тартибсизлик келтириб чиқарган қирққа яқин фуқаро жиноий жавобгарликка тортилди.

Душанбенинг “ЦСКА-Помир” ва Кўлобнинг “Равшан” командалари ўртасида 22 июн куни бўлиб ўтган учрашув 3:2 ҳисоби билан кўлобликлар фойдасига якунланди.

Душанбе шаҳрининг жанубий ҳудудида жойлашган “Политехникум” майдонидан кўчага чиққан футбол мухлислари, воқеа гувоҳларининг айтишларича, йўл четдаги машиналар ва уйларни тошбўрон қилган.

- Стадионда 700 дан ортиқ мелиса бор эди. Майдон ичкарисида хавфсизлик масаласи жуда яхши йўлга қўйилганди. Тартибсизлик ўйиндан кейин кўчада бўлди. Оломон асосан 14 ва 16 ёшли болалардан иборат эди, - дейди воқеа гувоҳларидан бири бўлган Равшан исмли суҳбатдошимиз.

Гувоҳларнинг айтишича, йўлида учраган машина ойналари ва турар-жой биноларининг деразаларини тошбўрон қилиб, синдирган оломонни ҳатто милиция ходимлари ҳам тарқатиб юбора олмаган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Тоҳир Норматовнинг Озодликка маълум қилишича, шундан сўнг ОМОН ходимлари ёрдамга юборилган, воқеа жойига Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров ҳам етиб борган.

- Воқеа жойида қирққа яқин киши ҳибсга олинди. Лекин айтиш лозимки, бирор киши тан жароҳати олгани йўқ. Фақат учта машина ойнаси синдирилган, қолган зарарлар ҳозирча ўрганилмоқда. Тартибсизликда гумонланиб, қўлга олинганларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш очилди, - дея маълум қилди Тоҳир Норматов.

Шу ўринда айтиш жоизки, Тожикистондаги футбол командаларининг учрашуви шунинг билан учинчи марта жанжал билан якунланмоқда.

Аввалроқ Кўлоб марказий майдонида Душанбенинг “Истиқлол” ва Кўлобнинг “Равшан” командалари учрашуви сўнгида ҳам юзлаб футбол мухлислари жанжал чиқарган эди.

Ўшанда ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари тартибсизлик келтириб чиқарганларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаганди.

Кўлобдаги воқеада, расмий маълумотларга кўра, ўндан ортиқ киши турли тан жароҳатлари олганди.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, бу тартибсизликлар олдиндан уюштирилган бўлиб, унинг сиёсий омиллари мавжуддир.

- Бугунги кунда мамлакатимизда футбол ҳам сиёсий кураш усулига айланди. Бунинг ўзига хос сабаблари мавжуд. Асосий сабаби шундаки, фуқаролар, хусусан, ёшлар сиёсий тузим ўзгаришини истайди. Биздаги сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятларининг жуда заифлигини ҳис қилаётган ёшларимиз ўзгариш фақат Яқин Шарқдаги сингари инқилоб ёрдамида бўлиши мумкинлигини англаб етди ниҳоят, - дейди мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо.

Бошқа бир таҳлилчи Абдулло Ҳабибов мулоҳазасича, мамлакатдаги ижтимоий аҳвол, ижтимоий тенгсизлик, инсон ҳуқуқлари, виждон эркинлиги каби масалаларда ҳукумат мулозимлари томонидан йўл қўйилаётган адолатсизликлар халқнинг сабр косасини тўлдирган.

- Албатта бундай норозилик намойишлари, инқилоблар сиёсий режимдан норози мухолиф кучлар ва сиёсий партиялар томонидан режалаштирилади. Ёшлар эса шунчаки ижрочи, холос, - дейди хавфсизлик масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Абдулло Ҳабибов.

“Хўш, нега айнан Кўлобнинг “Равшан” командаси қатнашган ўйинлар шундай тартибсизликлар билан якунланаяпти?” дея сўраймиз таҳлилчидан.

- Ҳақли савол. Тожикистонда конститутциявий тузум барпо қилишда айнан кўлобликларнинг ҳиссаси кўпроқ бўлган. Уларнинг жамиятдаги нуфузи қандайлигини мухолиф кучлар, айрим доиралар жуда яхши билади. Улар: “Агар намойишларда кўлобликлар олдинги сафда бўлса, ҳукуматга айнан Кўлоб қарши турса, инқилоб ташкилотчилари мақсадга тезроқ етиш мумкин”, деб ўйлайди, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Абдулло Ҳабибов.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров футболдаги тартибсизликларга сиёсий бўёқ бериш нотўғрилигини айтади.

- Дунёнинг барча йирик давлатлари, жумладан, Москва, Берлин, Лондон каби шаҳарларда ҳам ўйиндан кейин фанатлар ўз ҳиссиётларини турли йўл ва ҳаракатлар билан намойиш қилмоқчи бўлади. Бизда ҳам айнан шундай ҳолат бўлган. Бунга сиёсий тус бериш мутлақо нотўғридир. Йилдан-йилга Тожикистонда ҳам демократия ривожланаётганини фуқароларимиз яхши англайди. Эндиликда фуқаролар ўз эркини европача шаклда ифодалаш мумкинлигини тушуниб етмоқда, - дейди Сайфулло Сафаров.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни Душанбе шаҳрида, 14 июн куни Кўлоб шаҳрида ва 22 июн куни яна Душанбе шаҳрида юзага келган тартибсизликларда қатнашган ўнлаб ёшлар Тожикистон қонунлари доирасида жиноий жавобгарликка тортилди. Ҳибсга олинганлардан бирор киши қўйиб юборилгани ҳақида маълумот йўқ.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалига тегишли “Истиқлол” футбол командасига рақиб кўрилган Кўлобнинг “Равшан” командасидан эса Кўлобдаги воқеа ортидан 3000 сомоний ёки сал кам 650 АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилди.
XS
SM
MD
LG