Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:56

Туркман-Ўзбек чегарасидаги уйлар бузилмоқда


Ўзбек ва туркман президентлари ўртасидаги илиқ муносабатлар туркманистондаги ўзбеклар тақдирида акс этгани йўқ.
Ўзбек ва туркман президентлари ўртасидаги илиқ муносабатлар туркманистондаги ўзбеклар тақдирида акс этгани йўқ.

Туркманистон расмийлари Ўзбекистон чегараси яқинидаги Тахта тумани ҳудудидаги биноларни бузишга киришди.


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Туркманистон ташаббус гуруҳи фаоли Фарид Тухватуллин Тахта туманидаги бузилишларга туркман харбийлари жалб қилинганлигини айтди.

Хоразмнинг Қўшкўпир тумани турғуни, Туркманистонга яқинда бориб келган Озодлик манбасининг айтишига кўра, қўшни Туркманистоннинг Ўзбекистон чегарасига туташ Тахта туманида 100 дан зиëд уй бузилган.

- Тумандаги чегара бўйлаб ëйилган Бешйиллик, Қорабой, Ойлак қишлоқларида ҳам бузилиш ишлари бугун эрта бошланиши мумкин.

Бу қишлоқлардаги камида 200 иморат чегарага ўта яқин жойлашган.
Суҳбатдошга кўра, бу иморатларда яшовчи Туркманистон фуқароси бўлган ўзбеклар уйи бузилишидан ҳавотир олишмоқда.

Асли туркманистонлик, ҳозир Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида яшаëтган жамоат арбоби Қуронбой Матризоевнинг Озодликка айтишича Ўзбекистоннинг Қўшкўпир туманига чегарадош Тахта туманида асосан ўзбеклар яшайди.

- Бу туманда асосан ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг иқтисодий аҳволи Ўзбекистондаги ўзбекларга нисбатан сал дуруст. Тахта туманидаги ўзбеклар пишиқ ғиштдан уйлар қуришган. Умуман Совет даврида ҳали чегаралар шаффоф пайтда Тахта ва Қўшкўпир туманлари аҳолиси бир-бирлари билан қуда-анда, қавм қариндош бўлиб кетишган, дейди Қ. Матризоев.

Яқинда Ўзбекистон давлат делегацияси таркибида Туркманистонга бориб келган Матризоев расмий Ашхободнинг Туркманистондаги ўзбекларга муносабати яхши томонга сал бўлса ҳам ўзгара бошлаганини айтади.

Ўзбеклар зич яшайдиган Тошҳовуз туманида яшаб улғайган ва ҳозир Австрияда муҳожиратда яшаётган Фарид Тухватуллин бошқача фикрда.

Туркманистон ташаббус гуруҳи фаолига кўра, расмий Ашхобод ўзбекларнинг Ўзбекистонга яқин ҳудудда тўп бўлиб яшашини истамайди.

Ўзбекларни мамлакат ичкарисининг овлоқ қисмларига тарқатиб юбориш ғояси марҳум Туркманбоши давридан бери парваришлаб келинган.

- Туркманистон мустақил бўлган илк кунларданоқ ўзбекча газеталарни таъқиқлаб қўйди. Ҳозир Туркманистонда ҳоким ўринбосари мақомида ҳам ўзбек мулозими йўқ. Агар бир туманда фақат ўзбеклар яшаса, у ерга албатта марказдан бирор туркманни бошлиқ қилиб юборишмоқда.

Ф. Тухватуллинга кўра, расмий Ашҳобод мамлакатдаги иқтисодий муаммолар айбдори сифатида ҳам ўзбекларни кўришни истайди.

- Туркман мулозимлари назарида чегара бўйидаги ўзбеклар Туркманистонда арзон нархда бўлган бензинни Ўзбекистонга сотиб мамлакат иқтисодига зарар етказишмоқда.

Уй бузиш туркман мулозимлари кенг қўллайдиган репрессив қўрқитиш услубларидан бири ва муаммо негизини Туркманистондаги режим моҳиятидан қидириш керак, дея давом этади Ф. Тухватулин.

- Тухумини қурутиш деган гап бор туркманларда. Улар масалан, мухолифат фаолларининг уйини бузишган. Танқидчи хофиз Агиш Сафаровнинг уйини бузишган. Энди чегарадаги ўзбекларнинг уйини бузишмоқчи. Мақсад қўрқитиб қўйиш. Аммо ўйиндан ўқ чиқиши мумкин. Яқинда Ашхобод яқинида уйи бузилганлардан 50 киши Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов саройига бориб намойиш қилишди. Пикет зудлик билан тарқатилган бўлса ҳам, бу туркман жамиятида сабр потенциали тугаëтганидан даракдир, дейди Ф. Тухватулин.

Туркманистон тарафи 1999 йилда бир тарафлама тарзда Ўзбекистон билан чегараси бўйлаб тиканли сим девори ўрнатишни бошлаган эди.

1999 йилдан бери 100 дан зиëд Ўзбекистон фуқароси Туркманистон чегарачилари ўқидан ҳалок бўлгани қайд этилган.

Бундай кўнгилсиз воқеаларнинг сўнггиси ўтган йилнинг 16 ноябр куни Хоразм вилояти Шовот туманида рўй берди. Ўшанда Туркманистонга туташ Бўзëп қишлоғи ҳудудига уч нафар туркман чегарачиси ўтиб, Шовот тумани Қангли қишлоғида яшовчи Мақсуд Ражаповни отиб ташлашган эди.
XS
SM
MD
LG