Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:24

“Халқ сўзи” учун яна битта тарқатувчи


Ўзбек матбуотчилари ҳукумат газеталари тиражини оширишнинг оригинал усулини топганини айтмоқда.
Ўзбек матбуотчилари ҳукумат газеталари тиражини оширишнинг оригинал усулини топганини айтмоқда.

Ўзбекистонда яна битта газета-журнал тарқатувчи давлат ширкати ташкил қилинади. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон матбуот ва информация агентлиги директор муовини Рўзмат Сафоев, бу ширкат ҳозирги “Матбуот тарқатувчи” давлат ширкатига муқобил тарзда ташкил қилинмоқда. Сафоев назарида, бундан мақсад давлат нуқтаи назарини ифодаловчи “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда востока” газеталарини ўқувчиларнинг кенг қатламига етказишдир.


29 миллион нуфузга эга Ўзбекистонда уччала нашрнинг ададини қўшиб санаганда 100 мингга ҳам етмаëтгани Сафоев назарида салбий ҳолатдир. (Аслида уч газетадан ҳар бирининг адади 5-6 мингни ташкил этиши айтилади-муал.)

Бу салбий ҳолатга барҳам бериш учун эса яна битта “тарқатувчи” ширкат лозим.

Хўш, бу янги “тарқатувчи” ширкат қачон ва қай тарзда ташкил бўлади?

Ўзбекистон матбуот ва информация агентлигининг матбуот адади билан шуғулланувчи бўлим мутахассиси бизга бу ҳақда аниқ маълумот бера олмади.

- Билганим шуки, айни вақтда Ўзбекистондаги вақтли матбуотни тарқатиш ва обуна масалалари билан олдинги "Союзпечат" (ҳозирги номи “Матбуот тарқатувчи”) шуғулланмоқда. Олой бозори биқинидаги бу ташкилот, менимча, ўз ишини уддаламоқда, деди мулозим.

Республикада чоп этилаëтган газета-журналларни тарқатиш билан шуғулланадиган ташкилотнинг Тошкент вилоят бўлимига қўнғироқ қилдик. Ўзини Комил деб таништирган раҳбар муовини “Матбуот тарқатувчи” давлат ширкати ўз олдига қўйган вазифани максимум бажараëтганини таъкидлади.

- Тошкент вилояти ҳудудида 80 дан ортиқроқ киоскамиз бор. Аҳолига шу киоскалар орқали тарқатилаяпти ва обуна қилдирилмоқда. Шу икки хил йўлда, дейди ўзини Комил деб таништирган раҳбар муовини.

“Халқ сўзи”, “Правда востока” каби газеталар дўконларда доимо бор, дейди суҳбатдошимиз сўзида давом этиб.

- Тошкент вилояти аҳолисига бизлар ҳар бир киоскага мослаб обуна бўйича алоҳида, организация, мактаб, коллежлар алоҳида ва чакана. Чакана алоҳида. Чакана орқали ҳам чиқарамиз. Ҳар бир киоскада бўлади. Ҳар бир янги сонидан етиб боради.

Озодлик: Обуна кўпроқми ëки киоскада сотиш кўпроқми?

- Албатта обуна кўп бўлади, дейди ўзини Комил деб таништирган раҳбар муовини.

Мавжуд маълумотларга кўра, дўконларда “Халқ сўзи”дан кўра “Даракчи” кўпроқ сотилмоқда. Бу маълумотга суҳбатдошимиз аниқлик киритди.

- Энди буни ўзингиз тушунасиз. Ҳамма халқ шунга қизиқиб қолган. "Даракчи"нинг қанақа газета эканлигини биласиз. Мен ўзим ҳам биламан. Энди бу билан уни таққослаб бўлмайди. Даракчи бор, сотилаяпти. Лекин “Халқ сўзи” ҳам, “Правда востока” ҳам, “Народное слово” ҳам сотувга чиқарилаяпти, сотилаяпти, дейди суҳбатдош.

Сиз ишлаëтган ташкилотга муқобил тарзда яна бир ташкилот тузилиш истиқболига қандай қарайсиз, деган саволимиз жавобсиз қолди.

Ўзбекистон матбуот ва информация агентлиги директор муовини Рўзмат Сафоевга кўра, айнан шундай муқобил ташкилот қурилса, одамлар “Халқ сўзи”ни ўқийди.

Тошкентлик мустақил журналист Сид Янишев “одамлар газета ўқиши учун бу газеталарда мазмун бўлиши керак” деган фикрни айтади.

- Янги тарқатувчининг пайдо бўлиши бу газеталар ҳолатини ўзгартирмайди. Уларни қутқара олмайди. Гап ҳозир газета тарқатаëтган ташкилотнинг ўз ишини уддалай олмаганида эмас. Гап газеталарнинг ички мазмуни саëзлигида. Газетада сал бўлса танқид уруғи бўлса, ўқувчига қизиқ мавзулар ëритилсагина, унинг тарқалиши ҳақида гапириш мумкин, дейди мустақил журналист Сид Янишев.

Ўзбекистонда 1243 та нашр рўйхатга олинган бўлишига қарамасдан, аҳоли орасида Россия газеталари ва телеканалларига кўпроқ қизиқиш кузатилади.

Халқаро ташкилотлар рўйхатларида Ўзбекистон матбуоти эркин бўлмаган мамлакат сифатида қайд қилинади.
XS
SM
MD
LG