Линклар

logo-print

ЕИ вакиллари Тошкентда инсон ҳақларини муҳокама қилмоқда


Президент Каримов йил бошида Брюсселга қилган сафари чоғида ўзбекистонликлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ваъдасини берган эди.

Президент Каримов йил бошида Брюсселга қилган сафари чоғида ўзбекистонликлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ваъдасини берган эди.

23 июн куни Европа Иттифоқи вакилларининг Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида икки кунлик сўзлашувлари бошланди. Тошкентда Европа Иттифоқининг тўрт нафар вакили Ўзбекистон расмийлари билан учрашувдан аввал маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан учрашди.


Пайшанба куни Европа Иттифоқи вакилларининг ўзбекистонлик уч нафар ҳуқуқ фаоли билан учрашуви 2 соату 45 дақиқа давом этди.

Учрашувда қатнашган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, ЕИ вакиллари диний эътиқоди учун қамалган маҳбуслар, қамоқхоналардаги қийноқлар, сўз эркинлиги ва болалар меҳнати муаммолари билан қизиққанлар.

- Бутун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳволни билишни исташди. Асосан диний эътиқод билан қамалганлар, қийноқлар масаласи билан қизиқишди. Болалар меҳнати, сўз эркинлиги ва бошқа социал масалаларда саволлар бердилар. 2 соату 45 минут ичида иложи борича ҳаммасини бирма-бир, галма-галдан гапириб бердик,- дейди ҳуқуқ фаоли.

С. Икромовга кўра, ЕИ вакиллари Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардорлиги, бироқ қўшимча маълумотлар олиш истагида экани ҳақида гапирганлар.

- Булар фақат бизларнинг билганларимизни айтишни сўрашди. Бу ердаги аҳволни сўради. Улар ҳаммасидан жуда яхши хабардор. Бизларнинг ахборотларни кўп эшитаркан интернет орқали, бошқа орқали. Ўзи билганини сўради, лекин бир хил саволларига биз жавоб бера олмадик. Масалан, болалар касалликлари борасида, медицинага оид мавзулар. Биз тўғрисини айтдик, ҳуқуқ ҳимоячиси, нодавлат ташкилотларнинг аъзоларидан ҳеч ким бу нарсани ўрганмаган. Буни очиқ айтдик,- дейди С. Икромов.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари ЕИ вакилларидан Ўзбекистон расмийлари билан учрашувида Қозоғистондан экстрадиция қилинган 28 қочқин билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратишларини сўраганлар.

- Охирида булар “Мана ҳозир ҳукумат вакиллари билан учрашамиз. Шу учрашувда нималарни гапиришимизни истайсизлар?” деганда, мен Қозоғистон экстрадиция қилган қочқинлар борасида гапирдим. “Биз экстрадиция қилинган 29 қочқин тўғрисида маълумот ололмаяпмиз. Ҳукумат бекитаяпти, қаерда ушлаб турганини. Бундан ташқари адвокатлар қўйилмаяпти. Суд очиқ бўлишига шубҳамиз бор. Анча йилдан бери бўлаяпти бунақа нарса. Агар буларни айтиб судларни очиқ қилиб қўйсанглар, хурсанд бўлардик” дедим.

ЕИ вакилларининг Ўзбекистон Омбудсмени Сайëра Рашидова, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашиши режалаштирилган.

Кеча Human Rights Watch ташкилоти Европа Иттифоқи вакиллари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида ўтказадиган сўзлашувларида қамоқда қолаётган ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг тақдирини кун тартибидаги асосий масала сифатида кўтариши лозимлигини таъкидлаган эди.

HRW Европа Иттифоқини Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласида приципиал бўлишга ва қамоқда қолаëтган барча ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилишда қатъий туришга чақирди.

HRW ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ўз касбий фаолияти учун қамоқ жазосини ўтаётган 13 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси (Солижон Абдураҳмонов, Аъзамжон Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Алишер Кароматов, Жамшид Каримов, Норбой Холжигитов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Ҳабибулло Оқпўлатов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов ва Аъзамжон Турғунов) номини келтирди.

ЕИ вакилларининг Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари борасида икки кунлик сўзлашувлари Ўзбекистон расмий матбуоти орқали ёритилганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG