Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Обама режаси Ўзбекистон учун нимани англатади?


Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этганидан кейин минтақадаги вазият қандай кечиши ҳукуматлар ихтиёрида, демоқда таҳлилчилар.
Халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этганидан кейин минтақадаги вазият қандай кечиши ҳукуматлар ихтиёрида, демоқда таҳлилчилар.

АҚШ Президенти Барак Обама келаси бир ярим йил ичида Афғонистондаги Америка қўшинларининг учдан бир қисми олиб чиқилишини эълон қилди. Чоршанба куни қилган чиқишида Обама АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари Ал-Қоидани тор-мор этиш ва Толибон ҳаракати хуружлари кўламини камайтириш мақсадига эришганини таъкидлади. Обаманинг қўшинларни олиб чиқиш режалари Оқ уй маъмуриятидан Американинг ички муаммолари билан шуғулланишни талаб қилаётган америкаликларни қониқтириши мумкиндир, лекин ҳамон беқарор қолаётган Афғонистонга бевосита чегардош мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон учун бу нимани англатиши мумкин?


Америка Афғонистонда Ал-Қоида ва Толибонни мағлуб этиш мақсадига эришганини таъкидлаган президент Барак Обама жорий йил охирига қадар америкалик 10 минг аскар, келаси йил эса 23 минг аскар уйига қайтишини эълон қилди. Бу АҚШ қўшинлари умумий сонининг 30 фоизига яқинини ташкил қилади.

Обама чоршанба куни Оқ уйда қилган чиқишида Қўшма Штатлар қўшинларни олиб чиқа олишига коалиция кучларининг жанггариларни заифлаштира олгани ва Афғонистон хавфсизлик кучлари иқтидори оширилгани туфайли имкон туғилганини таъкидлади.

- Афғонистон хавфсизлик кучлари сони 100 мингдан ошди ва баъзи вилоят ва шаҳарларда аллақачон хавфсизлик учун масъулиятни Афғонистон халқига топшира бошладик. Зўравонлик ва таҳдидларга қарамасдан, афғонистонликлар ўз мамлакати учун курашмоқда ва жонини бермоқда, маҳаллий полиция кучлари фаолиятини йўлга қўймоқда, бозор ва мактабларни очмоқда, аёл ва қизларга янги имкониятларни яратмоқда ва ўнлаб йиллар давом этган уруш саҳифасини ёпишга ҳаракат қилмоқда, деди АҚШ президенти.

Обама Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва уларнинг сонини кўпайтириш мамлакатдаги хавфсизлик масъулиятини 2014 йилгача тўлалигича маҳаллий кучлар зиммасига ўтказиш ва босқичма-босқич АҚШ қўшинларининг барчасини олиб чиқиш мақсадини амалга оширишга имкон беришини қўшимча қилди.

Оқ уй раҳбарининг аскарларни уйга қатариш режалари америкаликларнинг ҳукуматдан мамлакат ички муаммолари, хусусан иқтисодий инқирозга каттароқ эътибор қаратиш талаблари кучаяётган пайтга тўғри келди.

Айни пайтда ҳарбий таҳлилчилар Афғонистонда барқарорлик ўрнатилиши ҳақида гапириш ҳали эрта экани ва халқаро коалиция кучлари мамалакатдан чиқиб кетганидан кейин Афғонистонга бевосита чегардош мамлакатлар қийин аҳволда қолиши мумкин, деган фикрларни илгари сурмоқда.

Россиядаги “Еженедельный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Обама эълон қилган 2014 йилгача хавфсизлик маъсулиятини тўлалигича Афғонистон қўшинларига ўтказиш мақсадини амалга ошириш мушкул бўлишини айтади. Бу ҳолда, дейди ҳарбий таҳлилчи, биринчи навбатда эктремистик кайфиятларнинг урчишига шарт-шароитлар яратаётган Афғонистоннинг авторитар қўшнилари қийин аҳволда қолади.

- Америкаликлар ва НАТО Афғонистондан чиқиб кетса, Толибоннинг қайта ҳокимиятга келишини башорат қилиш қийин эмас. Бу вазиятда экстремистик Ислом деб аталувчи феномен Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига кўчишини тахмин қилиш мумкин. Чунки ўша радикал Ислом заиф авторитар режимлар ҳукм сурган мамлакатларда пайдо бўлади. У билан курашишнинг асосий услуби эса, қашшоқлик билан курашишдир. Бу ҳукуматлар эса, ўз мамлакатларида авж олган ижтимоий тенгсизлик ва шу каби муаммоларни ҳал этиш истагида, деб айтиш қийин, дейди таҳлилчи А. Гольц.

Обама Афғонистонда жиддий ютуқларга эришилаётгани ва қўшинларни олиб чиқиш тўла масъулиятни ҳис этган ҳолда амалга оширилишини таъкидлаганига қарамасдан, Афғонистоннинг хавфсиз ва ўзини эплай оладиган мамлакатга айланишига, айниқса Америка жамоатчилигида жиддий шубҳалар бор.

Обаманинг ўзи ҳам Афғонистонни “мукаммал маконга” айлантириш мақсад қилиб қўйилгани йўқ, дея таъкидлаши жамоатчилик орасида бундай кайфиятнинг кучлилигига яна бир далил бўлди.

- Биз Афғонистонда мукаммал макон яратишга ҳаракат қилмаймиз. Биз бу мамлакат кўчалари ва тоғларини умрбод назорат қилиш ниятида эмасмиз. Бу Афғонистон ҳукуматининг вазифаси ва бу ҳукумат ўз халқини ҳимоя қилиш ва уруш белгилаб берган иқтисодини барқарор тинчликни таъминлай оладиган иқтисод томон буриш иқтидорини намойиш қилиши зарур, деди Обама.

Берлиндаги Хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл маркази таҳличлиси Ник Пратт Қўшма Штатлар ўн йил давомида президент Ҳамид Карзай ҳукуматига бошқарув тизимидаги коррупцияни енгишга ёрдам бериб келгани ва Афғонистон ҳукумати бу имкониятдан амалда фойдаланаётганини намойиш қилиши фурсати келганини айтади.

- Қўшма Штатлар Афғонистондан ўз қўшинларини президент белгилаб берган муддат ичида олиб чиқади. Бу кутилганидан ҳам тезроқ рўй бериши мумкин. Ундан кейин нима бўлиши тўлалигича Афғонистон ҳукуматига боғлиқ бўлади. Энди улар истайдими йўқми, бир нарсага эришини истаса, ғафлатдан уйғониб, 21 асрга киришлари лозим бўлади, дейди Н. Пратт.

Афғонистондан ҳориж қўшинларининг олиб чиқилиши Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида экстремизм ва террорчиликнинг ошишига туртки бўлиши мумкинми йўқми, бу ҳам тўлалигича минтақа мамлакатлари ҳукуматларининг ихтиёридадир дейди таҳлилчи. Хусусан, Ўзбекистон ҳақида гап кетадиган бўлса, ғарбда тажриба орттирган ўзбек мутахассислари мамлакатни тараққий этган давлатларига қўшишни истайдими, ё мамлакатнинг ортга кетишига қўл қовуштириб қараб турадими, деган саволга жавоб беришлари керак, дея хулоса қилади Н. Пратт.

- Масалан, мен ишлайдиган Хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл институтида ўзбекистонлик мутахассисларни 1993 йилдан бери ўқитиб, улар билан тажриба алмашиб келмоқдамиз. Бу вақт ичида жуда кўплаб ўзбеклар бу ерда ўқиди. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли ва бу ердан кўп нарсани ўрганиб кетди. Энди уларнинг ҳам ўз муаммоларига эътибор қаратиб, уларни ўзлари ҳал қиладиган вақт келди. Бунинг учун нима қилиш креаклиги улар яхши билади. Улар Афғонистон халқи кейинги бир неча ўн йиллик давомида бошдан кечирган турмуш тарзини истайдими, ё халқаро ҳамжамиятга қўшилиб ўсиш йўлини тунлайдими, бу ҳақда ўзлари қарор беришлари лозим. Албатта, террорчилик ва экстремизм кўлами ошади, дейиш осон. Лекин террорчилик ва эктремизм фақатгина минтақа халқлари муаммога кўз юмиб, унинг кескинлашини истасагина ошади, дейди Берлиндаги Хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл маркази таҳличлиси Н. Пратт.
XS
SM
MD
LG