Линклар

Ҳ. Клинтон: Толиблар билан сўзлашувлар зарурий чора


-АҚШ Афғонистондаги сиёсий вазият барқарорлашуви жараёнига катта аҳамият беради ва толиблар билан сўзлашувлар ана шу жараённинг бир қисмидир, деб баёнот берди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Сенатда бўлиб ўтган музокаралар чоғида.

Давлат котиби АҚШ афғонистонлик толиблар билан “дастлабки мулоқотлар”ни ўрнатиш йўлидаги ҳаракатларга иштирок этаётганини эътироф этар экан, толиблар билан мулоқотнинг “ёқимсиз”, лекин “зарурий” чора эканлигини таъкидлаб ўтди.

Клинтоннинг бу баёноти президент Обама Афғонистон бўйича режасини эълон қилиши ортидан янгради.

Президент режасига биноан жорий йил охиригача АҚШ Афғонистондан 10 минг нафар, 2012 йилнинг ёзигача 33 минг ҳарбий хизматчисини олиб чиқади.

Обамага кўра, АҚШ ҳарбийлари 2014 йилгача Афғонистонни босқичма-босқич тўла тарк этади ва мамлакат хавфсизлиги устидан назорат тўлалигича Афғонистон ҳукуматига топширилади.

Обаманинг айтишича, Вашингтон Афғонистонда миллий ярашув йўлида бошлнадиган ҳар қандай ташаббусда фаол иштирок этишда давом қилади.

Президент Карзай АҚШ раҳбари режасини олқишлади.

Шу кунда Афғонистонда халқаро кучларнинг 130 минг, шу жумладан АҚШнинг 100 минг нафар атрофида ҳарбий хизматчиси мавжуд.
XS
SM
MD
LG