Линклар

Пайшанба куни Ҳолландия суди мусулмонларга қарши адоват уйғотиш ва камситишда айбланган популист сиёсатчи Геерт Вилдерсни оқлади. Суд ҳукмига кўра, Вилдерснинг Исломга қарши баёнотлари кўплаб мусулмонлар учун таҳқиромуз бўлса-да, сиёсий баҳсларга оид қонунчиликка зид эмас деб топилди. Ҳолландия парламенти депутати Вилдерс ўзини оқловчи ҳукмни олқишлаб, уни “сўз эркинлиги йўлидаги катта ютуқ”, дея атади.


Ҳолландиялик сиёсатчи Геерт Вилдерс 23 июн куни Амстердамда ўтган судда унга қўйилган мусулмонларга қарши адоват уйғотиш ва камситиш айбловлари бўйича оқланди.

Ҳолландия парламентининг малласоч депутатига 2006-2008 йиллар оралиғида Исломга қарши чиқишлари ҳамда мунозараларга сабаб бўлган 17 дақиқалик фильм билан боғлиқ адоват уйғотиш ва камситишга оид бешта айблов қўйилаётган эди.

Амстердам минтақавий суди Вилдерснинг баёнотларини “қонун белгилаган доира ёқасида”, лекин “жамоатчилик баҳси контекстида мақбул”, деб топди. Чунки, дейилади суд ҳукмида, бу баёнотларни ҳолландиялик мусулмонларга нисбатан камситиш ҳолатлари билан бевосита боғлаб бўлмайди.

Вилдерс устидан судга шикоят қилган гуруҳлар 23 июн куни чиқарилган ҳукм юзасидан таассуф билдирди.

Лекин, суд залидан чиққан 47 ёшли популист сиёсатчи Вилдерс ўзининг оқланишини фикр эркинлигининг ғалабаси, дея олқишлади.

- Бу Ҳолландияда сўз эркинлиги учун катта ютуқдир ва мен Ҳолландия суди чиқарган бу ҳукмдан бошқа мамлакатлар ҳам сабоқ олишига умид қиламан, деди Вилдерс.

Суд ҳукми, деди у, Исломни жамоатчилик орасида танқид қилиш мумкинлигини англатади.

- Мен гапирганман, гапиряпман ва гапиришда давом этаман – энди эса, Исломни танқид қилиш қонунлаштирилгани хушхабар бўлди – Ислом ҳақида танқидий фикрларни очиқчасига айтиш қонунлаштирилди. Бу жуда муҳимдир, чунки жамиятларимизнинг исломлаштирилиши, менимча, катта муаммодир, деди Ҳолландия парламенти аъзоси.

Вилдерс устидан судга у газетада эълон қилган мақоласида Исломни нацизмга тенглаштиргани ҳамда у ишлаган фильм мунозараларга сабаб бўлгани туртки бўлган эди. “Фитна” деб номланган фильмда мусулмонлар Қуръони Каримни йиритшлари лозим, деган фикрлар билдирлади. Унинг Ҳолландияда иммигрантлар “цунамиси” кузатилатганига оид фикрлари ҳам жиддий баҳсларга сабаб бўлди.

Вилдерс ўз фикрлари мўъмин мусулмонларга эмас Исломга қарши қаратилганини айтиб келади.

Пайшанба кунги ҳукм икки йилдан ортиқ давом этган суд тотишувларига нуқта қўйди.

Вилдерсга нисбатан айбловлар дастлаб 2009 йилнинг январида эълон қилинган. 2010 йилнинг октябрида суд якунига яқинлашаётган пайтда Вилдерснинг адвокати судьялар ўз мижозига нисбатан ноҳолис ёндашаётгани важидан уларни алмаштиришни сўради.

2011 йил бошида бошланган янги маҳкама пайшанба куни якунланди.

Кутилмаганда, нафақат Вилдерснинг ҳимоячилари, балки бош прокуратура ҳам унинг оқланишини ёқлаб чиқди. Бунга иккала томоннинг парламент аъзосининг баёнотлари таҳқиромуз бўлиши мумкин, лекин уларда бир дин аҳли сифатида мусулмонлар эмас, балки дин сифатида Ислом танқид қилиниши ҳақидаги хулосалари сабаб бўлди.

Лекин аппеляцион суд мазкур иш юзасидан маҳкама давом этишини айтмоқда.

Вилдерс етакчилигидаги Озодлик партияси ҳукмдор коалицияга кирмаса-да, у сезиларли таянчга эга ва парламентдаги учинчи йирик партия ҳисобланади.

Коалиция келишувига кўра, Озодлик партияси парламнетда озчиликни ташкил қилувчи кучлар ҳукуматини қўллаб-қувватлаш эвазига иммиграцон қонун масаласида муайан ваъдаларни олган ва мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида бурқа ёки ҳижоб кийишларини таъқиқловчи қонуннинг қабул қилинишига эришган.

16 миллион аҳолига эга Ҳолландияда бир миллионга яқин мусулмон яшайди, улардан 850 минг нафари мамлакат фуқароларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG