Линклар

Намозхон депутатлар мақсадига етишди

  • Шерзод

Қирғизистон депутатларининг 30га яқини намоз ўқир экан.

Қирғизистон депутатларининг 30га яқини намоз ўқир экан.

Қирғизистон парламентида деярли олти ой давом этган жанжал ва тортишувлардан сўнг намозхона очилди.

Қирғизистон параламентидаги 120 депутатнинг 30га яқини ва парламент билан бир бинода жойлашган президент маъмурияти ходимларининг 80 нафари намоз ўқишар экан. Шунинг учун ҳам парламентда камида 110 одам намоз ўқиса бўладиган бино топиш ва уни жиҳозлаш лозим бўлди.

Намозхона очилишида парламент раиси Ахматбек Келдибеков ва Қирғизистон муфтийси Чубак хожи Жалилов иштирок этди.

- Парламентда намозхонанинг очилиши мамлакатимиз тарихида янги бурилиш бўлди, десак бўлади. Қирғизистонда яхши иқтисодчилар, сиёсатчилар, олимлар бор. Бироқ иймон заиф бўлгани учун мамлакатимиз ривожлана олмаётган эди, -деди муфтий Чубак хожи Жалилов.

Парламент раиси Ахматбек Келдибеков муфтийнинг сўзларини қўллаб-қувватлар экан, парламентдаги бошқа дин вакилларига ҳам ўз маросимларини ўтказиш учун шароит яратиш зарур эканини айтди:

- Худога сиғинсак, иймонли бўлсак, Худодан элимизга яхшиликлар сўрасак, бунинг ёмон томони йўқ. Мен бу ерга намоз ўқиш учун қувониб кирган парламент аппарати ходимларини ҳам кўрдим. Энди бошқа дин вакиллари учун ҳам мана шундай ибодат жойларини ташкил этиш масаласини ўйланишимиз керак, -деди парламент раиси.

Шундан сўнг намозхонада Қирғизистон муфтийси Чубак хожи Жалилов имомлигида намоз ўқилди.

Намозхон депутат Тўрабой Зулпукаровнинг айтишича, ҳукуматнинг олий тузилмаларида номозхоналарнинг очилиши мамлакат учун энг фойдали ишдир. Чунки намоз ўқиган вазир, намоз ўқиган вазирлик ходими ёки бошқа ҳукумат амалдори порахўрлик ҳамда бошқа иллатлардан узоқ бўлади. Ҳар бир қарорни фақат иймони буюрганидай қабул қилади.

- Депутатларимиз ҳам иймон йўлига юз бурсалар, Худодан қўрқиб қарор қабул қилсалар деган умиддаман, -дейди депутат Тўрабой Зулпукаров.

Қирғизистон парламентида намозхона очилишини деярли олти ой олдин намозхон депутатлар талаб қилиб чиқишган эди. Бироқ парламентнинг айрим депутатлари, нодавлат ташкилотлари ва жамоатчиликнинг бир қисми парламентда намозхона очилиш Қирғизистон Конституциясига ва “Дин давлатдан ажратилган” деган тамойилга зид келишини иддао қилишиб, бунга қаршилик қилишган эди.

Олти ойлик тортишувлардан сўнг ниҳоят парламентда намозхона очилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG