Линклар

logo-print

Ўзбекистон чегарасининг ёпиқлиги сабабли Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида қимматчилик ҳукм сурмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини ўтган йилнинг апрел ойидан бошлаб ёпиб қўйган эди. Чегаранинг ёпиқ қолаётгани натижасида шу кунларда Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида оғир иқтисодий вазият юзага келган.

Ўзбек – қирғиз чегарасининг ёпиб қўйилиши оқибатида Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 2010 йилда 50 фоизга камайиб кетган. Бунинг роқибатида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларида қимматчилик ва ишсизлик кўпайган.

Бишкекдаги Марказий Осиё эркин бозори институти тарқатган маълумотда айтилишича,
Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 2009 йилда 279,3 миллион долларни, жумладан, экспорт 167,6 млн, импорт 111,7 млн долларни ташкил қилган эди.

2010 йили эса, Қирғизистондан Ўзбекистонга экспорт ҳажми 32,5 млн долларни ташкил қилган холос.

Бундай вазият Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини ёпиб қўйгани сабабли юзага келган.

Ўшдаги Халқаро тадбиркорлик кенгаши ижрочи директори Актилек Тункатаровнинг айтишича, чегаранинг ёпиқлиги оқибатида Ўзбекистондан озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик ва кимё саноати маҳсулотларининг олиб ўтилиши тўхтаб қолган. Натижада Қирғизистон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлаган.

- Биздаги нарх Ўзбекистонга солиштирганда 300-400 марта қиммат. Бундан қирғизистонлик фермерлар ҳам, тадбиркорлар ҳам, савдогарлар ҳам жуда катта зиён тортмоқда. Ўзбекистон билан савдо айланмаси эса 50 фоизга камайган. Албатта, бундай вазиятдан осонликча чиқиб бўлмайди. Лекин ҳукумат тез орада муаммони хал этиш йўлларини топмаса, иқтисодий вазият янада оғирлашуви мумкин, -дейди Актилек Тункатаров.

Қирғизистон расмийлари бундай вазиятдан чиқиш учун чегараолди ҳудудларида нейтрал бозор зоналари ташкил этиш таклифи билан чиқмоқда. Бироқ бу таклиф Ўзбекистон томонидан қандай қабул қилингани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Бу борада Ўш вилоят губернатори ўринбосари Ахмаджон Маҳамадов гапириб берди:

- Халқнинг ўзи савдо-сотиқ йўлларини излаб топаяпти, бундан бизнинг хабаримиз бор. Лекин бу савдо-сотиқдан тадбиркор, фермер ёки савдогар эмас, кўпроқ коррупциялашган амалдорлар фойда топаяпти. Менимча, парламент чегараолди савдоси тўғрисида махсус қонун қабул қилиши лозим. Нейтрал бозор зоналари ташкил этилиб, бу жойга ўзбекистонлик ҳам, қирғизистонлик ҳам эркин кириш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бироқ бу бозорни кесиб ўтиб, иккинчи давлат ҳудудига ўтилмаслиги лозим. Бу бозорнинг ичида эркин савдо учун шароит яратилиши керак, -дейди Аҳмаджон Маҳамадов.

Мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистон чегарани ёпиб қўйгани сабабли савдо айланмаси ва товар айрбошлаш расман кескин камайган, бироқ одамлар контрабанда йўли билан кийим-кечак ва хўжалик молларини чегарадан яширинча олиб ўтиш йўлларини топишган. Бунинг оқибатида эса Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари, божгирлари ўртасида коррупция кучайган.

- Чегара ёпиқ бўлгани билан турли йўллар орқали чегаранинг икки тарафига маҳсулотлар олиб ўтилаяпти. Чегарадан яширин йўл билан ўтиш учун бир одам 100 қирғиз сўми, яъни 2, 5 доллар, маҳсулот олиб ўтиш учун эса 300 сўм, яъни 7, 5 доллар пора берилади. Юк машиналарида маҳсулотлар олиб ўтувчилар, албатта, кўпроқ пул беришади. Бундан ташқари Ўзбекистоннинг “Абу Саҳий” фирмаси Қирғизистон бозорларидан кийим-кечак ва хўжалик маҳсулотларни Ўзбекистонга контрабанда йўли билан ташимоқда, -деди Актилек Тункатаров.

Халқаро тадбиркорлик кенгашининг ижрочи директори Актилек Тункатаров тилга олган “Абу Саҳий” ширкати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизларидан бирига тегишли экани айтилади. Шу йилнинг 28 феврал куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси тўғрисида Озодликка суҳбат берган Марказий Осиё эркин бозор институти тадқиқотчиси “Абу Саҳий” ширкати чегара ёпиқ бўлишига қарамай Қирғизистондан Ўзбекистонга кунига тонналаб маҳсулот олиб ўтаётганини билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG