Линклар

Автоҳалокат оқибатида икки юк машинаси ёниб кетган, бир қанча енгил автомашиналар зарарланган.

Фарғоналик ҳайдовчи Равшан ака ҳалқ орасида Қамчиқ довони деб аталувчи Тошкент-Ўш йўлида рўй берган автоҳалокат натижасида йўл бир неча соат ёпиқ бўлганини эслайди.

- Катта шаранда машина ағанаб ётган эди. Бир-иккита “Нексия” машиналари пачоқ бўлиб ётган эди. Шуни кўрдик. Нечта одам ҳалок бўлганини кўришни, тўхташни иложи йўқ. Ниҳоятда тўполон, икки ярим-уч соат тепада қолиб кетдик. Йўлларни бекитиб қўйган эди. Наманган постидан бу томонини 4-5 соатда очган. Биз бошқа линияга ўтиб, кейин юрдик. Юрадиган йўлимиз тўсилиб қолган, юришни иложиси ҳам йўқ эди, - дея эслади фарғоналик ҳайдовчи Равшан ака.

Наманган ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими Аваз Абдуллаев 21 июн куни соат 22.35 да Тошкент-Ўш автойўлида автомобил тўқнашуви рўй берганини тасдиқлади:

- Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани, Варзи қишлоғида яшаган Комилжон Ахмедов бошқарувида бўлган “МАН” русумли 40 А 605 давлат белгили юк автомашинаси Тошкент-Ўш йўлининг 169 километрида ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлай олмай, олдинда ҳаракатланиб келаётган Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи Ангрен логистика маркази ҳайдовчиси, 1960 йилда туғилган Зокиржон Ўриновнинг бошқарувида бўлган “МАН” русумли 10 252 FA автомашинасининг орқа қисмига урилиб, тўқнашув содир этган, - деди Наманган ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими Аваз Абдуллаев.

Унинг айтишича, автоҳалокатда икки юк автомашинаси ёниб кетган. Бир нечта Nexia автомашиналари ҳам автоҳалокатда зарар кўрган.

- Енгил машиналар ҳам авария бўлган. Суриб кетган, орқасидан келиб уриб кетган, - деди Наманган ёнғин ҳавфсизлиги бошқармаси ходими Аваз Абдуллаев.

Айни пайтда мазкур автойўлдаги транспорт ҳодисаси бўйича масъул Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимларидан маълумот олиш имкони бўлмади.

Наманган вилоят тез тиббий ёрдам илмий маркази ходими мазкур автоҳалокатда жабрланганлар Поп туман касалхонасига ётқизилганлигини маълум қилди.

-Улар Попга ётқизилган экан. Даннийлари рапорт тариқасида бу ерга келган, -деди Наманган вилоят тез тиббий ёрдам илмий маркази ходими.

Наманган вилоятининг Поп туманидаги тез тиббий ёрдам бўлими билан кун давомида боғлана олмадик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG