Линклар

logo-print

Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари 24 июн куни Россиянинг Қозон шаҳрида Тоғли Қорабоғ можароси бўйича музокара ўтказди.

Россиянинг Қозон шаҳрида 24 июн куни ўтказилган сўзлашувга узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган Тоғли Қорабоғ муаммосига ечим топиш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралаётган эди.

Бироқ Арманистон президенти Серж Саркисян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев можарони ҳал этишга йўл очиши мумкин бўлган “асосий принциплар” хусусида келишувга эриша олмади.

25 июн куни Арманистон Ташқи ишлар вазири Эдуард Налбандян номидан эълон қилинган баёнотда Қозон шаҳридаги учрашув муаммони ҳал этиш йўлидаги бурилиш нуқтаси бўла олмагани учун Озарбайжон томони айбланган.

“Қозон учрашуви муаммони ҳал қилишда бурилиш нуқтаси бўла олмади. Чунки Озарбайжон томони асосий принципларнинг охирги вариантини қабул қилишга тайёр эмасди”, дейилади баёнотда.

Налбадянга кўра, Озарбайжон томони ҳужжатга “ўнга яқин” тузатиш киритилишини хоҳлаган.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Маммадяров Арманистон "яна кўп ён босишни талаб қилиб", музокараларга путур етказганини айтди.

Россия телевидениеси Арманистон ва Озарбайжон президентлари музокара воситачиси бўлган Россия раҳбари Дмитрий Медведев ҳамроҳлигида Қозон шаҳрида юрганларини кўрсатди. Эслатиш жоизки, АҚШ ва Франция ҳам Қорабоғ муаммосини ҳал этишда воситачилик қилмоқда.

Тоғли Қорабоғ тинчлик музокараси жума куни натижасиз тугаганидан кейин икки давлат раҳбарлари воситачилар томонидан катта босимга учрамоқда.

АҚШ президенти Барак Обама пайшанба куни Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларига қўнғироқ қилиб, келишувга эришишга чақирган эди.

Россиядаги ахборот воситалари музокара муваффақиятсизликка учраганини сўзлашувдаги сўнгги турғунлик дея баҳолаб, унинг аҳамиятини пасайтиришга уринди.

Айни пайтда ҳам Озарбайжон, ҳам Арманистон жума кунги сўзлашувда олдинга силжиш бўлганини эътироф қилди.

Кремл эълон қилган баёнотда томонлар “ечими асосий принциплар тасдиқланиши учун шароит яратадиган қатор масалалар хусусида келишувга эришгани” билдирилган.

Муаммони ҳал қилиш доирасида ишлаб чиқилган режага кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжон ҳудудларидан ўз қўшинларини олиб чиқади ва минтақага “вақтинчалик” мақом берилади.
Юз минглаб қочқиннинг минтақага қайтишига рухсат берилади.

Ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилиниши учун минтақага халқаро тинчликпарвар кучлар киритилади ҳамда Тоғли Қорабоғнинг мақоми кейинги йилларда ҳал этилиши назарда тутилган.

Кўп йиллардан буён музокаралар давом этиб келаётганига қарамай, икки давлат раҳбарлари минтақа ҳақида ҳиссиётли баёнотлар беришда давом этмоқда. Шу билан бирга, янги уруш ҳақидаги хавотирлар кучаймоқда.

Озарбайжон ўз ҳарбий харажатлари учун йилига уч миллиард АҚШ доллари сарфламоқда.

Янги можаро юз берса, унга Туркия, Эрон, Россия ва минтақанинг бошқа давлатлари тортилиши мумкин, деган хавотирлар билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG