Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:09

Тожикистонлик қария ўғлини судга берди


67 ёшли Маҳмадшариф ота эндиликда ҳар ой фарзандидан маълум миқдорда алимент олиб туради.

Маҳмадшариф отанинг ўғлига нисбатан аризаси ортда қолаётган ҳафтада Хатлон вилоятининг Бохтар туман судида кўриб чиқилди.

Суд ҳакамлари ишни ота фойдасига ҳал қилиб, ўғилдан ҳар ой Маҳмадшариф ота учун 60 сомоний ёки сал кам 13 АҚШ доллари миқдорида алимент ундириб берди.

Вилоят судялари бундай ҳолат судларнинг узоқ йиллик фаолиятида илк бор қайдга олинганини айтмоқда.

- Ўз иш тажрибамда қаровсизлик учун ота фарзандини судга бераётганини илк бор кўриб турибман. Хориж давлатларда бундай даъволар кўп учраса керак. Лекин бизнинг урф-одатларимиз ва зеҳниятимизни назарга олган ҳолда, буни ҳатто ғайриоддий ҳолат дейиш мумкин. Чунки бизнинг жамиятимизда ота-онасидан юз ўгирадиган фарзандлар кам топилади, - дейди Хатлон вилоят судяси Муҳиддин Сайфиддинов.

Бохтар туман фуқароси Маҳмадшариф ота эса моддий жиҳатдан қийналиб кетгани сабабли ўғлини судга беришга мажбур бўлганини айтади.

- Ўғлим ҳатто мени қариялар уйига жойлаштирмоқчи бўлди. Кексайиб қолган касалманд бир холам бор уйимда. Ўзим тиланчилик қиламан. Одамларнинг бир сўм, икки сўм берган пуллари билан кун кўраяпмиз. Машина уриб кетганди - оёқларим ишга ярамай қолган, саломатлигим ҳам унчалик яхши эмас, - дер экан Маҳмадшариф ота суд ҳакамлари белгилаб берган алимент эҳтиёжини қондирмаслигини ва судядан каттароқ маблағ ундириб беришни сўраганини қўшимча қилди.

Суд ҳакамлари қарори ўқиб эшиттирилганида чолнинг ўғли вилоятдан ташқарида бўлгани сабабли Озодлик тингловчиларини қизиқтирган саволлар учун “айбдор” томондан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, сўнгги пайтларда тожик жамияти учун ёт бўлган ота-онадан юз ўгириш ҳолатлари кўп бўлмаса-да, учраб туради.

Жамиятшунослар фикрича, бунинг биринчи омили глобал иқтисодий бўҳрондир.

“Дунё бўйлаб ҳамон ҳукмини юргизаётган бу бало оиладаги муносабатларга ҳам салбий таъсир қила бошлади”, дейди жамиятшунослар хос суҳбатларда.

Жамият ташвишларига сабаб бўлаётган бундай мисолларни дин уламолари оиладаги тарбия билан боғлайди.

- Ислом нуқтаи назаридан фарзандни жуда ёшликдан дўқ-пўписа, уриш, жанжал билан катта қилмаслик керак. Яхши сўзлар билан ишга буюриш керак. Баъзи оталар болаларига жуда қўпол муомалада бўлади. Бола оталик меҳрини юрагидан чиқариб юборади. Иккинчидан, мактабларимизда диний тарбия йўлга қўйилмаган, - дер экан тожикистонлик таниқли дин уламоси Худойберди Эгамбердиев оила муносабатларида диний тарбия муҳимлигини таъкидлайди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Тожикистон Конституциясининг 34-бандига мувофиқ “...балоғат ёшига етган ва ишлаш қобилияти бўлган болалар ота-онаси таъминоти учун масъулдир”.

Аснода Бохтар туман судида қайдга олинган ҳолатга оддий тожикистонликлар турлича фикр билдирмоқда.

- Ҳозир инсофсиз фарзандлар кўпайган. Ҳаёт қийинчилиги учунми ёки ишсизлик сабаблими - бундайлар кўпчилик. Ёшларга иш йўқ, рўзғорини тебрата олмайди. Шунинг учун ота-онасига қарашолмайди. Чунки ўзининг бола-чақаси билан овора, - деди суҳбатдошимиз Гулшан.

Лекин унинг фикрларини ҳамма бирдек қувватлайди, деб бўлмайди.

- Ҳозир қийналсак ҳам, қандай бўлмасин ота-онамизга молиявий жиҳатдан ёрдам беришимиз керак. Ҳеч нарса топмаганда, яхши сўз айтиб, кўнгилларини олишимиз лозим, деб ўйлайман. Энди бошқа томондан ҳозир нашавандлар, ароққа берилганлар ҳам кўп. Ундай одамлар бир сўм топса, ота-онасига беришнинг ўрнига “ўзим ичсам, чексам” деб туради, - дея мулоҳаза билдиради Рудакий туманида яшовчи суҳбатдошимиз Жаҳонгул.

Мустақил кузатувларга кўра, ҳозир Тожикистондаги қариялар уйида қаровсиз ота-оналар сони шўро давридагига нисбатан кўпроқ. Улардан аксариятининг ишга яроқли фарзандлари борлиги айтилади.

Расмий маълумотларда кўрсатилишича, биргина Қўрғонтепа шаҳридаги қариялар уйида яшаётган 12 нафар қариядан 11 нафарининг балоғат ёшида бўлган ишга яроқли фарзандлари бор.

Шунингдек, ўтган йили ана шу муассасада ҳаёт билан видолашган ёлғиз аёлнинг фарзандлари онасининг сўнгги манзили қаердалиги билан ҳам қизиқмагани айтилади.
XS
SM
MD
LG