Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Қирғизистон ҳибсхоналарида қийноқ камаймаяпти


Қирғизистон сўнгги бир йил ичида ҳалқаро ташкилотларнинг қийноқлар ҳақидаги ҳисоботида кўп учрайдиган давлатлар қаторига кирди.

Дилмурод Ҳайдаров бир йилдан буён Ўшдаги тергов изоляторида адолатли ҳукм кутиб яшамоқда. У Ўш қирғинидан сўнг оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик айби билан ҳибсга олинган. Қорасув туман суди томонидан 8 йилга ҳукм қилинган Дилмурод Ҳайдаров тергов изоляторидаги қийноқларни ўз бошидан кечирган юзлаб маҳбуслардан биридир:

- Нима янги чиққан бўлса, ҳаммаси бошимдан ўтди. Дубинкаларнинг ҳар хилини, электрошокларни кўрдим. Игналарни тирноққа тиқади, товонимизга уради. Ёғоч дубинка - “каталка” деб қўяди, шу билан белимга урган. “Пятдесятка-рейка” дея атайдиган узун рейка билан ургани учун ҳозир белимни турганда-ётганда кўтара олмай қолганман. Бунинг оқибатида беш марта санчастда қон сийиб ётдим. Тўғриси, бу қийноқларга одам чидаса бўлар экан. Аммо таҳқирлаб, қийнагани жуда ёмон экан. Дубинкани кўрсатиб, “ҳозир орқангга тиқаман” дегани бу биз учун чидаб бўлмайдиган нарса. Эркаклик номусим учун бу қийноқ жуда қийин бўлди. Деворга тақаб туриб, почкамизга роса урганда эса калима келтиришга мажбур бўлдим, - дейди ўшлик Дилмурод Ҳайдаров.

Унга кўра, маҳбуслар Ўш тергов изолятори бошлиғи ва изолятор ходимлари томонидан қўрқитилмоқда.

- Битта бола учун бутун камерани уриб, “бировга айтадиган ёки показание берадиган бўлсанг, бутун камера урилади” деб туриб, тергов изоляторининг бошлиғи дўқ-пўписа қилган. Ўша пайт мени кўзим кўкариб кетган пайт эди. Ҳуқуқ фаоллари келиб кўриб, “нима бўлди?” деганида “йиқилиб тушдим” деганман. Улар кийимларимни ечинтириб кўрганида, танамни ҳамма жойи кўкариб кетган эди. “Сен йиқилмагансан” деб ёзиб чиқиб кетган. Орқасидан милиционерлар кириб туриб, қайтадан ҳамма камерадагиларни урганда, мен учун жуда катта армон бўлди, - дейди Дилмурод ака.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров қўлга олинаётган ўшлик ўзбекларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлардан яхши хабардор.

- Ҳозирги шу кунда ҳам қийноқлар, одамларни олиб чиқиб, қўрқитиб, пулини олишлар ҳали тўхтагани йўқ. Ўнтадан, йигирматадан биттаси ўз фамилиясини қўрқмай айтиши мумкин. Буни тўхтатишнинг бир йўли бор - айбдор чиновниклар, бошлиқлар, шаҳар бошлиқларини ишдан олиб, жазолаш керак, - дейди Равшан Гапиров.

Айни пайтда мамлакат жанубидаги ҳибсхоналарда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланилганини ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам қисман тан оладилар.

- Ўтган йилги июн воқеалари бўйича дастлабки тергов жараёнида таъқиқланган методларни қўллаш бўйича прокуратура органларига фақат 14 та шикоят келиб тушган. Булар бўйича текширув ўтказилиб, 2 та ҳолат юзасидан қийноқлар қўлланилгани бўйича жиноий иш қўзғатилган. Қолган фактлар тасдиқланмади. Улар бўйича жиноий иш қўзғатилиши рад этилди, - деган эди шу йил 9 июн куни Ўшда ўтказилган матбуот анжуманида Қирғизистон Бош прокурорининг ўринбосари Марат Эшперов.

Ўз сўзида давом этган Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси қийноқ қурбонларига бу ҳақда тегишли органларга шикоят қилишдан чўчимасликни маслаҳат берганди:

- Одамлар мурожаат қилишдан қўрқишини айтаяптилар. Улар кимдан қўрқади? Икки ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги бундан қўрқиш керак эмаслигидан далолатдир. Шуни ҳам айтиш керакки, июн воқеалари бўйича ҳибсга олинганлар, ундан ташқари, бошқа жиноятлар бўйича ҳибсга олинганлар ҳам “қийноқлар қўлланилган” дея ариза беришдан ҳимоя усули ва жавобгарликдан қочиш йўли сифатида фойдаланмоқдалар, - деганди Марат Эшперов.

Қайд этиш жоизки, Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова шу йил апрел ойи бошида қийноқларга қарши назоратни кучайтириш тўғрисида 40-рақамли буйруқни имзолаган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, шаҳар ва туманларнинг махсус прокуратураларига терговда қийноқ ва бошқа ғайриинсоний, ваҳшиёна ёки шахсни камситувчи муносабат ва жазоларни таъқиқлаш бўйича Конституция кафолатини таъминлаш учун прокуратура назоратини кучайтириш топширилган.

Июн воқеалари бўйича тергов жараёнида мунтазам равишда қийноқлар қўлланилгани ҳақида Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилотининг яқинда чиқарилган ҳисоботида ҳам айтилади. Шунингдек, Амнести Интернешнл ташкилотининг Ўш қирғинидан бир йил ўтиб чиқарган ҳисоботида “июн воқеалари ортидан ҳибсхоналарда қирғиз расмийлари томонидан қийноқлар амалга оширилганлигини кўрсатувчи салмоқли ва ишонарли материаллар мавжуд” экани қайд этилади.

Халқаро ташкилотга кўра, қийноқлар қўлланилиб, мажбурий иқрорномалар олиш натижасида “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш бўйича 27 та ҳамда узоқ муддатли қамоқ жазоси бўйича 6 та ҳукм чиқарилган” бўлиб, “бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганларнинг ҳаммаси ўзбеклардир”.

Қирғизистон ҳибсхоналарида систематик тарзда қийноқ қўлланаётганидан ташвиш билдирган халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар Қирғизистон расмийларини тезроқ бу хато амалиётга чек қўйиш ҳамда мамлакатга БМТ қийноқлар бўйича махсус маърузачиси келишига имкон яратишга чақирган эдилар.
XS
SM
MD
LG