Линклар

logo-print

Тошкентда тележурналистлар жаримага тортилди


Ўзбекистонлик тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова

Ўзбекистонлик тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова

27 июн - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни Ўзбекистон президенти девони олдида ушланган Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова тушдан сўнг маъмурий жавобгарликка тортилди - Яккасарой туман суди очлик эълон қилиб чиққан икки журналистга жарима белгилади.

- Бизга энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баробарида жарима солишди. Энг кам ойлик иш ҳақи бизда 49 минг сўм. Бу рақамни 60 га кўпайтирдик, 2 миллион 940 минг сўм чиқди. Демак, 10 кун ичида аппеляцияга беришимиз мумкинлигини айтишди. Эътирозларимизни ҳисобга олишмади. Мен олдиндан ҳаммаси келишилган, деб ўйлайман. Гарчи кўрсатмаларни алдаб-авраб олган бўлса-да, бу қарор олдиндан келишилган, - деди журналист Саодат Омонова.

Журналистлар Яккасарой туман судидаги маҳкамада уларнинг ҳимоячилари иштирок этмаганлигини айтишар экан, эндиликда улар суд чиқарган нохолис қарор бўйича юқори инстанция судига аппеляция тартибида шикоят аризаси киритишларини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, 27 июн куни эрталаб Тошкентда президент девони олдига очлик эълон қилиш учун чиққан икки тележурналист Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова зум ўтмай Яккасарой туман ички ишлар бўлимига олиб кетилганди.

“Ёшлар” телеканалининг собиқ ходималари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова президент Ислом Каримов қабулига кириш учун 56 та жавобсиз хат ёзганларидан сўнг очлик эълон қилишга қарор қилгандилар.

Бу тадбирни президент девони қаршисида амалга оширишга қарор қилган икки журналист, Малоҳат Эшонқуловага кўра, ўз ниятига етолмаган.

- У ерда икки дақиқа ҳам тура олмадик. “Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич, бизни қабул қилинг”, “Биз очлик эълон қилдик” деган мазмунда рус ва ўзбек тилида плакатларимизни кўтариб турган эдик. Тўртта йигит: “юринглар, сизларни раҳбар чақираяпти” деб машинага ўтказиб, Яккасарой тумани ички ишлар бўлимига олиб келишди, тушунтириш хати ёзиб ўтирибмиз, - деди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман ички ишлар бўлими тележурналистларни нима сабабдан ушлаб тургани бўйича маълумот беришдан бош тортгани боис бу саволни ушлаб турилган журналистларнинг ўзига бердик:

- Улар: “хукуматни огоҳлантирмагансизлар, хат ёзмагансизлар, ноқонуний фаолият юритиб, намойиш ўтказаяпсизлар” дея эътироз билдирди. Биз: “Намойиш эмас, очлик эълон қилаяпмиз” десак, “шу ҳолат бўйича тушунтириш хати ёзиб беринглар” деди, - дея изоҳ берди Малоҳат Эшонқулова.

Тушдан сўнг эса икки тележурналистни Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туман судида судладилар.

Тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова шу йилнинг 2 майидан буён президент Ислом Каримов номига ҳар куни буюртма хат йўллашган. Мазкур хатларда икки журналист президентга ноҳақ ишдан бўшатилганлиги ҳамда “Ёшлар” телеканалидаги маҳаллийчилик, цензура ҳақида маълум қилганлар.

- Қонунчилигимизга асосан ҳар қандай шикоят аризасига бир ойнинг ичида жавоб берилиши керак эди. Лекин биз 56-хатни ҳам ёздик, хатни қабул қилишгани ҳақида қўлимизда қоғоз ҳам бор. Аммо у ёки бу маънода жавоб йўқ. Президентимиз қабулига кириш мақсадида очлик эълон қилдик. Биз президентимиз қабулига кирмагунимизча, очлик эълон қилганмиз. Шу очликни давом эттириш мақсадидамиз, - деганди аввалроқ Озодликка сўзлаган журналист Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йилнинг 6 декабрида Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказган эдилар. Шундан сўнг - 2010 йилнинг 9 декабр куни бу икки журналист ишдан ҳайдалган эди.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб, "Ёшлар" канали раҳбариятини судга берган.

Бир неча ой давом этган маҳкама 31 май куни Шайҳонтоҳур туманлараро суди ҳукми билан якун топди. Мазкур судда журналистлар даъвоси қондирилмади.

- Улар телевидение фойдасига ҳал қилди. Телевидение раҳбари бизни ишдан бўшатиб тўғри қарор қабул қилганини маълум қилишди, - деди Саодат Омонова.

Айни пайтда мазкур суд ҳукми бўйича ҳам журналистлар Тошкент шаҳар судига аппеляция тартибида шикоят аризасини топширишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG