Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Россия парламентига Страсбург суди қарорларини бекор қилувчи қонун лойиҳаси киритилди


Россия Европа суди қарорларидан чарчаган кўринади.
Россия Европа суди қарорларидан чарчаган кўринади.

Россия парламентининг Қуйи палатасига Федерация Кенгаши спикери вазифасини вақтинчалик бажараётган Александр Торшин киритган бу ҳужжат душанба куни парламент қўмиталари муҳокамасидан ўтиб, сешанба куни Думанинг Қуйи палатасида биринчи муҳокамага қўйилиши мумкин.


Россия Давлат Думасининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси муовини Александр Москалецнинг Озодликка айтишича, лойиҳада Россия Конституциявий суди қарорларининг Европа суди қарорларидан устунлиги таъминланиши кўзда тутилган.

- Душанба 27 июн куни қонун лойиҳасини биринчи ўқишга тайёрлаш бўйича қўмита мажлиси бўлиб ўтади. Қўмитанинг дастлабки қарори – қонун лойиҳасини Давлат Думасига тавсия қилиш ва биринчи ўқишдаёқ қабул қилиш. Парламент қарори парламент сессияси якунига қадар, яъни 6 июлгача қабул қилиниши мумкин,- деди Александр Москалец.

“Россия Федерацияси айрим қонунчилик актларига ўзгартириш киритиш тўғрисида” деб номланган қонун лойиҳасининг Дума муҳокамасига киритилиши ташаббускори Александр Торшин ўзининг шахсий сайтида бу лойиҳа “Европа суди қарорлари Россия Федерацияси ички сиёсатига босим ўтказиш инструментига айланмаслигини таъминлашга қаратилган”лигини таъқидлаган.

Александр Торшин “Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судини (ИҲЕС) Исо Масиҳ бошқаришга тушгандагина” ўз ташаббусини қайтариб олишини маълум қилди.

Мутахассислар Федерация Кенгаши спикери вазифасини вақтинчалик бажарувчи Трошиннинг фикрлари бундан роппа-роса бир ой олдин матбуот анжуманида сўзга чиққан Дмитрий Медведевнинг сўзлари билан ҳамоҳанглигига жамоатчилик эътиборини қаратмоқдалар. Шу йилнинг май ойида оммавий ахборот воситалари олдида чиқиш қилган Россия президенти Европа судини ўз қарорларини чиқаришда ноҳолислик ва Россиянинг ички қонунчилигига босим ўтказаётганликда айблаган эди.

- Суднинг қарорлари ҳолис қабул қилинмаётгандек, айрим ҳолларда эса сиёсий мотивларга асослангандек туюлмоқда. Бу ҳақда кўплаб сиёсий етакчиларимиз гапирмоқда. Лекин бу “биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди аъзолигидан чиқиб кетдик ва унда иштирок этишдан бош тортдик”, дегани эмас,- деган эди Дмитрий Медведев.

Страсбург суди расмийлари киритилган қонун лойиҳаси Россия Думаси муҳокамасидан ўтиб расмий ҳужжат мақомига киритилмагунига қадар изоҳ бермасликлари, аммо бу масалани хавотир билан кузатиб турганликларини баён қилди.

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкинага кўра, агарда Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини тан олмаса, Европа Кенгаши ташкилотидан чиқариб юборилиши мумкин.

Сиёсий тадқиқотлар интситути директори, Россия Давлат думаси депутати Сергей Марков мазкур қонун лойиҳаси ҳимоячиларидан биридир. “Россия ташқи босимдан ўзини-ўзи ҳимоя қилиши керак”,- дейди Сергей Марков Озодлик билан суҳбатда.

- Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияга нисбатан адолатли эмас. Бирор бир масала юзасидан бошқа мамлакатларни қораламаган вазиятларда Россияни қораламоқда. Масалан, ИҲЕС Саакашвилини қораламади, деморатия қоидаларига зид сиёсат юргизаётган ва инсон ҳуқуқлари топталаётган Латвия ва Эстонияни қораламади,- дейди Россия Давлат думаси депутати Сергей Марков.

Ҳимояни таъминлаш бўйича халқаро марказ адвокати Карина Москаленко қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритилиши Михаил Ходорковский иши билан боғлиқлигини тахмин қилди. У Ходорковский иши юзасидан қабул қилинган маҳаллий судлар қарорлари Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Суди томонидан бекор қилиниши мумкинлиги Россия ҳукумат доираларини хавотирга солган, деди.

"Мемориал" ҳуқуқ ҳимояси маркази раҳбари Олег Орлов Россия ҳукуматининг бу ташаббуси Россия Конституциясига зид эканлигини айтади. Озодлик билан суҳбатда Орлов парламентнинг бу лойиҳасини “сиёсий шантаж”, деб атади.

- Хуллас, бу “Россия масаласида қарор чиқаришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринглар, жаноблар! Россия эшикни қарсиллатиб ёпиб кетиши мумкин”, дегани. Россиядан мана шунақа ишора келмоқда,- дейди ҳуқуқ фаоли Олег Орлов.

Орлов Россия Конституциясида халқаро ҳуқуқ нормалари миллий ҳуқуқ қонунчилигидан устунлиги кўрсатилганини кўшимча қилди.

Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига топширилган шикоят аризалари бўйича биринчиликни эгаллаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG