Линклар

logo-print

Роза Ўтунбаева президент бўлганига бир йил тўлди


Ўтунбаева ўз ҳукумати Ўш қирғинини вақтида тўхтата олмаганини тан олди.

Ўтунбаева ўз ҳукумати Ўш қирғинини вақтида тўхтата олмаганини тан олди.


Роза Ўтунбаева Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаганига 27 июн куни бир йил тўлди. Собиқ Ташқи ишлар вазири, дипломат ва узоқ йиллар мухолифат аъзоси бўлган Ўтунбаева бир йил давомида мамлакат тарихидаги мураккаб даврда ҳукуматга раҳбарлик қилди.

Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев 2010 йил апрелидаги халқ исёни натижасида ҳокимиятдан ағдарилгач Роза Ўтунбаева ҳокимият тепасига келди.

80 киши нобуд бўлган, мингдан ортиқ одам яраланган апрел инқилобидан кейин 14 нафар мухолифат вакилидан шошилинч тарзда тузилган муваққат ҳукумат собиқ ташқи ишлар вазири, Қирғизистоннинг Вашингтон ва Лондондаги элчиси бўлиб ишлаган Роза Ўтунбаевани вқатинча ҳукумат раиси этиб сайлади.

Ўша пайтда Ўтунбаеванинг асосий вазифаси мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, қонун устуворлигини таъминлаш ва мамлакатнинг иқтисодий инқирозга юз тутишига йўл қўймасликдан иборат эди. Қирғизистондаги сиёсий партиялар янги ҳукуматдан ўрин эгаллаш учун аёвсиз кураш олиб бораётган шароитда бунинг уддасидан чиқиш қийин эди.

Муваққат ҳукумат аъзолари орасида ички кураш давом этаётган бир пайтда июн ойида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида этник низо рўй берди.

Беш кун давом этган қирғин пайтида 400 дан ортиқ одам, асосан ўзбеклар ўлдирилди ва минглаб одам яраланди. Зўравонликлар мамлакатдаги оғир иқтисодий вазиятни янада мураккаблаштирди.

Ўтунбаева ҳукумати Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларни дарҳол тўхтатиш бўйича тезкор чора кўра олмади. Бу факт Қирғизистон жунубидаги фожиа юзасидан текширув ўтказган Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро тергов гуруҳи ҳисоботида ҳам қайд қилинди.

Жорий йил март ойида Ўшда жамоатчилик вакиллари билан учрашган Ўтунбаеванинг ўзи ҳам буни тан олди.

- Ўтган йил биз, муваққат ҳукумат саъйи-ҳаракат қилди. Бироқ биз (10 – 11 июн кунги) ёвузликларни тўхтата олмадик. Чунки биз кучсиз эдик. Бизни кечиринг,- дея баёнот берди Ўтунбаева.

Қирғизистонда 2010 йил 27 июнда ўтказилган референдумда аксар фуқаролар Роза Ўтунбаеванинг мамлакат президенти лавозимини эгаллашини маъқуллади.

Қирғизистон жанубидаги воқеалардан кейин жабрланганлар ва уларнинг яқинлари учун адолатни қарор топтириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш катта муаммога айланди. Зўравонликлар келтириб чиқарганлик айби билан асосан ўзбеклар ҳибсга олинганига қарамай, Ўтунбаева ўз танқидчиларига хулоса чиқаришдан олдин, қўзғатилган минглаб жиноий иш охиригача етишини кутиш лозимлигини таъкидлади.

Ўтган йилги зўравонликлар ўчоғи бўлган Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзақматов яқинда Қирғизистондаги “De-Facto” газетасига берган интервюсида, агар Роза Ўтунбаева ва ҳукумати истеъфога чиқмаса, Ўшда яна зўравонликлар қайтарилиши мумкинлигини яна бир марта қайтарди.

Ўтунбаева ўтган йил августида Мирзақматовни лавозимидан четлаштиришга уринди. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган Ўтунбаевани кўпчилик заиф раҳбар, деб атади.

Ўтган бир йил давомида қатор экспертлар ва таҳлилчилар Роза Ўтунбаева етакчилигидаги ҳукумат тарқалиб кетишини башорат қилган эди. Бироқ бундай бўлмади.

Кўпчилик, ўтган йилги апрел инқилобидан кейин ҳукуматни тарқалиб кетмагани ва этник низодан сўнг мамлакат яхлитлиги сақланиб қолгани Роза Ўтунбаеванинг энг катта ютуғи деган фикрда.

Ўтунбаева мамлакат конституциясини ўзгартириб, Қирғизистонни парламент республикасига айлантиргани у эришган яна бир катта ютуқ, дея бахоланмоқда.

Айрим кузатувчилар Роза Ўтунбаеванинг энг катта ютуғи олдинда, демоқдалар. Ўтунбаева куз фаслида ўтказиладиган президентлик сайловида иштирок этмаслик ва Марказий Осиёда биринчи бўлиб кўнгилли равишда истеъфога чиқишни ваъда қилган.

Шу ой бошида Вена шаҳрига ташрифи чоғида ҳам Ўтунбаева ваъдасини яна бир марта қайтарди.

- Ноябр ойигача биз президентлик сайлови ўтказамиз. Мен президентликдан истеъфога чиқишим керак. Бу гал мен “ҳайр” деб ҳокимиятни тарк этиш мумкинлигини дунёга кўрсатмоқчиман. Ҳокимиятдан кетиш мумкин. Марказий Осиёда шундай қилиш мумкин ва бу муҳимдир,- дея баён қилди Роза Ўтунбаева.

Бироқ яқинлашиб келаётган сайловлар Ўтунбаева олдида турган яна бир жиддий синов экани айтилмоқда. Боиси айрим сиёсатчилар шимол ва жануб картасини ўйнашга ҳаракат қилиб, ўтган йилги фожиали воқеалар учун Ўтунбаева ҳукуматини айбламоқда.

Қирғизистонда президентлик сайлови ўтказилишига олти ой қолганида Марказий Осиёдаги биринчи аёл президент олдида қатор муаммолар турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG