Линклар

logo-print

Ўринбой Усмоновдан Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига аъзолик айблови олиб ташланганини адвокат Файзинисо Воҳидова маълум қилди.


- Сўнгги бир ҳафта мобайнида олиб борилган тергов чоғида журналист Ўринбой Усмоновнинг Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолигини тасдиқловчи бирорта ҳам далил топилмади, яъни Усмоновнинг бу ташкилотга ҳеч қачон аъзо ҳам бўлиб кирмагани исботланди. Шуни назарга олган ҳолда, Усмоновга нисбатан аввал эълон қилинган Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айби олиб ташланди, деб тўла ишонч билан айта оламиз,- деди адвокат Файзинисо Воҳидова.

Шунга қарамай, Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов мазкур партия фаолияти ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилмаганлик айби билан Хўжанд ҳибсхонасида қолмоқда.

- Гап шундаки, Усмонов сўнгги бир йил давомида бу ташкилотнинг аъзолари билан касбий фаолияти боис учрашган. Улардан бир нечта адабиётлар ҳам олган. Албатта, Тожикистоннинг Матбуот тўғрисидаги қонунига кўра, журналист ўз манбасини ошкор қилмасликка ҳақли. Лекин, расмийлар иддаосича, Усмонов журналист сифатида эмас, балки фуқаро сифатида бу ташкилот аъзолари ва уларнинг фаолияти ҳақида ҳуқуқ идораларига маълумот бериши зарур эди. Аммо у бундай қилмади. Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот идоралари Усмоновнинг бу ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, уни бу гуруҳ фаолиятини қўллаб-қувватлаганликда айбламоқда. Тергов айнан шу фактлар атрофида давом этмоқда,- деди Файзинисо Воҳидова.

Авдокат Файзинисо Воҳидова ўз ҳимоясидаги Ўринбой Усмоновнинг Тожикистондаги жорий қонунлар асосида оқланишига ишонади.
Бироқ, адвокатнинг айтишича, Тожикистонда амалда бўлган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, журналист ўз манбасини ошкор қилмаслик ҳуқуқига эга. Бу эса, адвокат Воҳидованинг урғулашича, Ўринбой Усмоновнинг айбсизлигини исботлайди.

Айни пайтда Би-би-си ҳам ўз мухбири журналистик бурчинигина адо этганини қайд этиб, Тожикистон расмийларидан Ўринбой Усмоновни зудлик билан озод этишни талаб қилаяпти.

Сўғдлик журналистни озод қилиш талабига Ғарбдаги қатор давлатлар ҳамда халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва медиа-ташкилотлар ҳам қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Олий суди 2000 йилда Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган ва республика ҳудудида бу ташкилот фаолияти таъқиқланган.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов 13 июн куни Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айби билан Хўжандда маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Журналист Усмонов шу кунгача ўзига қўйилган айбловлар асоссиз эканини таъкидлаб келмоқда.

Шу йилнинг 20 ва 22 июн кунлари Би-би-си ходимлари ўзларининг сўғдлик ҳамкасблари ҳимояси учун намойишлар ўтказдилар.

Айни пайтда АҚШ ва Ғарбдаги ўнлаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларида жиддий хавотир уйғотган ва шу кунда дунё матбуоти бош мавзусига айланган Ўринбой Усмоновнинг тақдири юзасидан тожикистонлик мулозимлар бирор-бир муносабат билдирганларича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG